5-мавзу: Ўзбекистонда демократик, фуқаролик жамияти асосларининг шаклланиши, амалга оширилган сиёсий ислоҳотлар
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари. Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш жараёнида кўплаб вазифалар белгиланган эди. Энг муҳим вазифалардан бири республикада давлат ҳокимиятининг вакиллик ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг янги шароитларга мос келадиган тизимини яратиш эди. Ҳозирги амалда бўлган маҳаллий вакиллик органлари халқ депутатлари Советлари негизида ташкил қилинган. Бироқ булар олдинги тизимдан демократик моҳияти билан тубдан фарқ қилади.
1992-йил 4-январда “Ўзбекистон Республикасининг маҳаллий ҳокимият идораларини қайта ташкил этиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Бу қонун мамлакатимизда маҳаллий ҳокимиятнинг икки мустақил органи – вакиллик ва ижро органлари тизимига бошчилик қиладиган ҳокимлик ва ҳокимлар лавозими жорий этилди. 1992-йилда илк бор Тошкент шаҳрида ва 12 та вилоятда, 163 та қишлоқ тумани ва 18 та шаҳар туманида ҳамда 120 та шаҳарда ҳокимлар тайинланди ва тасдиқланди, уларнинг аппарати — ҳокимиятлар тузилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ХХI боби “Маҳаллий давлат ҳокимияти асослари” деб номланиб, унда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тизими, вазифалари, тузилиш тартиби мустаҳкамланди. Конституцияга кўра, аввалги маҳаллий вакиллик органларининг номи Кенгашлар деб ўзгартирилди. Уларнинг самарали ишлашини таъминлаш учун вилоят, туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари вужудга келтирилди. Ўзбекистон Конституцияси қабул қилингунча маҳаллий вакиллик органларининг уч бўғинли тизими мавжуд бўлиб ҳисобланади, улар:
1) вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари (Советлари)
– юқори бўғин;
2) туман, шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари – ўрта бўғин;
3) қишлоқ, посёлка, овул халқ депутатлари Кенгашлари – қуйи бўғин.
Конституция маҳаллий вакиллик органларининг икки бўғинли тизимини мустаҳкамлади, яъни қуйи бўғин олиб ташланди. Улар ўрнига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тузиладиган бўлди. Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ маҳаллий давлат ҳокимияти, ҳокимият органлари икки мустақил органларга – вакиллик ва ижроия ҳокимиятига бўлинди. Маҳаллий вакиллик органларига – халқ депутатлари Кенгашлари киради. Улар ўз фаолиятини жамоавий (коллегиал) асосда олиб боради. Халқ депутатлари Кенгашлари ишининг асосий ташкилий-ҳуқуқий шакли сессия ҳисобланади. “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги қонунга кўра, вакиллик органларига 21 ёшга тўлган фуқаролар сайланади. Халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларига 60 тадан кўп бўлмаган, туман ва шаҳар Кенгашларига эса 30 тадан кўп бўлмаган депутатлар 5 йил муддатга сайланади.
Ижроия ҳокимиятига – ҳоким ва унинг ижроия аппарати киради. Ҳоким тегишли ҳудудда олий мансабдор шахс ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 101-моддасига кўра ҳокимларнинг ваколат муддати – 5 йил. Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қонунга мувофиқ тайинланади ҳамда лавозимидан озод этилади. Туман ва шаҳарларнинг ҳокимлари тегишли вилоят ҳокими томонидан тайинланади ва лавозимидан озод қилинади ҳамда тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланади. Шаҳарлардаги туманларнинг ҳокимлари тегишли шаҳар ҳокими томонидан тайинланади ва лавозимидан озод қилинади ҳамда халқ депутатлари шаҳар Кенгаши томонидан тасдиқланади. Туманларга бўйсунадиган шаҳарларнинг ҳокимлари туман ҳокими томонидан тайинланади ва лавозимидан озод қилинади ҳамда халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан тасдиқланади. Вакиллик органлари тузилмайдиган шаҳар таркибидаги туманларда ва туманга бўйсунувчи шаҳарларда ҳам ҳокимиятлар таъсис этилди, уларнинг аппарати – ҳокимият ташкил этилди. Вилоят ҳокимлари ва Тошкент шаҳар ҳокими Ўзбекистон Президентининг шу жойлардаги вакили ҳисобланади.
Маҳаллий давлат ҳокимият органлари суд ҳокимияти органлари, прокуратура, ички ишлар органлари, адлия сингари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ўзаро ҳамкорликда иш олиб боради.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари. Ўзбекистон Республикаси мустақил тараққиёт йўлига киргач, Ўзбекистонга хос ва мос фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вужудга келди. Хусусан, ҳозирда деярли жаҳоннинг барча мамлакатларида бу институт маҳаллий ўзини ўзи бошқариш деб аталса, Ўзбекистонда эса фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши деб аталади.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилингач, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш тизимининг ҳуқуқий замини мустаҳкамланди. Конституциянинг 105-моддасига кўра, “Шаҳарча, қишлоқ ва овулларда, шунингдек, улар таркибидаги маҳаллаларда ҳамда шаҳарлардаги маҳаллаларда фуқароларнинг йиғинлари ўзини ўзи бошқариш органлари бўлиб, улар икки ярим йил муддатга раисни (оқсоқолни) ва унинг маслаҳатчиларини сайлайди”. 1999-йил «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида», 2004-йилда эса “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари қабул қилинди. 2017-йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Шундай қилиб, фуқаролар йиғини маълум муддатда тўпланиб иш юритадиган ўзини ўзи бошқариш воситаси бўлса, раис, унинг маслаҳатчилари доимий фаолият кўрсатувчи тузилмадир.
Президентнинг 2017-йилдаги фармони асосида фуқаролар йиғинларининг уюшмаси сифатида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларига тегишинча Республика кенгаши, ҳудудий кенгашларга жамоатчилик асосида раислик қилиши белгиланди. Республика кенгашида ташкилий ишлар ва услубий масалалар бўйича раис ўринбосари, шунингдек, Республика кенгаши ҳамда ҳудудий кенгашларда ёшлар ишлари, диний-маърифий масалалар, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича раис ўринбосарлари лавозимлари жорий этилди. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида жамоатчилик асосида фаолият юритадиган фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари – ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчи лавозими жорий этилди.
Сайлов тизими. Ўзбекистонда демократик жамиятга хос сайлов тизими барпо этилишида халқаро ҳуқуқ андозалари ва талабларига, илғор чет ел тажрибасига мос сайлов қонунчилиги яратилиши муҳим аҳамият касб этди. Дастлаб сайлов тизимини йўлга қўйиш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида” ва “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида” (1991-йил 18-ноябр) қонун қабул қилинди. ХХ аср 90-йилларининг бошида сайловлар, сайлов ўтказиш тартиблари тўғрисида бир қатор қонунлар қабул қилинди. Жумладан, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги ва “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар шулар жумласидандир. Сайловлар Марказий сайлов комиссияси томонидан ташкил этилади, комиссия 1998-йилдан эътиборан мустақил муваққат орган сифатида фаолият бошлаган бўлса, 2014-йилдан эса доимий орган сифатида ташкил этилди. Марказий сайлов комиссияси ва унинг аъзолари ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслардан мустақил ҳолда амалга оширади.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларда 18 ёшга тўлган фуқароларнинг сайлаш ҳуқуқига эга эканлиги, Ўзбекистон Президенти сайлови, Олий Мажлис сайлови, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайлови умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилиши мустаҳкамлаб қўйилган. Ҳар бир фуқаро – сайловчи бир овозга ега. 35 ёшдан кам бўлмаган фуқаро Ўзбекистон Республикаси Президенти, 25 ёшга тўлганлар Олий Мажлисга, 21 ёшга тўлганлар вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига депутат етиб сайланиш ҳуқуқига ега. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига биноан мамлакат Президенти сайлови, Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишлича уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — декабр ойи 3-ўн кунлигининг 1-якшанбасида ўтказилади.
Ўзбекистонда кўппартиявийлик тизимининг юзага келиши. Кўппартиявийлик – жамият ҳаётида икки ёки ундан ортиқ партиянинг фаолият юритишидир. Бу ҳолат демократик йўлга кирган давлат ва жамиятларга хос ҳисобланиб, жамият тараққиёти фикрлар хилма-хиллигига асосланади. Жамиятда сиёсий партияларнинг эркин фаолият кўрсатиши демократик ҳуқуқий давлат барпо этишнинг асосий гаровидир.
Ҳозирги давр жаҳондаги демократиянинг асосий мезонларидан бири сайловларнинг кўппартиявийлик асосида ўтказилишидир. Мустақиллик даврида ташкил топган илк сиёсий партия бу – Ўзбекистон Халқ демократик партиясидир. Партияга 1991-йилнинг ноябрида асос солинди. Унинг мақсади ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган. Мазкур партия ташкил этилганидан ҳозирги кунга қадар беш маротаба Президент сайловларида ҳамда парламент сайловларида иштирок этиб, парламентда ўз фраксиясини ташкил этишга эришди.
Ўзбекистонда кўппартиявийликнинг ривожланиш тарихида ўз ўрнига эга партиялардан яна бири Ўзбекистон “Ватан тараққиёти” партияси бўлди. Ушбу партия 1992-йил ташкил топган. 1999-йили “Фидокорлар” миллий демократик партияси таъсис этилди. У Ўзбекистон фидокорлар мақсадлари ва интилишларини қўллаб-қувватлайдиган сиёсий уюшма сифатида дунёга келди. 2000-йил апрелда “Ватан тараққиёти” партияси ва “Фидокорлар” миллий-демократик партиясининг қўшма қурултойи бўлиб, унда ҳар икки партия ҳаракати, фаолият дастури якдиллиги муҳокама қилинди, уларнинг бирлашиб ишлашлари мақсадга мувофиқ деган хулоса асосида иккита партия бирлашди.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида ташкил топган партиялардан яна бири бу – Ўзбекистон “Aдолат” социал-демократик партиясидир. У 1995-йил февралда тузилган. Социал-демократик партияларнинг асосий мақсади жамиятдаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишга қаратилган. Партия шунинг учун ҳам ривожланган мамлакатлардаги социал-демократик йўналишдаги партиялар билан алоқаларни йўлга қўйишга ва халқаро социал-демократик ҳаракатларда фаол иштирок этишга интилмоқда. Ўзбекистон “Aдолат” социал-демократик партияси ўрта синф ва еҳтиёжманд аҳоли табақасига таянади, уларнинг сиёсий ва ижтимоий иродаларини ифодалашга интилади.
Мустақиллик йилларида ташкил топган партиялардан яна бири – бу Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партиясидир. Ушбу партия 1995-йили июнда тузилган. Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партиясининг асосий мақсад-вазифаси миллий анъаналарни ва қадриятларни сақлашдан иборат. 2008-йил июнда Ўзбекистон “Фидокорлар” миллий демократик партияси ва Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг бирлашув қурултойи бўлиб, унда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ва “Фидокорлар” миллий демократик партиясини бирлаштириш тўғрисидаги масала кўрилди. Қурултойда партияларнинг мақсадли дастурий вазифалари мазмун-моҳиятига кўра бир-бирига яқинлиги таъкидланди ва улар бирлаштирилди.
Ўзбекистон сиёсий тизимида ўзига хос ўринга эга бўлиб улгурган Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП) 2003-йил ноябрда ташкил топган. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси умуммиллий сиёсий ташкилот сифатида мулкдорлар қатлами, кичик бизнес, фермерлик ва деҳқон хўжаликлари вакиллари, ишлаб чиқаришнинг юқори малакали мутахассислари ва бошқарув ходимлари, ишбилармонлар манфаатларини ифодалайди ва ҳимоя қилади.
Ўзбекистон Республикасида сиёсий партияларнинг ўтган йиллар давомидаги фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, уларнинг ривожланиши учун ҳуқуқий асос яратилганини кўрамиз. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонунлар ҳамда “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Конституциявий қонуни шулар жумласидандир. Табиийки, сиёсий партияларнинг жамиятда қанчалик мавқега эга эканлигини белгиловчи асосий мезон – бу уларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига бўладиган сайловларда қандай натижаларга эришганлиги ҳисобланади.
Ўзбекистон экологик ҳаракати. 2008-йил Ўзбекистон Республикасининг “Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонуни қабул қилинди. Унга кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига беш йил муддатга 135 депутат сайланиб, Қонунчилик палатасининг 15 депутати Ўзбекистон екологик ҳаракатидан, ўз ички қурултойидан сайланиши белгиланди. Ушбу Қонун асосида Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасидаги депутатларининг сони 150 депутатдан иборат бўлди. Ўзбекистон экологик ҳаракати 2008-йил августда ташкил топган. Ўзбекистон экологик ҳаракати ўз фаолиятини фуқароларнинг ҳозирги ва келгуси авлоди қулай атроф-муҳит шароитида яшаши, аҳоли саломатлигини яхшилаш, барча табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш ҳуқуқларини ҳамда уларга сўзсиз риоя этилишини таъминлашга қаратилган янгиланиш жараёнларини янада чуқурлаштиришда жамиятнинг бор куч ва салоҳиятини сафарбар қилишга қаратган. 2017-йил 22-декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси эълон қилинди. Мазкур Мурожаатномада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги 15 та депутатлик ўрни белгилаб қўйилмасдан, Экологик ҳаракат бошқа партиялар билан тенг рақобатга киришган ҳолда, сайловлар орқали депутатлик ўрнига эришиши лозимлиги таклиф этилди.
Кучли давлатдан – кучли жамият сари. 2000-йилдан бугунги кунга қадар бўлган даврни қамраб олган босқичда мамлакатда фаол демократик янгиланиш ва модернизациялаш жараёнлари кузатилди. Ушбу босқичнинг асосий вазифаси қилиб миллий давлатчилик асосларини мустаҳкамлашга қаратилган кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамиятига босқичма-босқич ўтиш масаласи қўйилди. Мамлакатнинг сиёсий ва иқтисодий ҳаётида демократлаштириш ва либераллаштириш жараёнлари чуқурлашди, инсон ҳақҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилувчи мустақил суд тизими мустаҳкамланди, фуқаролик жамияти асослари ривожланди, фуқароларнинг иқтисодий ва сиёсий фаоллиги ортиб борди. Ислом Каримов томонидан мамлакатда фуқаролик жамиятини шакллантириш ва демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш концепсияси ишлаб чиқилди. Ушбу босқич давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштириш, суд-ҳуқуқ тизими, ахборотлаштириш соҳасини ислоҳ этиш, сўз эркинлигини таъминлаш, сайлов қонунчилигини такомиллаштириш, иқтисодиётни либераллаштиришга қаратилган демократик бозор ислоҳотларини чуқурлаштиришга қаратилганлиги билан характерланади.
2002-йили бўлиб ўтган Олий Мажлиснинг IХ сессиясида мамлакатнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов айни ана шу кўп қиррали ислоҳотларни амалга оширишнинг янги тамойилларини ўртага ташлади. Унда ислоҳотларга доир еттита масала – устувор йўналиш белгилаб берилди. Устувор йўналишлардан бири жамият ҳаётида нодавлат ва нотижорат ташкилотларнинг ўрни ва ролини ошириш орқали фуқаролик жамиятини барпо этиш жараёнларини чуқурлаштириш, “Кучли давлатдан – кучли жамият сари” тамойилини амалга ошириш ҳисобланади.
Давлат сиёсатининг бош йўли ҳуқуқий, демократик давлатни вужудга келтириш, қонун олдида барчанинг тенглигини таъминлаш, “фуқаро – жамият – давлат” принсипини жорий этиш, ана шу йўл билан фуқаролик жамиятини вужудга келтириш бўлди.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш консепсияси. Ислом Каримовнинг 2010-йил 12-ноябрда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш консепсияси” мавзусида қилган маърузаси амалга оширилган ислоҳотларни сарҳисоб қилиш ҳамда жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларини янада ривожлантириш йўналишларини белгилаб олиш нуқтайи назаридан муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ушбу Консепсияда мамлакатимизда фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат барпо этиш борасида амалга оширилган ишлар муфассал таҳлил етилиб, бу йўналишдаги демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва изчил давом эттириш бўйича долзарб вазифалар белгилаб берилди.
Давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш юзасидан Конституциянинг 78, 89, 93, 96, 98-моддаларига ўзгартиришлар киритилиб, унга асосан Бош Вазир номзоди сайловларда (Олий Мажлис) энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдорда кўп ўрин олган сиёсий партиялар томонидан таклиф этилади, Президент тақдим етилган номзодни кўриб чиқиб, 10 кун муддат ичида Олий Мажлис палаталари томонидан кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун таклиф этадиган бўлди.
Консепсия олти қисмдан иборат бўлиб, унда давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш, суд-ҳуқуқ тизими, ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини, сайлов ҳуқуқи эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини ривожлантириш, фуқаролик жамияти институтларини шакллантириш ва ривожлантириш, бозор иқтисодиётини либераллаштиришни янада чуқурлаштириш борасидаги муҳим вазифалар белгиланган.
Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасида адвокатура институти такомиллаштирилди ва унинг мустақиллиги янада мустаҳкамланди. Жиноий жазоларни либераллаштириш муносабати билан жиноятлар таснифи ўзгартирилди. Санксия бериш ҳуқуқи судларга ўтказилди. “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”, “Телерадиоешиттиришлар тўғрисида”, “Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг иқтисодий асослари тўғрисида”, “Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кафолатлари тўғрисида”ги қонунларни қабул қилиш белгиланди. Натижада ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш соҳасида, умуман, мамлакатда ушбу соҳага оид 10 га яқин қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Ўзбекистонда сайлов ҳуқуқи эркинлигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини ривожлантириш соҳасида сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиб, сайлов тизими изчил ва босқичма-босқич либераллаштириб борилди. Муддатидан олдин овоз бериш муаммосини ҳал этиш, участка сайлов комиссиялари фаолиятининг ошкоралигини таъминлаш борасида амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш белгиланди. Айни пайтда юртимизда 9 мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилоти мавжуд. 29 та халқаро ва хорижий ноҳукумат ташкилотларининг филиал ва ваколат- хоналари фаолият юритмоқда. 2017-йилда «Нуроний» жамғармаси, Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Савдо-саноат палатаси, ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши каби нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш ва уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган алоҳида фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Халқ билан мулоқотнинг йўлга қўйилиши. 2016-йилда илк бор мамлакат аҳолиси ва ҳукуматнинг тўғридан-тўғри мулоқоти йўлга қўйилди. Шу йилнинг сентабр ойида Бош вазирнинг (pm.gov.uz электрон манзилида) виртуал қабулхонаси очилди. 2017-йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши бу соҳадаги ишларни фаоллаштирди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2016-йил 28-декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига биноан Халқ қабулхоналари ташкил этилди. Унинг ходимлари эса Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг ходимлари ҳисобланиши белгилаб қўйилди. 2017-йил декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида Халқ қабулхоналари негизида, Президент ҳузурида алоҳида тузилма – Тезкор давлат хизматлари агентлигини ташкил этиш ғоясини илгари сурди. Бир йил давомида синовдан ўтиб, тобора такомиллаштирилиб борилган ушбу механизм дунё ҳамжамиятига чинакам демократия йўлидаги муваффақиятларимиздан бири сифатида намойиш этилди. Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Aссамблеясининг 72-сессиясида халқ ҳокимиятини номига эмас, балки амалда жорий қилиш механизмларини мустаҳкамлашни глобал мақсад сифатида белгилаб, мамлакатимизнинг барча ҳудудида Президентнинг виртуал ва Халқ қабулхоналари ташкил этилганини ҳамда ҳозирги кунгача бир миллиондан ортиқ фуқароларимиз бу қабулхоналар орқали ўзларининг долзарб муаммоларини ҳал қилганини таъкидлаб ўтди.
2017–2021-йилларда мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси. Мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар миллий давлатчилик ва суверенитетни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни, давлатимиз чегаралари дахлсизлигини, жамиятда қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини таъминлаш учун муҳим пойдевор бўлди.
Aйни вақтда мамлакатимиз босиб ўтган тараққиёт йўлининг таҳлили, бугунги кунда жаҳон бозори талаби кескин ўзгариб, глобаллашув шароитида рақобат тобора кучайиб бораётгани давлатимизни янада жадал суръатлар билан ривожлантириш учун мутлақо янгича ёндашувни ишлаб чиқишни тақозо этди. Мамлакатнинг 2016-йилда сайланган Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама, жадал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимизни модернизация қилиш ҳамда ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш бўйича устувор йўналишларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил 7-февралдаги фармони билан 2017–2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тасдиқланди.
Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатни янада ривожлантириш бўйича 5 та устувор йўналиш келтирилган:
I. Давлат ва жамият қурилиш тизимини такомиллаштириш (мовий ҳаворанг – осмон ва тоза сув рамзи, Aмир Темур давлати байроғининг ранги).
II. Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш (сиёҳранг – қонун устуворлиги ва ор-номуслилик рамзи).
III. Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш (тилларанг – иқтисодиётни ривожлантириш елементлари ҳисобланган куч-қудрат ва бойлик рамзи).
IV. Ижтимоий соҳани ривожлантириш (қизил ранг – ҳаёт ва аҳолининг муносиб турмуш тарзини таъминлаш рамзи).
V. Хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат (оқ ранг – тинчликсеварлик сиёсати элементлари ҳисобланган тинчлик ва софлик рамзи).
Стратегия долзарб ҳамда аҳоли ва тадбиркорларни ташвишга солаётган масалаларни комплекс ўрганиш, қонунчилик, ҳуқуқни муҳофаза қилиш амалиёти ва хорижий тажрибани таҳлил қилиш якунлари бўйича ишлаб чиқилган. Ҳаракатлар стратегияси 5 босқичда амалга оширилиб, уларнинг ҳар бири бўйича йил номланишидан келиб чиққан ҳолда, алоҳида бир йиллик давлат дастурини тасдиқлашни назарда тутади. Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича Президент раҳбарлик қиладиган 14 кишилик Миллий комиссия тузилиб, у мазкур ҳужжатда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида, сифатли бажарилишини назорат қиладиган бўлди.
Do'stlaringiz bilan baham: |