3.Жиноий жазоларни либераллаштириш – қонун устуворлигининг муҳим шарти.
Мустақилликка эришгандан кейин Биринчи Президент Ислом Каримов томонидан инсонпарварлик, адолатпарварлик ғояларига асосланган жиноят, жиноят процессуал қонунларини такомиллаштиришга, жиноий жазоларни либераллаштиришга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари Олий Мажлисга киритилди. Уларнинг қабул қилиниши эса мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Айниқса, жиноий жазоларни либераллаштириш борасида жиноий жазо тизимидан ўлим жазосини чиқариб ташлаш борасидаги сайъ-ҳаракатлар муҳим ўрин тутади. Суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш тўғрисида Президентимиз “Суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш борасида биз ҳал этишимиз лозим бўлган яна бир масала – бу жазолаш тизимидан ўлим жазосини чиқариб ташлашдир”6 деганда айнан шу ҳаракатларни назарда тутган эди.
Маълумки, 1995 йилгача амал қилган Жиноят Кодексида 33 та жиноятга ўлим жазоси қўлланилар эди. Кейинги Жиноят Кодексида эса уларнинг
13 таси сақланиб қолди, яъни 20 та турдаги жиноятдан ўлим жазоси олиб ташланди. Жумладан, аёллар, олтмиш ёшдан ошган эркаклар ва вояга етмаганларга нисбатан бу жазо қўлланилмайди. Шунингдек, ўлим жазоси авф этиш тартибида йигирма беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилиши мумкин (ЖК нинг 51-моддаси).
Ана шу устувор вазифадан келиб чиқиб, 1998 йилда Жиноят Кодексидаги 5 та моддадан ўлим жазоси олиб ташланди. 2001 йилда яна тўртта моддага жазо қисқартирилди. 2004 йилда эса бу жазо бор-йўғи иккита, яъни айбни оғирлаштирувчи ҳолатда қасддан одам ўлдириш ва терроризм жиноятлари учун татбиқ этиладиган бўлди. Булар мамлакатимизнинг халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида халқаро ҳужжатларга зикр этилган мажбуриятларни сўзсиз бажаришга инти-лаётганининг амалдаги исботидир. Ҳозирги кунда 100 га яқин давлатнинг қонунчилигида ўлим жазоси бекор қилинган. Жумладан, Швеция ва Финландия 1972 йилда, Германия1949 йилда, Франция 1981 йилда, 1990 йиллардан бошлаб Ирландия, Венгрия, Руминия, Чехия, Словакия, Швейцария, Греция, Польша, Молдова, Италия, Испания давлатлари ўлим жазосидан воз кечган. Бундан ташқари, 30 дан ортиқ давлатнинг қонунчилигида ўлим жазоси мавжуд бўлсада, амалиётда қўлланилмайди.
Ўлим жазосини бекор қилиш ўта мураккаб масала бўлиб ҳисобланишини Биринчи Президент Ислом Каримов таъкидлаб, “Биринчи навбатда аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш лозим, чунки бугунги кунда уларнинг кўпчилиги, ўлим жазосининг бекор қилинишига қарши. Иккинчидан, ўлим жазоси ўрнига умрбод ёки узоқ муддатли жазони ўташга ҳукм қилинадиган шахслар учун тегишли жойлар қуриш керак”, деган фикрга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ўлим жазосини бекор қилиш масаласини аҳолига тушунтириб бериш ҳам анчагина мураккаб жараён бўлиб, бу ишга ҳуқуқшунослар, мутахассислар, сиёсатшунос, психолог ва бошқа кўпгина мутахассислар жалб қилиниши лозим. Шунингдек, Президентимиз юқорида таъкидлаганидек, ўлим жазоси ўрнига суд томонидан умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган маҳбуслар жазоси алоҳида колонияда ўташи лозим бўлганлиги сабабли уларни сақлаш билан боғлиқ жазони ўташ муассасасини қуриб битказиш учун бюджетдан тегишли маблағ ажратилиши ва бинони тайёрлаш ҳам маълум муддат талаб этади. Шу сабабли ҳам давлатимиз раҳбари ўлим жазосини бекор қилиш билан боғлиқ барча ташкилий-ҳуқуқий жараёнлар 2-3 йил ичида амалга ошириш мумкинлигини билдиради.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, инсон ҳаёти дунёдаги энг олий қадрият ҳисобланади. Зеро, ҳаёт ҳар бир инсонга бир маротаба берилади, шунинг учун ҳам ундан маҳрум этишга ҳеч ким қодир эмас, деган тушунчани барчанинг онгига сингдириш лозим. Шу боис барча ислоҳотлар ва қонунлар инсон манфаатларига хизмат қилишини назарда тутсак, ўлим жараёнининг жазо тизимидан олиб ташланиши ҳар томонлама адолатлидир.
Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг 2005 йил 1 августдаги “Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида”ги Фармони мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини устувор қадрият сифатида мустаҳкамлаш йўлида қўйилган навбатдаги хайрли қадам бўлди.
2001 йил 29 августда қабул қилинган “Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг жиноят, Жиноят процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун билан жиноятларни таснифлаш, енгиллаштириш маъносида такомиллаштирилди, яраштирув институти жорий этилди. Жиноят кодексида ўлим жазосини назарда тутувчи моддалар сони кескин камайтирилди, мол-мулкни мусодара қилиш жиноий жазо сифатида бекор қилинди ва шу каби инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор чора-тадбирлар қўлланилди.
Юртбошимиз томонидан “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”нинг эълон қилиниши эса бу борадаги ислоҳотларнинг янги босқични бошлаб берди.
Мазкур концепциянинг иккинчиустувор йўналиши суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этишга бағишланган бўлиб, бу борада ҳам тизимда бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, Одил судловнинг янги тизими шакллантирилди ва судлар ихтисослаштирилди.
Шулар қаторида Адвокатура институти ҳам ислоҳ этилди.Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар Палатаси ташкил этилди. Адвокатларга қўйиладиган квалификацион талаблари ва адвокатлик фаолиятига таъсир ўтказишга қаратилган ҳаракатлар учун жавобгарлик кучайтирилди.
Мамлакатимизда мазкур йўналишда олиб борилаётган ислоҳотларнинг барчаси қонун устуворлиги – фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг асосий тамойилларидан бири эканлигининг ёрқин далилидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |