Иқтисодий соҳага нисбатан турлича ёндашувлар мавжуд. У тор маънода «турли предмет ва хизмат турларини ишлаб чиқариш, тақсимлаш, алмаштириш ва истеъмол қилиш» деб тушунилади. Шу маънода айтиш мумкинки, «жамиятнинг иқтисодий соҳа»си тушунчаси «базис» тушунчасига мос келади. Кенг маънода эса иқтисодий соҳа деганда барча ижтимоий ишлаб чиқариш жараёни тушунилади: ишлаб чиқариш усули, ишлаб чиқариш кучлари ва ишлаб чиқариш муносабатларининг бирлиги, шунингдек иқтисодиётнинг ўзаро алоқадорлиги ва ўзаро таъсирлари йиғиндиси. Ўта кенг категориал маънода социумнинг иқтисодий соҳаси «табиат билан инсонлар ўртасида индивид ва кишилар гуруҳининг онгли фаолияти орқали ўзаро алоқаларини» акс эттиради.
Иқтисодий соҳа асосида инсоннинг ишлаб чиқариш ва меҳнат фаолияти ётади. Унинг зарурлиги инсоннинг эҳтиёжлари ҳайвоннинг эҳтиёжларидан тубдан фарқланиши билан белгиланади. Инсон ривожланиши билан табиатдан ажралади. Бу жараёнда эса, жамиятнинг иқтисодий соҳаси тараққиёти муҳим роль ўйнайди. «Хусусий мулк» тушунчаси иқтисодий тушунчаларнинг энг муҳимларидан ҳисобланади. Жамиятнинг иқтисодий соҳасида ишлаб чиқариш кучлари ва ишлаб чиқариш муносабатлари муҳим тузилмавий қисмлари ҳисобланади. Иқтисодий муносабатлар кишилар ўртасида ишлаб чиқариш, тақсимлаш, алмашиш ва неъматларни истеъмол қилиш жараёнларида шаклланадиган иқтисодий муносабатлардир. Ишлаб чиқариш кучларига моддий ишлаб чиқариш жараёни учун зарур бўлган «субъектив (инсон) ва моддий (техника ва меҳнат қуроллари) элементлар тизими киради».
Жамиятнинг сиёсий соҳаси (ёки содда қилиб айтганда - сиёсат) социум тузилмасининг асосий қисмларидан биридир. Кенг маънода «сиёсат» ва «сиёсий соҳа» тушунчалари бир-бирига мос келади. Тор маънода сиёсат деганда одамларнинг, сиёсий кучларнинг ҳокимиятга эгалик қилиши, уни сақлаб туриш, мустаҳкамлаш ва амалга оширишга қаратилган онгли хатти–ҳаракати тушунилади. Жамиятнинг ҳар бир аъзоси маълум бир даражада: давлатнинг фуқароси сифатида, сиёсий партия ёки ижтимоий-сиёсий ташкилотнинг аъзоси сифатида, меҳнат жамоаси ёки жамоатнинг аъзоси сифатида сиёсий соҳа билан боғлиқдир.
Турли манфаатларга эга бўлган ижтимоий гуруҳ ва жамоатларнинг шаклланиши ва фаолият кўрсатиши улар ўртасидаги сиёсий муносабатларнинг шаклланишида муҳим бир асосга айланади. Антик даврдан бери «сиёсийлик» сўзига таъриф беришга ҳаракат қилиб келинди. Масалан, Арасту барча соҳалар орасида сиёсатга қатъий равишда биринчиликни берган, жумладан, «агар барча билим ва санъатларнинг охирги мақсади яхшилик бўлса, унда барча билим ва санъатлар орасида энг олий яхшилик сиёсатнинг мақсадидир», деб баҳо берган эди.
Ҳозирги замондаги ижтимоий-фалсафий фикрларга биноан сиёсат «давлат ҳокимияти ва шу жамият ичидаги давлат (шу жумладан, миллий давлат) тузилмаси бўйича катта ижтимоий гуруҳлар ўртасидаги, шу жумладан, халқаро майдонда давлатлар ўртасидаги муносбаатлар» соҳаси сифатида тушунилади. Кенг маънода жамиятнинг сиёсий тизимига сиёсий фаолият, сиёсий режим, сиёсий назария ва бошқалар киради. Тор маънода эса сиёсий соҳа жамият сиёсий тизимининг синоними сифатида тушунилади.
Жамиятнинг сиёсий тизими социумнинг асосий қисми ҳисобланади. У бошқа тизимлар – иқтисодий, мафкуравий, ҳуқуқий, маънавий ва бошқа тизимлар билан ўзаро алоқадорликда ва таъсирда бўлади.
Жамият сиёсий тизимининг асоси, пойдевори давлатдир. Давлатнинг асосий вазифаси сиёсий ҳокимият ва сиёсий бошқаришни таъминлашдир. Давлатнинг асосий белгилари сифатида қуйидагиларни кўрсатиш мумкин: а) бошқа социумлар устидан ошкорона ҳукмронлик; б) суверенитет – маълум ҳудудлардаги тўлиқ ҳукмронлик; в) ҳукмронлик ваколатлари амал қиладиган ҳудуднинг ўзи (ундан давлатни мамлакат деб тушуниш келиб чиқади); г) ҳуқуқий ҳужжатларни чоп этиш ва уларнинг бажарилишини талаб қилишга бўлган мутлақ ҳуқуқ; д) солиқлар ва йиғимлар ундириш ҳуқуқи (давлат аппаратини таъминлаш ва бошқалар учун).
Этимологик нуқтаи назардан «ижтимоий» деган сўз «жамият» атамаси билан синонимдир. У кенг маънода «жамиятнинг ижтимоий соҳаси»ни белгилайди. Шу жиҳатдан жамиятнинг ҳамма соҳалар – иқтисодий, сиёсий, маънавий соҳалари ижтимоий соҳалар дейилади. Бироқ шу билан бирга жамиятнинг алоҳида ижтимоий соҳаси бўлиб, у – ҳар хил ижтимоий гуруҳлар, турли даражада уюшган элатлар (ижтимоий қатлам, стратегия, этнослар, ижтимоий демокрафик гуруҳлар, алоҳида жамоалар ва бошқалар) ўртасидаги муносабатларни ифодалайди. Ижтимоий муносабатларнинг хусусиятлари шундаки, улар жамиятнинг ҳамма соҳаларига кириб борган. Уларни фақат иқтисодий, сиёсий ёки маънавий муносабатлар, деб ажратиш мумкин эмас.
Шуни айтиш мумкинки, ижтимоий соҳанинг асосини индивиднинг ижтимоийлашуви ташкил қилади, яъни бунга унинг меъёрлар, қадриятлар, намунали хулқ кўрсатмаларини бажариши киради. Агар иқтисодий ва маънавий соҳаларда индивид моддий ва маънавий бойликларни ишлаб чиқарувчи ва эҳтиёжларни таъминловчи бўлса, сиёсий соҳада сиёсатнинг объекти ва субъекти бўлса, ижтимоий соҳада эса ижтимоий индивиддир, яъни у социумнинг (жамиятнинг) аъзосидир. Индивид социумга турли гуруҳ ва бирлашмалар орқали аъзо бўлгани учун турли гуруҳ ва бирлашмаларнинг фаолияти ижтимоий соҳанинг асосий мазмунини ташкил қилади. Ижтимоий бирлашмалар ва гуруҳлар жамиятнинг ижтимоий тузилишини (структурасини) ташкил қилади.
Ижтимоий структура ўз табиатига кўра объектив хусусиятга эга бўлиб, у қонун чиқарувчининг қарорлари бўйича таъсис этилиши ёки бекор қилиниши мумкин эмас. Жамиятнинг ижтимоий структураси ундаги гуруҳларнинг ўзаро алоқадорлиги ва ўзаро таъсирини ҳам ўз ичига олади.
Жамият структурасининг қуйидаги турларини ажратиш мумкин: демокрафик, этник, ижтимоий-синфий, жойлашишига кўра ҳудудий, касбий-маърифий, конфессионал тузилиш ва бошқалар.
Ҳар бир индивид ёшлиги ёки кексалиги, шаҳарли ёки қишлоқдан эканлиги, қайси этнос, конфессия вакили, синф, касби ва бошқа хусусиятлари бўйича турли хил тузилмага киради. Жамиятнинг демографик структурасида аҳолининг таркибини жинси, ёши, меҳнатга яроқлилиги, аҳолининг зичлиги ва умумий сони, ўсиш даражаси, миграциянинг характери, соғлиғининг ҳолати акс этади.
Полиэтник (кўпмиллатли) ва поликонфессиявий жамият учун этник ва конфессиявий структура долзарбдир. Биринчи ҳолатда ижтимоий бирлик, яъни қабила, миллат, халқ (умуман -этнос) тўғрисида гап кетса, иккинчисида эса конфессиявий (диний) бирлашмалар устида гап боради. Агар жамиятнинг этник тузилмасида этник бирликларнинг ривожланган шакли – миллатлар мавжуд бўлса, у кўпмиллатли бўлади. Европа, Америка ва Осиёдаги кўплаб мамлакатлар шулар жумласига киради. Агар этник структурасида қабилалар бўлса, ундай жамият полиэтник бўлади. Африка, Океания ва Осиёнинг қатор мамлакатларидаги жамиятлар шулар жумласидандир.
Жамиятнинг ижтимоий-синфий структурасига келсак, у синфлар, қатламлар, табақалар, стратлардан иборатдир. Синфлар деганда одамларнинг катта гуруҳлари тушунилади, улар қуйидаги сифатлари билан фарқ қилади: а) ижтимоий ишлаб чиқариш тизимидаги маълум ўрни; б) ишлаб чиқариш воситаларига муносабати; в) меҳнат тақсимоти тизимидаги роли; г) фойда олиш усули; д) ижтимоий бойликдаги улуши билан. Лекин бир қатор гуруҳлар ҳам борки, улар синфларга хос хусусиятларга эга эмас (зиёлилар, бюрократия, люмпенлар ва бошқалар), шунга қарамай улар барибир ижтимоий структуранинг элементи ҳисобланадилар.
Ҳозирги замон жамият фалсафасида ижтимоий структурани ўрганишда страктификациявий ёндашув мавжуд. Унинг асосчиларидан бири П.А.Сорокиннинг ёзишича: «Ижтимоий стратификация – бу иерархия даражасига қараб дифференция қилинган одамлар (аҳоли)нинг бир гуруҳларидир. Унинг асоси ва моҳияти ҳуқуқ ва имтиёзларнинг, жавобгарлик ва вазифаларнинг номутаносиб тақсимланганлиги, ижтимоий қадриятларнинг мавжудлиги ёки йўқлиги, у ёки бу ҳамжамиятга кирувчи гуруҳларни ҳокимияти ва аъзолар ўртасидаги таъсирини бор-йўқлигидан иборат».
Ҳудудий-яшаш структураси «одамларнинг яшаш ҳудудларига, айни бир ёки турлича яшаш жойларига мансублиги билан боғлиқ ҳолдаги ўзаро муносабатларини» ифодалайди. Структуранинг бу тури тарихда яхлит, аграр, қишлоқ жамияти ўзидан шаҳарларни ажратиб чиқарган даврда пайдо бўлган. Бу асосан машғулотларнинг янги турлари: ҳунармандчилик, савдогарлик, кейинчалик – интеллектуал меҳнат пайдо бўлган даврга тўғри келади. Шаҳарлар фақат савдо-ҳунармандчилик эмас, мудофаа, маъмурий-сиёсий, маданий марказлар сифатида ҳам пайдо бўлди.
Ҳозирги замон жамияти учун касбий-маърифий структуранинг аҳамияти каттадир. Социум қанчалик даражада ривожланган бўлса, бу структура шунчалик мураккаб ва сертармоқ бўлади. Бу тузилма ижтимоий меҳнатнинг чорвачилик ва деҳқончилик, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ, қишлоқ хўжалиги, ақлий ва жисмоний меҳнатга бўлингач пайдо бўлди. Баъзи касб-ҳунарлар вақт ўтиши билан эскириб, керак бўлмай қолади ва уларнинг ўрнига улардан ҳам кўпроқ касблар пайдо бўлади. Масалан, фақат биргина ХХ аср давомида деярли ҳамма извошчилар йўқ бўлиб, учувчи ва космонавтлар пайдо бўлдилар. Уй швейцарлари йўқ бўлиб, кўпсонли «секьюрити»лар пайдо бўлдилар. Кўпсонли кўчириб ёзувчилар ўрнига компьютерларда ишловчи котиблар пайдо бўлди.
Do'stlaringiz bilan baham: |