5-мавзу. ИСЛОМДАГИ МАЗҲАБЛАР ВА ЙЎНАЛИШЛАР
Режа
Исломда йўналишларнинг вужудга келиши.
Фиқҳий мазҳабларнинг пайдо бўлиши.
Имом Абу Ҳанифа ва ҳанафийлик мазҳаби.
Мазҳабсизлик ва унинг оқибатлари.
Таянч тушунчалар: мазҳаб, оқим, фирқа, ҳанафийлик, шофеийлик, моликийлик, ҳанбалийлик, фиқҳ, фатво, мужтаҳид, суннийлик.
Мавзу ўқув мақсади: Исломда оқим ва йўналишларнинг пайдо бўлиши, фиқҳий мазҳаблар: ҳанафийлик, моликийлик, шофеийлик ва ҳанбалийликнинг вужудга келиши, ислом умматининг бирлигига рахна солувчи қарашлардан мазҳабсизлик ҳақида маълумот бериш.
1. Исломда йўналишларнинг вужудга келиши. 632 йилда Пайғамбар (алайҳис-салом) вафотидан сўнг ҳокимият халифаликка сайланганлар томонидан бошқарилди. Биринчи Абу Бакр, иккинчи Умар ибн Хаттоб сайланди, сўнг Усмон ибн Аффон ва Али ибн Аби Толиб халифа бўлди. Аввалги икки халифа даврида халифаликда ички низо ва фирқаланиш бўлмади. Усмон халифалиги даврининг сўнгги йилларида ички низолар пайдо бўлиб, халифага қаршиликлар кучайди. Охир-оқибат бир тўда одамлар Ҳазрати Усмоннинг уйига бостириб кирадилар ва уни ўлдирадилар. Унинг ўлдирилиши халифаликда урушни келтириб чиқарди ва Али ибн Аби Толиб халифалиги даврида бундай низолар янада кучайди. Шом волийси Муовия халифага қарши чиқиб тезроқ халифа Усмон қотилларини топиб жазолаш талабини қўяди. Халифа бу пайтда аввал ички низоларни тугатиш билан ишни бошлаган бўлади. Бу ихтилоф қуролли тўқнашувга олиб келади. Бу тўқнашув 657 йили Ироқнинг Сиффин деган жойида бўлиб ўтгани учун жангнинг номи Сиффин деб аталган. Шунда давлат тузуми масаласида Пайғамбардан кейин халифалик кимга ўтиши керак деган масалада уч тоифага бўлиниш юз берди.
Биринчи – халифа Али тарафдорлари бўлган, халифалик фақат пайғамбар хонадонида мерос сифатида ўтиши керак деб ҳисобловчи гуруҳ. Натижада улардан шиалик оқими келиб чиқди.
Иккинчи – халифа Алининг собиқ тарафдорларидан ташкил топган, уни Сиффин жангидан кейин ташлаб кетган хорижийлар (ажраб чиққанлар) гуруҳи ҳисобланади.
Учинчи – «аҳли сунна вал жамоа» гуруҳи.
Исломдаги илк бидъат, фирқачилик ва адашиш хорижийлар ва шиалар гуруҳларининг фаолиятида кўзга ташланади. Бундай фирқалар асосий икки масалада юзага келган: имомат (давлатга раҳбарлик) ва ақидада.
Шунинг учун исломда фирқаларга бўлиниш асосан диний-сиёсий нуқтаи назардан келиб чиққан деб қаралади. Биринчи хорижийларнинг пайдо бўлишига ҳам халифа Али сиёсатига қўшилмаслик, шиалик эса, халифалик Али ва унинг авлодларига мерос бўлиб қолиши керак деб ҳисобловчилар сабаб бўлди. Шу ўринда яна бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш зарурки, исломда фирқаларга бўлиниш Муҳаммад (алайҳис-салом) ҳадисларида айтиб ўтилган. Муҳаммад пайғамбар (алайҳис-салом) айтадилар: «Яҳудийлар 71 фирқага бўлинди, насронийлар 72 фирқага бўлинди, умматим эса 73 фирқага бўлинади. Улардан биттаси нажот топади, қолгани дўзах аҳлидир», деганларида, саҳобийлар: «Нажот топадиган фирқа қайси?», деб сўраганда Пайғамбар (алайҳис-салом): «Мен билан саҳобийларим тутган йўлдагиси», деб жавоб берадилар» (имом Термизий ривояти). Ҳадисда айтилган нажот топучи фирқа «аҳли сунна вал жамоа» ҳисобланади.
«Аҳли сунна вал жамоа» суннийлик деб ҳам номланади. Бунинг ўзига хос, бошқалардан ажралиб турадиган жиҳатлари барча саҳобийларни яхши кўриш, кишини катта гуноҳ қилган бўлса ҳам мусулмон деб ҳисоблаш, агар у вафот этса, жаноза ўқиш, одил ва золим подшоҳга қарши чиқмаслик, Аллоҳнинг сифатларини инкор қилмаслик ва ҳоказо. Бироқ илк даврларда мусулмон олимлари томонидан якдил фикрга эга бўлган мусулмонларнинг ақидаси ишлаб чиқилмагани боис, «тўғри эътиқод қилиш» ва «бидъат» тўғрисидаги тасаввур шиа ва хорижийларнинг пайдо бўлганидан кейин тизимга солинди. Хорижийлар халифа Алининг қўшинидан ажраб чиққан ва «аҳли сунна вал жамоа» эътиқодига тўғри келмайдиган экстремистик қарашларни илгари сурган муросасиз гуруҳ. Бунда улар халифа Алини келишувчиликда айблаб, ундан ажралиб кетганлар ва халифага ҳам, Муовияга ҳам қарши уруш очганлар. Хорижийликнинг энг катта хатарли томони ўз сафларига қўшилмаганларни «диндан қайтган»ликда айблашлари ва уларнинг талқинидаги ислом қоидаларига риоя қилмаган ҳар қандай раҳбарга бўйсунмай, унга қарши курашиш зарурлигини таъкидлашлари бўлган. Бунинг натижасида жуда кўплаб қонлар тўкилган. Одамларни кофирга чиқариш ва уларга қарши «жиҳод» қилиш ғоясини ишлаб чиқиб, террор амалиётини бошлаб берган. Бугунги кундаги ИШИД, Боко ҳарам ва шунга ўхшаш бошқа террористик ташкилотларнинг услублари айнан хорижийлик «анъана»ларининг замонавий кўринишидир.
Улар ўзларини ҳақиқий мусулмон ҳисоблаган ва сиёсий ҳамда ғоявий рақибларга нисбатан муросасиз бўлган. Xорижийларнинг таълимотига кўра, халифа жамоа томонидан сайланади ва жамоага бўйсунади; ҳар қандай тақводор мусулмон (ҳатто қул ёки қора танли бўлса ҳам) халифаликка сайланиши мумкин; агар халифа жамоа манфаатларини ҳимоя қилмаса, вазифасидан бўшатилади ва ҳатто қатл этилади. Xорижийлар гуноҳи кабира қилганларни кофирликда айблаб, уларни ўлдиришгача бориб етганлар. Ҳатто баъзи саҳобийларни ҳам кофир дейишган. Бундан ташқари, «золим» подшоҳга қўлида қурол билан қарши чиқишни диний вазифа дейдилар. Хорижийлик билан бир вақтда пайдо бўлган яна бир оқим шиаликдир. Шиалик «шиату Али» (Али гуруҳи) номидан бўлиб, алипараст оқим ҳисобланади. Бу йўналиш дастлаб ҳар қандай ихтилоф ва ақидавий фарқлардан холи ҳолда, фақат сиёсий ҳаракат сифатида намоён бўлган. Кейинроқ диний ихтилофлар, ақидавий фарқлар вужудга келган. Уларнинг фикрича ҳокимият халифа Али ва унинг авлодига тегишли. Чунки имомат асосий диний рукнлардан ҳисобланади. Уларнинг таълимотига кўра, раҳбар халқ томонидан сайланмайди, балки мерос сифатида ўтади.
Шунингдек, Пайғамбар (алайҳис-салом) Алини халифа қилиб тайинлаганлар. Халифалардан Абу Бакр, Умар ва Усмон бу ҳуқуқни Алидан зўрлик билан тортиб олишган ҳамда Алининг халифалигини Аллоҳ томонидан берилган илоҳий кўрсатма деб ҳисоблайдилар.
Шиалар ҳам Қуръонни илоҳий калом деб эътироф этади (айрим мутаассиб руҳдаги оқимлари халифалар даврида унинг айрим қисмлари тушириб қолдирилган деб ҳисоблайди). Уламолари эса, Қуръон мазмунини мажозий талқин қилиш йўли билан ўз таълимотларини асослайдилар. Шунингдек, ҳадислардан фақат халифа Али, унинг авлоди ва баъзи саҳобийлар томонидан келтирилган ривоятларни тан олдилар ва шундай ривоят-ҳадислардан иборат мустақил тўпламлар тузган. Суннийликда эътироф этилган диний ақидалардан фарқланиб, шиаликда тавҳид, адл, нубувват, имомат, қиёматдан иборат бешта ақидага эътиқод қилинади. Булардан тўрт ақида – тавҳид (Аллоҳнинг ягоналигини эътироф этиш), адл (адолат, Аллоҳнинг одиллиги, яъни тақдир ақидаси), нубувват (пайғамбарлик), қиёмат ёки маод (охират кунининг келиши ва ўлганларнинг тирилиши), асосан, суннийлик таълимотига мос тушади. Бешинчи ақида эса имомат (Али ва унинг авлодларидан иборат ўн икки имом ҳокимиятини) эса, суннийликка зид экани билан фарқ қилади. Шиалик ичида ихтилофлар юз бериши натижасида кўп фирқалар вужудга келган. Булардан зайдийлар, жаъфарийлар ва бошқалар. Имомийлар ва исмоилийлар шиаликдаги икки йирик оқим ҳисобланади.
Мўътазилийлар оқими ақида масаласи бўйича аҳли сунна вал жамоа йўналишидан ажралиб чиққан. Улар Қуръонни диний ҳақиқатнинг манбаи деб эътироф этадилар, уни сўзма-сўз эмас, мажозий талқин қилишга ҳаракат қиладилар, ривоятларга кўр-кўрона ишонишга қарши чиқадилар. Шунингдек, гуноҳи кабира, қабр азоби, авлиёлар каромати каби масалалар бўйича ўзига хос қарашга эга. Жумладан, гуноҳи кабира қилган киши мўмин ҳам, кофир ҳам бўлмайди, балки иккиси орасида бўлади, деганлар. Мўътазилийларнинг яна бир ақидаси бу Қуръоннинг яратилгани тўғрисида бўлиб, суннийлар Қуръон Аллоҳнинг каломи десалар, мўътазилийлар Қуръон Аллоҳнинг яратган нарсаси, деб ҳисоблаганлар.
Халифа Маъмун (813-833) мўътазилийлар таълимотини давлат даражасига олиб чиқди. У қозилар, олимлар, амалдорлар эътиқодини синаб кўрди. Натижада ким муътазилийлар ақидасини (хусусан, Қуръоннинг яратилганини) тан олмаса, ишдан бўшатди, ҳатто ўлим жазосини қўллади. Халифа Мутаваккил (847-861) даврида ушбу таълимот таъқиб остига олинди. Муътазилийлар ақл-идрокни ақиданинг асоси деб эътироф этган, тасаввуфни инкор этишга уринган, ўзларини тавҳид ва адолат (адл) тарафдорлари, деб билган адашган фирқадир. Кейинчалик 13-14-асрларга келиб мўътазилийлар бутунлай йўқолиб кетган. Қадария ҳам мўътазилийларга ўхшаб ақидавий масалада адашган ҳисобланади. Уларнинг асосий даъволари Аллоҳнинг қазоси ва қадарини инкор этиб, «Аллоҳ бандаларининг ишидан ожиздир», дейдилар. Суннийлар эса, Аллоҳ ҳар бир нарсани олдиндан билади, деган бўлса, қадарийлар уни инкор қилдилар. Улар одиллик худонинг асосий сифатларидан бири деган фикр асосида гуноҳни худо олдиндан белгилаган бўлиши мумкин эмас. Худодан фақат адолатли ишни кутиш мумкин, гуноҳ ишлар эса инсон фаолияти билан боғлиқ, демак, инсон ирода ва фаолият эркинлигига эга, шунинг учун у гуноҳ қилади, деган хулосага келиб ўзларининг адашган фирқа эканини қўрсатдилар. Уларнинг таълимотини кейинчалик муътазилийлар давом эттирди.
Жабарийлар эса, қадарийлар эътиқодининг аксини қилиб, исломда тақдир масаласида адашган деб тан олинган фирқалардан биридир. Улар аҳли сунна вал жамоада тан олинган такдир масаласини инкор қилади. Жабарийлар инсон тақдирини худо мутлақ олдиндан белгилаб қўйган, инсонда ҳеч қандай ирода ва фаолият эркинлиги йўқ, булар фақат худода мавжуд, инсон эса, ана шу фаолиятни ўзлаштириб олиш имкониятига эга, деган ақидани илгари сурган. Аллоҳ бандаларга гуноҳ ишларни тақдир қилган ва инсон гуноҳ амалларни қилишга мажбурдир, деб инсондаги жузий ихтиёрни рад этадилар, яъни қабиҳ ва ёмон нарсаларни Аллоҳга нисбат берадилар ҳамда бандаларни гуноҳ ишлардан поклайдилар. Аллоҳ инсонга тоқати етмайдиган нарсани юклаши мумкин, деб Аллоҳга мажбур қилувчилик сифатини бердилар. Ирода эркинлиги тарафдори бўлган қадарийларга жабарийлар қарши бўлган.
Мушаббиҳалар (ўхшатувчилар) эътиқоди бўйича Аллоҳни инсон суратига ўхшатиб, унинг инсон аъзоларига ўхшаш жисми бор дейдилар. Бу билан «аҳли сунна вал жамоа» ақидасига қарши чиққан. Чунончи суннийлар Аллоҳни ҳеч нарсага ўхшатмайди ва бундай ўхшатиш хато ҳисобланади.
Умуман олганда, ислом тарихида вужудга келган адашган фирқаларнинг ўзлари ҳам бир неча гуруҳларга бўлиниб кетганлар. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, ҳозирги кунда пайдо бўлаётган ислом номидан иш кўраётган турли адашган оқимлар тарихда ўтган ўтмишдошларининг ақидасини тутиб, уни янгича кўринишда тақдим қилиши кузатилмоқда. Жумладан, ҳозирги кундаги жангари гуруҳларнинг фаолияти ўтмишдаги хорижийларнинг бузғунчи амалиётига батамом мос келади. Шу боис ҳам бугунги кундаги динни ниқоб қилиб олган террорчи гуруҳларни «XXI аср хорижийлари» деб аташ мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |