3. 1917-1920 йиллар сиёсий-тарихий географиясига тавсиф. XIX асрнинг иккинчи ярми-XX аср бошларида Туркистонда иқтисодий ҳаёт
1917 йил 25 октябрда большевиклар Петроградда Муваққат ҳукуматни ағдариб ташлаб, ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллашди. Россиянинг марказида рўй берган бу воқеаларнинг таъсири орадан кўп вақт ўтмай Туркистонга ҳам етиб келди.
28 октябрда Тошкентнинг янги шаҳар қисмида европалик ишчилар ва ҳарбийлар большевикларнинг қўллаб-қувватлаши билан қуролли тўқнашувларни бошлаб юборишди. 1 ноябрда эса улар Муваққат ҳукуматнинг Туркистон Қўмитасини қамоққа олиб, Тошкентда шўролар ҳокимиятини ўрнатишди.
1917 йил 26 ноябрда Қўқон шаҳрида ўлка мусулмонларининг IV фавқулодда съезди иш бошлади. Унда ўлканинг барча минтақалари ва кўпгина жамоат ташкилотларидан 200 нафардан ортиқ вакил ҳозир бўлди. Кун тартибига ўлкани бошқариш шакли, Туркистон Марказий мусулмонлар советини қайта сайлаш, Туркистон таъсис мажлиси, милиция, молия ва бошқа масалалар қўйилди. 28 ноябрда ташкил топаётган мазкур давлатнинг номи “Туркистон Мухторияти” деб аталадиган бўлди. Ҳокимиятни эса Таъсис съезди чақирилгунга қадар Туркистон Муваққат Кенгаши ва Туркистон халқ (Миллий) Мажлиси қўлида бўлиши таъкидланди. Тошкентдаги совет ҳукумати Туркистон Мухториятини ўзи учун хавфли деб билди ва қандай бўлмасин уни йўқотишга тайёргарлик бошлади. Улар Қўқондаги воқеаларни диққат билан кузатиб, унинг ривожига ўз таъсирини ўтказишга уриндилар.
Лекин 1918 йил 18 февралда ”Уламо” жамияти ташаббуси билан Мухториятда тўнтариш юз берди. Мустафо Чўқай ўғли бошчилигидаги ҳукумат маҳкамаси ағдарилади ва ҳукумат Қўқон шаҳар милицияси бошлиғи Кичик Эргашга ўтади. 18 февралдан 19 февралга ўтар кечаси Тошкентдан ўлка ҳарбий комиссари Е.Перфильев бошчилигидаги замбараклар билан қуролланган қўшин етиб келди. Е.Перфильев шаҳарни уч тарафдан ўраб олиб, 19 февраль куни эрталаб Эргашга талабнома йўллайди. Эргаш унинг талабларини бажаришдан бош тортгач, Е.Перфильев Қўқон шаҳрини 12 замбаракдан ўққа тутди. Кундуз соат бирда бошланган ўқ ёмғири шомгача шаҳарни вайронага айлантирди. Аммо шунга қарамай, мухториятчилар таслим бўлмадилар. Ҳар бир бинони, ҳар бир дўконни, ҳар бир карвонсаройни мардларча ҳимоя қилдилар. Мухториятчилар шаҳарни қизил гвардиячилар, австро-венгер ҳарбий асирлари ва арман бирлашмалари (дашноқлар)дан ташкил топган совет қўшинлари ҳужумидан уч кун ҳимоя қилдилар. Аммо тинч йўл билан ҳокимиятни олишга ишонган Туркистон Мухторияти ўзини ҳимоя қилишга қодир эмас эди. Чунки улар яхши қуролланмаган бўлиб, уларнинг қуроли асосан таёқ, болта, кетмон ошпичоқдан иборат эди. Шу тариқа Туркистон Мухторияти тугатилди.
1918 йил 20 апрелда Тошкентда советларнинг V ўлка съезди иш бошлади. 1918 йил 30 апрелда съезд “Туркистон Совет Федератив Республикаси тўғрисида Низом” ни қабул қилди. Бу низомга кўра Туркистон ўлкасининг ҳудуди “Россия Совет Федерациясининг Туркистон Совет Республикаси” деб эълон қилинади. Унинг таркибига Туркистоннинг барча ҳудуди ўзининг географик чегараси билан киритилди. Хива билан Бухоро эса бундан мустасно эди. Туркистон республикаси мухторият тарзида бошқарилиб ўзининг барча фаолиятини РСФСР ҳукумати билан мувофиқлаштирар ва уни эътироф қилар эди. Россия билан ўзаро муносабатларини белгилаш учун съезд 5 кишидан иборат комиссияни сайлади6.
Съезд биринчи марта олий қонун чиқарувчи орган - Туркистон Республикаси Марказий Ижроия Қўмитасини (ТуркМИҚ) 36 кишидан иборат қилиб сайлади. МИҚ аъзоларидан 18 киши большевиклардан, 18 киши эсерлардан эди. Аъзолар орасида мазкур партияларга мансуб бўлган маҳаллий миллат вакилларидан - Ҳ.Иброҳимов, Д.Мирзабоев, А.Ш.Шарафутдинов, О.Юсупов, Қ.Отабоев ва бошқалар бор эди. Бироқ улар озчиликни ташкил этарди. МИҚ раиси қилиб П.А.Кобозев, иккинчи раис қилиб большевик А.Ф.Солькин сайланди. Туб аҳоли вакиллари бўлмаган кишилар МИҚ раҳбарлари қилиб сайланган эди.
Съездда Ф.И.Колесов бошчилигидаги 14 кишидан иборат халқ комиссарлари кенгаши ҳам (7 киши большевикдан ва 7 киши сўл эсерлардан) сайланди. Туркистон ҳукумати таркибига биринчи марта маҳаллий миллат вакиллари О.Турсунхўжаев, Х.Иброҳимов ва Ашурхўжаев ҳам сайланди. Съездда сайланган 14 халқ комиссарларидан ташқари яна 2 халқ комиссари - темир йўллар ҳамда почта ва телеграф комиссарлари сайланди. Шундай қилиб, Туркистон Республикаси ҳукуматининг аъзолари қилиб ҳаммаси бўлиб 16 киши сайланди, улардан фақат уч киши маҳаллий аҳоли вакиллари эди. Ҳолбуки, маҳаллий аҳоли ўлка аҳолисининг 95 фоизини ташкил этарди.
Шу тариқа, Москванинг кўрсатмаси билан Туркистонни совет мухтор республикаси деб эълон қилган советларнинг V ўлка съездига қадар бўлганидек, кўп миллионли маҳаллий аҳоли вакилларидан ўлкани бошқаришда иштирок этиши арзимас даражада қолаверди. Аввалгидек Туркистонни маҳаллий аҳоли вакиллари бўлмаган, большевиклар ва сўл эсерлар партияларига мансуб ишчилар, солдатлар, зиёлилардан чиққан тор доира вакиллари бошқаришни давом эттирди. Улар ўзлари хоҳлаган тарзда, Марказ манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ўлка халқлари тақдирини ҳал қила бошладилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |