Биринчидан, қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатлар адолат принципига, инсон ҳуқуқи ва манфаатларидан келиб чиқиб, ижтимоий жиҳатдан асосланган бўлиши керак.
Иккинчидан, барча қонунлар ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатлар талаби барча давлат органлари, мансабдор шахслар, нодавлат ташкилотлари ва фуқаролар томонидан қатъий бажарилиши шарт7.
Учинчидан, барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Конституция ва қонунларга мос бўлиши шарт.
Демак, демократик жамиятнинг муҳим тамойили бўлган қонун устуворлиги мамлакатимизда барпо этилаётган фуқаролик жамияти қуришнинг асосидир.
5.Қонун устуворлиги инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати
Истиқлол туфайли мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида юз берган кенг қамровли ўзгаришлар юртимизда янги демократик қадриятлар илдиз отганини, инсон ҳуқуқлари ва унинг эркини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий-демократик давлат ва фуқаролик жамиятига хос замонавий тузилмалар шакллангани билан характерланади.
Албатта, эркин ва адолатли жамият қуриш учун қонунга таянишимиз ва қонун устуворлигига эришишимиз лозимдир. Чунки ҳар қандай давлатнинг қудратли ва мустаҳкам бўлиши, халқининг тинч ва фаровон ҳаёти амалдаги қонунларнинг устуворлигига боғлиқдир.
Шундай қилиб, ҳуқуқ - давлат томонидан белгиланадиган ёки рухсат этиладиган ва унинг кучи билан ҳимоя қилинадиган умуммажбурий ҳулқ-атвор қоидалари тизимидир. Ҳуқуқ ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи регулятор бўлиб, унинг ушбу хусусияти ижтимоий муносабатлар билан бўладиган мунтазам алоқадорлигини таъминлайди.
Эркинлик – инсонга қонун билан рухсат этилган у ёки бу ҳаракатни амалга ошириши ва ҳаёт учун зарур бўлган неъматлардан фойдаланишда ижтимоий тўсиқларнинг бўлмаслиги тушунилади.
Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси — жамият таянчи ва юртимиз тараққиётининг ҳуқуқий кафолати, давлатимиз мустақиллигининг ёрқин рамзи, кўп миллатли халқимиз хоҳиш-иродасининг қонуний ифодаси ҳисобланади. Конституциянинг Х боб 43-46 моддалари инсон ҳуқуқ ва эркинликларига бағишланган бўлиб, давлат фуқароларининг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлаши, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан тақдим этилган «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси»да ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, юртимизда ҳуқуқий давлат асосларини тобора такомиллаштириш ва аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш ҳал қилувчи вазифа бўлиб қолиши таъкидланган. Зеро, жамиятнинг демократия йўлидан жадал ривожланиши ва бу борадаги ислоҳотларнинг самараси кўп жиҳатдан одамларнинг ҳуқуқий онги ва маданияти даражасига боғлиқ. Одамларнинг ҳуқуқий онги ва маданияти давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 23 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ вазирлик зиммасига аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, давлат органлари, жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш вазифалари юклатилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 23 июлдаги қарори асосида тасдиқланган Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича идоралараро кенгаш тўғрисидаги низом бу борадаги фаолиятни тартибга солишда муҳим ҳуқуқий асос бўлади. Авваламбор одамларнинг ҳуқуқий онги ва маданияти шакллантиришда инсонларга ўзларининг ҳуқуқ ва бурчларини, ўзлари яшаб турган жойда ўрнатилган қонунларга асосан уларнинг шахсий ва фуқаролик ҳуқуқ ва бурчлари кафолатлаб қўйилган асосий қонун, яъни конституция ва унинг нормалари таништирилиши керак.
Буни мазкур ҳужжатнинг биринчи моддасидан то охирги моддасигача инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, ватан равнақи ҳамда жамият тараққиётига хизмат қилиб келаётган умумбашарий ғоялар сингдирилганида ҳам кўриш мумкин. Асосий қонунимизда буюк неъматлар орасида энг улуғи - “инсон учун” деган ғоя илгари сурилиб, уни улуғлаш, унинг эркин камол топиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш ўз аксини топган. Бошқача айтганда, “фуқаро - жамият - давлат” ўртасидаги изчил ҳамкорликнинг ҳуқуқий ечими асослаб берилган.
Демократик давлатда жамият аъзоларининг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати доимий ҳаракатдаги механизмга ўхшаши лозим. Конституциянинг 19-моддасида “ҳеч ким суд қарорисиз фуқароларни ҳуқуқ ва эркинликларидан маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳақли эмас”лиги белгилаб қўйилганки, бу қоида ҳуқуқбузар ким бўлишидан қатъи назар, жавобгарликка тортиш мумкинлигини билдиради. Кафолат тизимида иқтисодий омилга кенг ўрин берилган. Чунки иқтисодий ҳаёт қанчалик фаровон бўлса, ҳуқуқнинг амалдаги кафолат даражаси ҳам шунчалик юқори бўлади.
Бугунги Асосий қонунимизда эса давлат ҳам, жамият ҳам, аввало, инсон манфаатларига хизмат қилиши, унинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя этиши устувор тамойил сифатида аниқ белгилаб қўйилган. Президентимиз таъкидлаганидек, “Биз бошлаган ислоҳотларимизнинг пировард мақсади битта - адолатли жамият барпо этиш. Ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун, инсон манфаатларини таъминлаш учун”. Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини барпо этиш шароитида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасидаги конституциявий кафолатлар тизимини ҳаётга татбиқ этишга қаратилган ислоҳотлар жамиятнинг шу мақсад йўлидаги вазифаларига тўлиқ мос келмоқда, инсон ҳуқуқларини кафолатловчи миллий механизм яратилмоқда. Инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминловчи ва кафолатловчи давлат органлари тизими ташкил этилиб, ихтисослашган нодавлат ташкилотларининг пайдо бўлишига кўмаклашмоқда. Ҳозирги пайтда инсоннинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлаш механизмини янада такомиллаштириш мақсадида инсон ва фуқаро ҳуқуқ ҳамда эркинликларининг кафолатлари тўғрисида қонун қабул қилиш мақсадга мувофиқдир. Инсон ҳуқуқлари ғояси миллий парламентимиз фаолиятида доимий ўрин эгаллаши даркор. Ҳар қандай қонун ишлаб чиқилаётган ва муҳокама этилаётган пайтда инсоннинг асосий ҳуқуқларига қанчалик мос келишига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Ана шу принципларга оғишмай риоя этилган тақдирдагина чинакам фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат барпо этиш мумкин.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президент И.Каримов: “...Қадимги дунёнинг буюк донишмандлари “Нимаики қонуний бўлса, у – адолатлидир”, деб таъкидлаганлари бежиз эмас. Улар шу тариқа айнан қонун адолат манбаи ва мезони эканини уқтирганлар, десак, ҳар томонлама ўринли бўлади. Ва аксинча, агар қонун бажарилмаса, қонунда бир нарса ёзилиб, ҳаётда ҳаммаси бошқача бўлса, одамларнинг Конституциямиз ва қонунларимизда муҳрлаб қўйилган адолат ва демократия нормаларига нисбатан ҳар қандай ишончи йўқолади. Бундай ҳолат барчамизга аён. Қонун ва қонун устуворлиги бўлмаган жойда аввало унинг ўрнини коррупция деган бало эгаллайди”, - деб таъкидлайди8.
Шунингдек, Геллап Институти (АҚШ) ижтимоий фикрни ўрганиш маркази томонидан «қонуний тартибларга итоат қилиш индекси» бўйича «Сиз ўзингиз яшаётган шаҳар ёки тумандаги маҳаллий полицияга ишонасизми?», «Сиз ўзингиз яшаётган шаҳар ёки туманда кечаси хавф-хатардан қўрқмасдан ёлғиз юра оласизми?» ва «Охирги ўн икки ойда сиз ва оила аъзоларингизнинг пул ва мол-мулки ўғирланган ҳолат содир бўлганми?» саволлари остида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, Ўзбекистон 141 мамлакат орасида 2 (ижобий) ўринни эгаллагани таҳсинга сазовордир9.
Do'stlaringiz bilan baham: |