Миллий стандартлаштириш - бу муайян бир мамлакат доирасида ўтказиладиган стандартлаштириш фаолиятидир.
Стандартлаштириш ҳар хил фаолият турлари ва унинг натижаларига даҳлдор қоидалар, умумий қонун-қоидалар ёки тавсифларни ўзида қамраб олган меъёрий ҳужжат ҳисобланади.
“Меъёрий ҳужжат” атамаси стандартлар, техникавий шартлар, шунингдек, умумий кўрсатмалар, йўриқномалар ва қоидалар тушунчасини ҳам ўз ичига қамраб олади.
Стандартлаштириш мақсадлари кўп қиррали бўлиб, улар асосан қуйидагилардан иборат: бирхиллаштириш (ҳар хилликни бошқариш), бир турга келтириш, мослашувчанлик, ўзароалмашувчанлик, соғлиқни сақлаш, хавфсизликни таъминлаш, ташқи-муҳитни асраш, маҳсулотни ҳимоялаш, савдодаги иқтисодий кўрсаткичларни яхшилаш ва бошқалар. Тўғри ёндошилган стандартлаштириш борасида бир мақсаднинг амалга ошишида бир вақтда бошқа мақсадларнинг ҳам амалга ошиши мумкин.
Стандартлаштиришда маҳсулотнинг вазифасига мувофиқлиги деганда белгиланган шароитларда муайян вазифаларини буюм, жараён ёки хизматлар томонидан бажариш қобилияти тушунилади.
Мослашувчанлик эса, маълум шароитларда белгиланган талабларни бажариш учун номақбул таъсир кўрсатмасдан маҳсулот, жараён ёки хизматларни биргаликда қўлланишига яроқлилиги деб тушунилади.
Ўзароалмашувчанлик - бир хил талабларни бажариш мақсадида бир буюм, жараён, хизматдан фойдаланиш ўрнига бошқа бир буюм, жараён, хизматнинг яроқлилигидир.
Ҳархилликни бошқариш (унификациялаш ёки бирхиллаштириш) деб, муайян эҳтиёжини қондириш учун зарур бўлган энг мақбул ўлчамларни ёки маҳсулот, жараён ва хизмат турларини танлашга айтилади.
6.4. Ўзбекистон Республикасида “Стандартлаштириш хизмати”
Республика стандартлаштириш бўйича ишларнинг ташкил этилишини, мувофиқлаштирилишини ва ишларнинг мақбул даражада олиб борилишини қуйидаги идоралар таъминлайдилар:
тармоқлараро йўналишга белгиланган маҳсулот бўйича - “Ўзстандарт” агентлиги;
қурилиш ва қурилиш саноати, лойиҳалаш ва конструкциялаш бўйича - Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси;
табиий ресурслардан фойдаланишни йўлга қўйиш, атроф-муҳитни ифлосланишдан ва бошқа зарарли таъсирлардан муҳофаза қилиш соҳаси бўйича - Ўзбекистон Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси;
тиббиёт йўналишидаги маҳсулотлар, тиббий техника буюмлари, доривор моддалар ва республика саноати ишлаб чиқарадиган маҳсулот таркибида инсон учун зарарли моддалар миқдорини тартибга солиш соҳасида - Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Ўзбекистон Республикасида стандартлаштириш бўйича ишларни вазирликлар, техникавий қўмиталар, корхоналар, бирлашмалар ва бошқа манфаатдор ташкилотларнинг истиқболли режалари асосида тузилган йиллик режа бўйича “Ўзстандарт” агентлиги амалга оширади.
Республика стандартлаштириш режасига биринчи навбатда миллий стандартлар талаблари билан уйғунлаштиришни, кишиларнинг ҳаёти ва соғлиги учун хавфсизликни, атроф-муҳитни муҳофаза қилишини, истеъмолчилар ҳуқуқининг ҳимоя қилиниши, миллий ижтимоий-иқтисодий ва миллий техникавий дастурларнинг амалга оширилишини таъминлайдиган миллий стандартларни ишлаб чиқиш киритилади.
Ўзстандарт агентлиги, Давархитектқурилиш қўмитаси, Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги (бириктирилган соҳалар бўйича) республика стандартларини кўриб чиқадилар, тасдиқлайдилар, уларнинг қўлланиш муддатини чўзадилар ва бекор қиладилар ҳамда унга ўзгартиришлар киритадилар.
Республикада ишлаб чиқилган стандартлар ва уларга ўзгартишлар тасдиқланиши даражасидан қатъий назар Ўзстандарт давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва шаҳарларда стандартлаш-тириш бўйича ишларни ташкил қилиш, мувофиқлаштириш ва унинг муқобил даражасини таъминлаш ишларини Ўзстандарт, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли ҳудудий идоралари ва бошқармалари амалга оширади.
Саноат ва қишлоқ хўжалиги тармоқларида стандартлаштириш бўйича ишларни ташкил қилиш ва уларни мувофиқлаштириш учун зарурият бўлган ҳолларда, вазирликлар, идоралар, уюшмалар, концернлар ва бошқа хўжалик тузилмаларида бўлинмалар (хизматлар) ва (ёки) фан-техниканинг тегишли соҳаларидаги юқори илмий-техникавий имкониятларга эга бўлган ташкилотларда стандартлаштириш бўйича таянч ташкилотлари тузилади.
Такрорлаш учун саволлар.
Ўз касбингиз доирасидаги стандартлаштиришни қандай изоҳлай оласиз?
Стандартлаштиришнинг ўз олдига қўйган мақсад ва вазифалари қандай?
Миллий ва минтақавий стандартлаштириш нима?
Ўзароалмашувчанлик деганда нимани тушунасиз?
Меъёрий ҳужжат атамасига таъриф келтиринг.
Do'stlaringiz bilan baham: |