Сабабият тамойили. Сабабият алоқаларнинг генетик типи, зеро унда бир ҳодиса муқаррар янги бир ҳодисани яратади. Янги сифатнинг пайдо бўлиши сабабга эга. Масалан, Ўзбекистонда мудофаа соҳасидаги ислоҳотлар илгариги мудофаа хизматининг ҳозирги давр талабларига жавоб бермаслиги давлат манфаатларига мос эмаслиги билан белгиланади. Ҳодиса ва жараёнларнинг ўзаро алоқадорликда бири иккинчисини келтириб чиқарувчи жараёндир. Масалан: 1997 йилда Ўзбекистонда кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг қабул қилиниши, унда белгиланган вазифаларни тизимли амалга оширишни тақозо қилади.
Тизимлилик тамойили. Тизимлилик тамойили ва у билан боғлиқ тизимли ёндошув ўзида диалектика назариясининг комплекс ғояларини мужассамлаштирган ҳозирги замон фани ва амалиётида муҳим методологик аҳамият касб қилади. Тизимлилик тамойилининг асосий омили яхлитлик тамойилидир. Бу объектларни икки ёқлама: бир томондан объектларнинг муҳит билан мутаносиблиги, иккинчи томондан тизим элементлари, хоссалари ва функцияларининг бутун доирасида ички бўлиниши нуқтаи назаридан ўрганишни талаб қилади. Бунда бутуннинг хоссалари унинг элементларини назарда тутади ва аксинча. Тизимнинг яхлитлиги ҳақидаги тасаввурлар алоқа орқали конкретлаштирилади. (Алоқалар ҳақида юқорида аниқ маълумот берилган)
Ривожланишнинг умумий қонунлари. Ҳодисаларни тавсифлашдан уларнинг моҳиятини англаб етишга ўтиш ҳодисаларда умумий жиҳатларни топишни талаб этади. Бунда вазифа турли ҳодисалар ўртасида умумий жиҳатларни топишдангина иборат эмас. Ҳодисаларни бирлаштирувчи ва уларнинг бирлигини белгиловчи асосни тушуниб етиш зарур. Бу асос – ҳодисаларни «бириктирувчи» ва уларни бир-бирига йўлдош бўлиш, уйғунлашиш ва мувофиқлашишга мажбур қилувчи амалда мавжуд бўлган барқарор алоқани акс эттирувчи қонундир.
Қонунларни билишга ҳодисаларни илмий ўрганиш натижасида эришилади. Одатда, бу олимларнинг тафаккурдан узоқ заҳмат чекишни талаб этувчи жуда оғир ишдир. Воқеликнинг бирон-бир қонунини аниқлаш учун олим ўрганилаётган ҳодисалар ҳақидаги дастлабки маълумотларнинг кўп сонли тўпламларига таянишига тўғри келади. Бу маълумотлар шундай тартибга солиниши ва умумлаштирилиши лозимки, ҳодисаларнинг мазкур соҳаси асосий элементлар ва муносабатларни фарқлаш имконини берадиган тизим сифатида намоён бўлсин. Шундан сўнг элементларнинг ранг-баранг муносабатлари орасида тизимнинг ва тизим айрим элементларининг ҳар қандай ўзгаришларида сақланиб қолувчи умумий, ўзгармас, инвариант алоқаларни аниқлаш талаб этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |