2. Меҳнат ресурслари ва улардан фойдаланиш йўллари
«Меҳнат ресурсларининг шаклланиши» тушунчаси анча вақтлардан буён иқтисодий адабиётлар ва статистика амалиётида қарор топган бўлиб, ўзига хос тор касбий атама сифатида қўлланиб келинади. Бу тушунчанинг нимадан иборат эканлиги ҳақида умумий тарзда қабул қилинган, мунозара талаб қилмайдиган тасаввур йўқ. Биз эса «меҳнат ресурсларини шакллантириш» деганда меҳнат ресурсларининг доимий равишда янгиланиб туриши тушунилади, деб ҳисоблаймиз.
Афтидан, «такрор ишлаб чиқариш» «шаклланиш» сўзига қараганда тўғрироқ бўларди. Лекин, одатий бўлиб қолган ҳамда барқарор бўлиб бораётган атамалардан воз кечиш ҳам тўғри бўлмаса керак. Бунинг устига «шаклланиш» атамаси аҳолининг такрор ишлаб чиқарилиши билан меҳнат ресурсларининг такрор ишлаб чиқарилиши ўртасида, муҳим фарқлар мавжудлиги ҳақида илмий фикрлар борлигини ҳам эътироф этишимиз зарур.
Меҳнат ресурслари қандай шаклланишини аниқлаш учун биз биринчидан, меҳнат ресурсларини учта йирик ёш гуруҳлари бўйича – меҳнатга лаёқатли кишилар, меҳнатга лаёқатли кишилардан ёшроқ ва меҳнатга лаёқатли ёшдан каттароқ кишилар, иккинчидан, ҳар бир гуруҳ аҳоли сони ва унинг ўзгариши таъсир қилувчи омиллар, учинчидан, меҳнат ресурслари ва аҳолининг ўзгаришдаги табиий ва механик ўзгаришдаги умумий ва ўзига хос томонларни кўриб чиқишимиз лозим.
Меҳнат ресурсларининг аксарият кўпчилик қисмини меҳнатга лаёқатли ёшдаги меҳнатга қобилиятли аҳоли ташкил этади. Меҳнат қилишга лаёқатли ёшдан катта кишилар, ишловси пенсионерлар ва амалда «ноль» вазифасини бажарувчи шахслар, меҳнатга лаёқатли ёшдан кичик кишилар, ишловчи ўсмирлар меҳнат ресурсларининг салмоғида у даражада сезиларли роль ўйнамайди.
Меҳнатга лаёқатли ёшдаги меҳнатга қобилиятли аҳоли. Меҳнат ресурслари таркибига I ва II гуруҳдаги ишламайдиган ногиронлар кирмаслигини эсда тутган ҳолда дастлаб биз меҳнат қилишга лаёқатли ёшдаги аҳолини, сўнгра унинг меҳнат килишга қобилиятли қисмини кўриб чиқамиз.
Меҳнатга лаёқатли ёшдаги кишиларнинг маълум қисмини сира ишламаган ёки соғлиги ёмон бўлганлиги учун ишлашдан тўхтаган кишилар ташкил этади. Бу ўринда гап I ва II гуруҳ ногиронлари ҳақида бормоқда, давлат уларни пенсия билан таъминлаб туради. Бу кишилар меҳнат ресурслари таркибига киритилмайди. Бироқ I ва II гуруҳ ногиронларининг айримлари (агар ишлаб чиқаришда қулай шароитлар яратилса) ишлашлари мумкин. Шунинг учун ҳам меҳнатга лаёқатли ёшдаги ишлаши мумкин бўлган давлат томонидан пенсия ёши белгиланган ёшгача фуқаролар меҳнат ресурсларига киради (I ва II гуруҳ ногиронларидан ишламайдиганлари бундан мустаснодир). Меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳоли орасида ишламайдиган ногиронларнинг сони нисбатан камроқ ва нисбатан барқарордир.
Меҳнатга лаёқатли ёшдаги фуқаролар бутун аҳолининг бир қисми бўлиб, уларнинг сони демографик омил таъсирида ўзгариб туради. Уларнинг қанча бўлиши тегишли ёшлардаги ўлим даражасига боғлиқ. Бу, жумладан, меҳнат қилиш ёшига етган ёшлар билан пенсия ёшига етган фуқаролар сони ўртасидаги нисбатга ҳам боғлиқ. Ўлим қанчалик кам бўлса ва меҳнат қилиш ёшига етган фуқаролар бу ёшдан чиққан кишиларнинг ўртасидаги фарқ қанчалик юқори бўлса, меҳнат қилиш қобилиятига етган кишилар сони шунчалик кўп бўлади ёки аксинча.
Республикамиз тарихининг ўзига хос хусусиятлари меҳнат қилишга лаёқатли ёшдаги кишилар сони динамикасига кучли таъсир қилди. Меҳнатга қобилиятли ёшдаги аҳолидан меҳнат қилиш ёшидаги меҳнатга лаёқатли аҳолига ўтиш учун, биз бу ёшдаги I ва II гуруҳ ногиронларидан ишламайдиган кишиларнинг тоифасини кўриб чиқишимиз керак.
Бошқа тенг шароитларда I ва II гуруҳ ногиронлари қанча кўп бўлса, улар орасида ишламайдиганлари ҳам шунчалик кўп бўлади. I ва II гуруҳ барча ногиронларнинг сони кишиларнинг соғлиги билан боғлиқ шарт-шароитлар мажмуи таъсирида қарор топади. Бу мажмуанинг одамлар қандай овқатланиши, қандай сув ичиши, қандай ҳаводан нафас олиши, қандай дам олиши, тиббиёт уларни қандай даволаши, меҳнат шароити қанчалик шинам ва ҳавосиз эканлиги каби омиллар билан боғлиқлигини ҳисобга олиш зарур. Ҳар қандай давлат ногиронларнинг иложи борича камроқ бўлиши, ногиронлар орасида эса ишловчилар кўпроқ бўлишини истайди. Мамлакатимизда бошқа мамлакатлардаги каби иш берувчилар, ногиронларга иш ўринлари ажратувчилар рағбатлантирилганди. Давлатнинг ногиронлар меҳнатидан манфаатдорлиги иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга эгадир. Иқтисодий аҳамияти шундан иборатки, бюджет маблағлари ҳисобидан кун кўрувчи қарамоқдагилар камроқ бўлиши керак. Ижтимоий аҳамияти шундан иборатки, инсон учун (жисмоний ёки руҳий бузилишлар билан бўлса ҳам) ўзининг жамиятга фойдали эканлигини ҳис қилиши ҳам муҳимдир. Шу билан бирга, муайян миқдорда маблағ топиб туришга интилиш ўзининг ҳаёт билан баравар одим ташлаш истагини ҳам назардан қочирмаслик керак.
Ишламайдиган ногиронлар сонининг бўлажак динамикаси кишилар турмуш даражасининг яхшиланиб бориши ва ишлаб чиқариш технологиясининг ходимга, айниқса, хизмат кўрсатиш соҳасида мослашиб боришга ҳал қилувчи даражада боғлиқдир. Меҳнатга қобилиятли аҳоли орасида ишламайдитан ногиронлар миқдорининг камайиб бориши меҳнат соҳасини ривожлантиришнинг барқарор тамойилини ташкил этади, деб ҳисоблаш анча тўғрироқ бўлади.
Ишлайдиган ўсмирлар. Ишлайдиган ўсмирлар сонини белгилаб берадиган барча омиллар орасида, аввало, демографик омилни қайд қилиб ўтамиз. Бунда ўсмирларнинг ҳаммаси назарда тутилади. Шу билан бирга, 14-15 ёшли ўсмирларга эътибор қаратилади, чунки улар кичик ёшдаги ходимларнинг анчагина қисмини ташкил этади. Мамлакатда бундай ўсмирлар қанчалик кўп бўлса, меҳнат ресурсла-рининг шу қисми бошқа шароитларда ҳам кўпроқ бўлади. Ишлайдиган ўсмирлар сонига ижтимоий-иқтисодий омиллар кўпроқ таъсир қилади, улар орасида оилаларнинг фаровонлиги ва иқтисодиётнинг эҳтиёжи муҳим ўрин тутади.
Мамлакатимиз ва бошқа мамлакатларнинг тарихий тажрибаси шундан далолат берадики, фаровонлик даражаси ва ишловчи ўсмирлар сони бир-бирига тескари боғликликда бўлади: фаровонлик қанчалик юқори бўлса, ўсмирлар шунчалик камроқ ишлайдилар ва аксинча бўлади. Шу билан бирга, бу боғлиқлик вақт ўтиши билан юксалиб боради.
Иқтисодиётнинг ўсмирлар меҳнатига бўлган эҳтиёжи ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларининг мураккаблашиб бориши билан қонуний равишда пасайиб боради – меҳнат фаолияти соҳасида кенгаяди. Бунда яхши маълумот даражаси, касб тайёргарлиги зарур бўлади.
Мамлакатимизда бозор иқтисодиёти шарт-шароитлари асосида ислоҳий ўзгаришлар бошланиши биланоқ вазият кескин ўзгарди, бу ҳол кишиларнинг эркинлиги ортиши билан боғлиқ бўлиб, уларга тобора кўпроқ имкониятлар берила бошлади, улар ўз тақдирлари билан ўзлари хоҳлаганларича шуғуллана бошладилар. Кўплаб оилаларнинг моддий аҳволи оғир эканлиги ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Қўшимча даромад ишлаш учун ёшлар ҳам, катталар ҳам ҳаракатга тушиб қолдилар, бунга иқтисодиётдаги вазият мажбур қилган эди. Ҳар хил майда-чуйда хизматларни бажариб, хусусан, майда чакана савдо билан шуғулланиб пул ишлашнинг кўп имкониятлари пайдо бўлди. Бу ерда шиддат билан вужудга келган иш ўринлари асосан ўсмирлар билан тўлди.
Келгусида ўсмирларнинг меҳнат ресурсларидаги улуши ўсмир фуқароларнинг ақлий ва жисмоний ривожланишига зарар етказмаган ҳолда улар меҳнатидан эҳтиёткорона фойдаланиш имконини беради.
Ишлайдиган пенсионерлар. Ишловчи пенсионерлар сони ҳам демографик омил таъсири остида қарор топади – бу ерда шундай боғлиқлик бўлади: пенсия ёшидаги кишилар қанча кўп бўлса, шу ёшдаги ишловчилар ҳам кўп бўлади.
Хилма-хил ижтимоий омиллар орасида пенсионерларнинг меҳнат фаоллигига анча кўпроқ таъсир қилувчи асосий омилларни қайд қилиб ўтамиз. Пенсиянинг миқдори жиддий равишда таъсир қилади. Айни бир хил миқдордаги пенсия бировларга етади, бошқаларга эса етмайди, шу сабабдан инсон меҳнат қилишга интилади. Яна шундай меҳнатга рағбатлантирувчи қўшимча омил ҳам борки, бундай катта ёшдаги киши иш ҳақи билан бир қаторда пенсия олиш ҳуқуқига ҳам эга.
Пенсионерлар меҳнатининг зарур шартларидан бири корхона, муассаса ва ташкилотдаги ўзгаришларга мослашувчанлик, янги ишни ўзлаштиришга тайёрлик, баъзан яшаш жойини ўзгартириш ва шу кабилардир. Бозор иқтисодиёти катта ёшдаги кишиларнинг ҳаракатчанлигига анча юқори талаблар қўяди. Бозор муносабатларининг руҳидан шу нарса келиб чиқадики, ҳар бир кишининг фаровонлиги, аввало, унинг ўзи, ташаббускорлиги, ҳар қандай янгиликка «жавоб бериш» ва самарали меҳнат қилишидан иборатдир.
Ижтимоий омиллар орасида катта ёшдаги кишиларнинг маълумот даражаси ва соғлиғи ҳам муҳим ўрин тутади. Бу омилларнинг қандай таъсир қилиши яққол кўриниб туради ва тушунтиришларни талаб қилмайди.
Ниҳоят, пенсионерларнинг бир қисми ўзини ишда намоён қилишни маъқул кўради ва ишдагина ўзининг жамиятга керакли эканлигини ҳис килади, кўп йиллар бирга ишлаган ўртоқлари билан жамоада қолишни истайди.
Ижтимоий омиллар кишиларнинг эҳтиёжлари билан боғланган бўлади ёки уларнинг қандайдир хислатларини акс эттиради. Иқтисодий омиллар ишлаб чиқариш эҳтиёжлари ва ходимлар хизмат кўрсатиш соҳаларини ифодалайди. Улардан иккитасини кўриб чиқамиз.
«Меҳнат ресурсларини тақсимлаш» деганда ресурсларнинг халқ хўжалигида ишлайдиган қисмлари ва ишламайдиган қисмлари тушунилади. Ўз навбатида, ишламайдиган қисм меҳнат қилиш қобилиятига эга бўлган ёшдаги ўқувчилар ва шахсий ёрдамчи хўжалик ишларини бажариш билан шуғулланувчилар, ҳарбий кучлар сафида хизмат қилаётганлар, ишсизлар, шунингдек ҳеч бир ерда ишламайдиганлар, ўқимайдиганлар ва иш қидирмайдиганларга бўлинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |