5. Меҳнат унумдорлигини ошириш омиллари.
Меҳнат унумдорлигиниошириш айрим корхона ва жамоалар учун катта аҳамиятга эга бўлиб, унинг даражасига таъсир этадиган барча омиллар ва заҳираларини кўпайтиришни тақозо этади.
Умуман, омиллар деганда – бирон-бир жараён ёки ҳодисага таъсир этувчи кучлар, сабаблар, ташқи вазиятлар тушунилади. Меҳнат унумдорлиги омиллари - маҳсулот, иш ёки хизматлар бирлигини ишлаб чиқаришда ёлланма меҳнат сарфи миқдорининг ўзгаришига таъсир этувчи сабаблар, ҳаракатлантирувчи кучлар.
Меҳнат унумдорлигига таъсир этишнинг турли усулларини таснифлаш ва уларни гуруҳларга ажратишнинг аҳамияти шундаки, бу меҳнат унумдорлиги моҳиятини чуқурроқ англаш ва ошириш йўлларини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб аниқлаш имконини беради. Бундай таснифнинг амалий аҳамияти шундаки, унинг ёрдамида у ёки бу омилларнинг натижасига таъсир даражасини яхшироқ ҳисобга олиш мумкин бўлади, яъни улардан бири меҳнат унумдорлигининг ўсишига барқарорроқ таъсир кўрсатса, бошқалари бу маънода ўткинчи аҳамиятга эга.
Омилларни таснифлашга турлича ёндашувлар уларнинг турли йиғиндиларини фарқлашга олиб келиши мумкин. Аммо бундай гуруҳлар орасида у ёки бу ишлаб чиқариш омилларининг шаклланиши ва ривожланиши асосий сифат нуқтаи назаридан қабул қилиш ўринли бўлади. Бундай омилларга маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ижтимоий-сиёсий шарт-шароитларини белгилайдиган гуруҳини киритиш мумкин. Уларнинг таъсири тегишли хўжалик механизмлари, ижтимоий муносабатлар (институтлар) орқали амалга оширилади. Омилларнинг бошқа муҳим гуруҳига меҳнатга ҳақ тўлаш, макроиқтисодий мутаносибликлар, инсон капитали, техника ва технологиялар билан боғлиқ бўлганлари, шунингдек, ижтимоий омиллар киритилади.
Рақобат – унумдорликни оширишнинг ҳамда иқтисодий ўсишни таъминлашнинг ҳаракатлантирувчи кучидир, чунки ҳар бир корхона сотув ва таъминот бозорида ўз мавқеини яхшилашга ҳаракат қилади. Иккинчи томондан, қудратли унумдорлик рақобатни оширади, иқтисодий ўсиш эса уни кучайтиради. Нафақат корхоналар, балки миллий иқтисодиётлар ҳам ўзаро рақобатлашади. Иқтисодий назарияга кўра, корхона ва миллий иқтисодиётлар рақобатнинг тенг шароитларида бўлиб, бир-бирига қарама-қарши туради, бу алоҳида олинган миллий иқтисодиёт ва аниқ корхоналар ўртасидаги реал ҳаётда сезиларли фарқланади. Масалан, табиий ресурслар, иқтисодий ва ижтимоий инфратузилма, ишчи кучи кўлами ва сифат тузилмаси умуман тенг эмас.
Бунинг устига, корхоналар билан миллий иқтисодиётлар кўламлари ўртасидаги фарқларга кейинги йилларга қадар рақобат шартларининг тенгсизлик кўрсаткичи сифатида қараб келинган. Албатта, йирик корхоналар таъминот ва сотув бозорида мутлақ бошқа ишчи кучини қамраб олишга қодир. Иқтисодиётни ривожлантиришда ҳам худди шундай, ўзларининг йирик ички бозорлари ва ташқи бозорлардаги кучли мавқелари билан кўлами кичикроқ иқтисодий кучга эга корхоналарга қараганда рақиблар тазйиғига муваффақиятлироқ қаршилик кўрсатишга қодир бўлади.
Меҳнат унумдорлигини оширишга таъсир этиш даражаси ва ҳусусиятига қараб, омилларни қуйидаги учта гуруҳга: моддий-техник, ташкилий-иқтисодий ва ижтимоий-руҳий гуруҳларга бирлаштириш мумкин.
Моддий-техник омиллар – янги техника, илғор технология, хомашё ва материалларнинг янги турларидан фойдаланиш билан боғланган.
Ишлаб чиқаришни такомиллаштириш вазифаларини ҳал этишга:
- ускуналарни замонавийлаштириш;
- маънавий эскирган ускуналарни янги, унумлироқ ускуналар билан алмаштириш;
- ишлаб чиқаришни механизациялаш даражасини ошириш: қўлда бажариладиган ишларни механизациялаш, кичик механизация воситаларини жорий этиш, участка ва цехлардаги ишларни ялпи механизациялаш;
- ишлаб чиқаришни автоматлаштириш: автомат-дастгоҳларни, автоматлаштирилган ускуналарни ўрнатиш, автоматлаштирилганлиниялардан ва ишлаб чиқариш тизимларидан фойдаланиш;
- янги, илғор технологияларни жорий этиш;
- хомашёнинг янги турларидан, прогрессив материаллардан фойдаланиш йўли билан ва бошқа чоралар орқали эришилади.
Янги техника ва технологиялардан, ишлаб чиқариш бино ва иншоотлари, ускуна ва асбоблар, хомашё ва энергиянинг ҳар хил турларидан фойдаланиш маҳсулот бирлигига жонли меҳнат сарфини камайтириш билан бириктирилган тақдирдагина меҳнат унумдорлигини оширишга қодир бўлади. Бу ҳолатда жонли меҳнатнинг шу ёки камроқ даражаси берилган ишлаб чиқариш чегарасида кўпроқ миқдорда истеъмол қийматларини ишлаб чиқара олади. Аммо, бунда маҳсулот бирлигига жонли меҳнат жамғармаси жорий этилаётган янги техника, технология сарфларидан кўпроқ бўлиши керак.
Муайян ҳолатда янги техникага сарфлар деганда, капиталнинг рента баҳоси тушунилади. Капиталнинг рента баҳоси – капитал хизматларидан фойдаланиш қиймати. Назарий жиҳатдан у техника ижараси учун (ёки уни сотиб олиш ссудасига) фоизлар тўлаш ва амортизация суммасини ўз ичига олади. Аммо, бизнинг амалиётда лизинг ҳам тарқалган, банк кредитидан қиммат бўлганлиги учун ҳам фойдаланилади, шунинг учун ҳам амалиётда капиталнинг рента баҳоси амортизация суммасидан иборат бўлади.
Демак, янги техникани жорий қилиш шартига кўра янги техника амортизациясининг суммаси маҳсулот бирлигига бевосита жонли меҳнат тежамининг пулдаги ифодасидан камроқ бўлиши керак. Акс ҳолда, тадбиркор янги техникани жорий этишдан тижорат фойдасини ололмайди, янги техникага ёлланма меҳнатга қиладиган сарфидан тежаб қолганидан кўра кўпроқ сарфлашга тўғри келади. Бунда маҳсулот бирлигига жонли меҳнат ҳиссаси, табиийки, моддийлашган фойдасига камаяди.
Do'stlaringiz bilan baham: |