1. Устувор йўналиш: Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш;
2. Устувор йўналиш: Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш;
3. Устувор йўналиш: Иқтисодиётни ривожлантириш ва эркинлаштириш;
4. Устувор йўналиш: Ижтимоий соҳани ривожлантириш;
5. Устувор йўналиш: Хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат.
2017 йилнинг январь ойида суд тизими ислоҳотлари дастури тақдим этилди. Ислоҳотлар судлар мустақиллигини таъминлаш, обрўсини ошириш, демократлаштириш ҳамда суд тизимини миллий ва халқаро амалиётларга асосланган ҳолда такомиллаштиришга қаратилган.
2017 йил декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида ислоҳ қилиниши лозим бўлган кўплаб соҳаларни, жумладан, “Давлат хизмати тўғрисида”ги Қонунни қайта кўриб чиқиш, ижро этувчи органлар фаолият ваколатлари ва вазифаларини аниқ белгилаб бериш, иқтисодиётга давлат аралашувини камайтириш ва бозор механизмларини иқтисодиётга янада кенг жорий этиш зарурлигини таъкидлаган. Бундан ташқари, Мурожаатномада парламентнинг қонунчилик ва назорат жараёнларидаги ролини ошириш таъкидланган.
2019 йилги Давлат дастурида парламент ҳузурида Давлат бюджети бошқармасини ташкил этиш кўзда тутилган бўлиб, у парламентни давлат молиясини бошқариш ва парламент назоратини қўллаб-қувватловчи бюджет, иқтисодиёт ва давлат молиясига алоқадор масалаларда мустақил, холис ва профессионал маслаҳат ва таҳлил билан таъминлашга қаратилган муассаса бўлади. У давлат бошқарувида замонавий менежмент воситалари ва усулларини жорий қилиш ҳамда инсон ресурсларини бошқариш тизимини ислоҳ қилишни назарда тутади.
Қонунчилик палатаси 150 нафар депутатдан иборат: ҳозирги кунда 135 нафар депутат бир мандатлик сайлов округларида тўғридан-тўғри овоз бериш йўли билан сайланади. Охирги сайловларга қадар 15 нафар депутат Ўзбекистон Экологик ҳаракати томонидан сайланиб келган.6 Ислоҳотлар доирасида 2019 йил декабрь ойига белгиланган парламент сайловлари арафасида Ўзбекистон Экологик ҳаракатига ажратилган ўринлар бекор қилинади. 2017 йилда Президент томонидан илгари сурилган бу таклиф сиёсий-партиявий тизим ҳамда парламентдаги рақобатбардошликни кучайтиришга қаратилган.
Шу сабабли 2019 йил январь ойида Ўзбекистон экологик партияси рўйхатдан ўтди.
2020 йил 24 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Қарори қабул қилинди. Унга кўра, сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.
Хусусан, ноҳақ айбланган 2,3 мингга яқин киши оқланди, адашиб жиноят йўлига кириб қолгани сабабли озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниши мумкин бўлган 3,5 мингдан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларга маҳалла ва жамоатчилик кафилликлари асосида енгилроқ жазолар тайинланиб, ўз оилалари бағрида қолдирилди, инсон ҳуқуқларини қўпол тарзда бузган 60 нафар ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари жиноий жавобгарликка тортилди.
Шу билан бирга, суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқлар сақланиб қолаётганлиги, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичлари мавжудлиги, инвесторлар ҳуқуқларининг суд ҳимоясида бўлиши етарли даражада ташкил этилмаганлиги ва бошқа бир қатор камчиликлар суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқ қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Судьялар олий кенгаши ва судьялар ҳамжамияти билан биргаликда қонунчилик ташаббуси асосида суд тизимида 2021 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги ташкилий-тузилмавий ўзгаришларни амалга оширишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар ижтимоий тараққиётда нодавлат секторининг аҳамиятини яққол кўрсатмоқда. Бугунги кунда энг чекка ҳудудда яшаётган фуқаро билан мамлакат раҳбари ўртасида алоқани таъминлашда айнан нодавлат сектори энг самарали механизм сифатида намоён бўлаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 58-моддасига кўра, давлат жамоат бирлашмаларининг манфаатларини таъминлайди, уларга ижтимоий ҳаётда иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб беради.
Бу борада нодавлат нотижорат ташкилотларининг демократик жараёнлардаги иштирокини ҳуқуқий таъминлаш, уларга қўшимча шарт-шароитлар яратиш мамлакатимизни ижтимоий-сиёсий ривожлантиришнинг ғоят муҳим шарти ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Бирингчи Президенти Ислом Каримов 2010 йил 12 ноябрдаги Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида илгари сурган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга оид концепцияда бошқа соҳалар қатори фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ваколатларини кенгайтиришга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш устувор вазифалардан бири эканини алоҳида таъкидлади. Чунончи, концепцияда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини янада ривожлантириш, амалга оширилаётган изчил
ислоҳотларнинг очиқ-ошкоралиги ва самарадорлигини таъминлашда, уларнинг ҳуқуқий демократик давлат қуришдаги ролини кучайтиришда «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонун қабул қилиниши лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Бу қонун, энг аввало, ижтимоий, иқтисодий, гуманитар соҳаларда давлат
идоралари билан бирга, фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ҳамкорлигини назарда тутади. Яъни жамият ҳаётининг турли йўналишларида
истиқболли дастурлар, лойиҳаларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг иштирок этишлари учун муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат
қилади. Бошқача айтганда, мазкур қонун ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, турли ижтимоий масалалар ечимини нодавлат ташкилотлар
ҳамкорлигида ҳал этишга шароит яратади.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ижтимоий шерикликни тартибга солишга қаратилган айрим қоидалар тегишли қонун ҳужжатларида назарда тутилган. Хусусан, «Жамоат фондлари тўғрисида»ги қонуннинг 8-моддасида
фондларнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатлари ижтимоий шериклик, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш асосида қурилади. Давлат органлари фондларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлайдилар, фондларнинг ижтимоий аҳамиятга молик дастурлари ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлашлари мумкин.
Қолаверса, давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фондлар фаолиятига аралашишига, шунингдек, фондларнинг давлат органлари фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди, дея белгиланган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 28-моддасида иш берувчиларнинг жамоат бирлашмалари ихтиёрий жамоат ташкилотлари сифатида тузилади ва иш олиб боради, уларнинг мақсади иқтисодиётни ва тадбиркорлик ташаббусини ривожлантириш ҳамда самарадорлигини ошириш, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида, касаба уюшмалари, ходимларнинг бошқа вакиллик органлари билан ўзаро муносабатларда корхоналар ва улар мулкдорларининг манфаатларини ифода этиш йўли билан ижтимоий шерикликни амалга ошириш, хўжалик ва меҳнатга оид муносабатлар соҳасида уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан иборатдир, деб кўрсатилган. Ушбу кодекснинг 52-моддасида эса, жамоа келишувларида ижтимоий шериклик ҳамда уч тарафлама ҳамкорликни ривожлантириш, жамоа шартномаларини тузишга кўмаклашиш, меҳнат низоларининг олдини олиш, меҳнат интизомини мустаҳкамлаш тўғрисидаги қоидалар назарда тутилиши мумкин, дейилган.
Шуни алоҳида айтиш керакки, юқорида санаб ўтилган қонун ҳужжатларида фақат умумий нормалар белгиланган бўлиб, ижтимоий шерикликни амалга оширишнинг аниқ механизми ва тартиби етарли даражада эмас. Бу эса махсус қонун лойиҳасини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлашни тақозо этади. Хусусан, «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш ва унда бир қатор нормаларни акс эттириш айни муддаодир. Энг аввало, ушбу қонунда ишлатиладиган асосий тушунчалар таърифини, амалга ошириш механизмини, предметини, ижтимоий шерикликнинг шартномавий-ҳуқуқий шаклини, ўз навбатида, субъектларини ўз ичига оладиган умумий қоидаларни белгилаш лозим.
Айни пайтда қонуннинг мақсади сифатида фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ҳамкорликнинг турли хил шаклларини ривожлантириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, Ўзбекистон тарихи ва маданиятининг ёдгорликларидан биргаликда фойдаланиш, уларни ҳимоя қилиш ва тиклаш, ўзбек халқининг маънавий анъаналарини ва урф-одатларини, шунингдек, миллий маданий ўзига хослигини сақлаб қолиш ва уни ривожлантириш, хайрия фаолиятини тараққий эттириш каби муносабатлар бўлиши мақсадга мувофиқ.
Бугунги кунда республикамизда жамият ҳаётининг турли соҳаларида 5
мингтадан зиёд нодавлат нотижорат ташкилоти фаолият юритаётир. Бу 2000
йилдагига қараганда 2,5 баробарга кўп, дегани. Улар қаторида «Камолот» ЁИҲ, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, «Соғлом авлод учун», «Нуроний»
жамғармалари, «Ижод» фонди, Нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси ва бошқа жамоат ташкилотларини санаб ўтиш мумкин. Биргина,
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси 400 дан
ортиқ ташкилотни ўз сафида бирлаштирган.
Умуман, ижтимоий шериклик — турли хил фикрга эга бўлган фуқаролар ва турли гуруҳларнинг умумий мақсад йўлидаги ҳамжиҳатлигидир. Турли мақсадга эга бўлган инсонларни бир мақсад йўлида бирлаштириш мураккаб вазифадир. Аммо Ватан равнақи, юрт тинчлиги ва халқ фаровонлигига эришишда ана шу эзгу ғоялар, пок мақсад ва ниятлар якдиллашуви муҳим аҳамият касб этади.
Қолаверса, ижтимоий шериклик жамиятда сиёсий кучлар ва ижтимоий қатламларнинг ҳамжиҳатлиги, турли миллат, ирқ ва дин вакилларининг ўзаро ҳамкорлиги, илғор ғояларнинг ўзаро уйғунлиги, ҳар бир шахс ўзининг фуқаролик бурчини ҳис этиши, жамиятдаги тинчлик ва барқарорлик асосида шаклланади, ривожланади.
Концепцияда илгари сурилган «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши ижтимоий-иқтисодий тараққиёт дастурларини амалга оширишда, гуманитар муаммоларни ҳал этишда, мамлакат аҳолиси турли қатламларининг ҳуқуқи, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилишда нодавлат нотижорат органларининг давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро муносабати ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришнинг тўлақонли ҳуқуқий таянчи бўлиб хизмат қилади.
Ўзбек жамиятида жамоа бўлиб яшашнинг энг олий шакли маҳалладир. Ўзини ўзи бошқаришнинг мазкур шакли асрлар оша яшаб келмоқда. Маҳалла мамлакатимизда кўп асрлардан буён мавжуд бўлса-да, Ўзбекистон давлат мустақиллигидан кейингина муносиб ижтимоий-ҳуқуқий мақомга эга бўлди. 1992 йил 12 сентябрда Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти И.А.Каримовнинг Фармони билан “Маҳалла” Республика ҳайрия жамғармаси ташкил этилгани, 1993 йил 2 сентябрда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинишининг ўзиёқ маҳалла институтининг давлат томонидан қўллаб-қувватланаётганлигини ёрқин далилидир. 1995 йил 21 декабрда тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига ҳам маҳалла ҳақида алоҳида модда киритилган бўлиб (78-модда), унда қайд этилганидек, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари юридик шахс сифатида фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг қатнашчиларидир”.
Жамият тараққиёти такомиллашган сари ҳамда бозор муносабатларига ўтиш даврида, айниқса, фуқаролик жамиятининг вужудга келиши билан ушбу Қонунни маълум нормалар билан тўлдириш эҳтиёжи сезилди. Шу боисдан 1999 йил 14 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари тўғрисида” янги таҳрирдаги Қонуни қабул қилинди. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ҳужжатлар жумласига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 йил 23 апрелдаги “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 19 апрелдаги “Маҳалла посбони” жамоат тузилмалари ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳузуридаги яраштириш комиссиялари тўғрисидаги Низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори мамлакатимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тизимининг ривожланишида муҳим роль ўйнади.
Конституциянинг 100-моддасида маҳаллий ҳокимият органлари ихтиёрига берилган ваколатли ҳуқуқлар: қонунийликни, ҳуқуқий тартиботни ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш; ҳудудларни иқтисодий, ижтимоий ва маданий ривожлантириш; атроф-муҳитни муҳофаза қилиш; маҳаллий коммунал хўжаликка раҳбарлик қилиш; фуқаролик ҳолати актларини қайд этишни таъминлаш; норматив ҳужжатларни қабул қилиш ва қонунларига зид келмайдиган бошқа ваколатларни амалга ошириш; маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, маҳаллий солиқлар, йиғимларни белгилаш, бюджетдан ташқари жамғармаларни ҳосил қилишдир.
Вилоятлар ҳокимлари ва Тошкент шаҳар ҳокими Президент томонидан тайинланади ва лавозимидан озод қилинади. Туман ва шаҳарларнинг ҳокимлари тегишли вилоят ҳокимлари томонидан тайинланади.
Шаҳарлардаги туманларнинг ҳокимлари тегишли шаҳар ҳокимлари томонидан тайинланади ва ишдан озод қилинади. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларининг қарорлари Халқ депутатлари кенгашлари томонидан тасдиқланади.
Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари давлат ҳокимиятининг вакиллик идораси бўлиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга раҳбарлик қилади. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига: шаҳарлардаги туман, шаҳар ва вилоят Кенгашлари киради.
Мустақиллик йилларида ҳокимлик институтининг ташкил қилиниши ҳудудий бошқарув тизимининг мувофиқлашиши ва механизмининг аниқ фаолият кўрсатишида муҳим қадам бўлди. 1993 йил 2 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида маҳаллий ҳокимият идораларини қайта ташкил этиш тўғрисида”ги Қонун бу борада тегишли ҳуқуқий ҳужжат вазифасини ўтади.
Қорақалпоғистон Республикасида халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари ва тегишли ҳокимларнинг фаолияти Ўзбекистон Конституцияси, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонун ва Қорақалпоғистон Қонунлари билан тартибга солинадиган бўлди.
1994 йил 4 январда Олий Кенгашнинг 9-сессиясида “Ўзбекистон Республикасида маҳаллий ҳокимият идораларини қайта ташкил этиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Тошкент шаҳри ва 12 вилоятда 1992 йил давомида Президент тавсияси асосида биринчи марта ҳокимлар тайинландилар.
1995 йил сентябрда Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши Академияси ташкил қилинди. Ушбу академияда ўтган фаолият йиллари давомида 2000 га яқин раҳбар ва тегишли мутахассис кадрлар ўз малакаларини оширдилар. Республика Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2018 йил 30 майдаги қарорида истиқболли бошқарув кадрлар фаолиятини такомиллаштиришда мазкур академиянинг ўрни ва роли алоҳида белгилаб қўйилди.
Жамиятни демократлаштириш, ҳуқуқий фуқаролик жамиятини барпо этиш - Ўзбекистон истиқболда танлаган бош стратегик йўл бўлиб ҳисобланади.
Ўзбекистон учун анъанавий шарқ фалсафаси ва ислом дини таълимотларини акс эттирувчи ҳамжиҳатлик, тотувлик, бағрикенглик ғоялари ҳамда жамоатчилик фикрининг устуворлигига таянувчи шарқона демократик қадриятлар асос қилиб олинди. Шубҳасиз ўз-ўзини бошқарув тизимида анъанавий маҳалла институтининг ўрни ва роли катта аҳамият касб этади. Тарихий жиҳатдан маҳалла кишиларни ҳамжиҳатликка, тотувлик, ўзаро ҳайриҳоҳлик орган бўлиб келган.
«Маҳалла» сўзи асли арабча “жой”, “ўрин”, маъносини англатади. Республика Конституциясининг 105-моддасида шаҳарча, қишлоқ ва овуллардаги маҳаллаларда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқаришнинг ҳуқуқий ўрни белгилаб қўйилган.
Ўзини-ўзи бошқариш органларини ташкил қилишда 1993 йил сентябрда Олий Кенгаш 12-сессиясида қабул қилинган “Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонун алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Президентнинг 1992 йил 12 сентябрда “Маҳалла” хайрия жамғармасини ташкил этиш ва 1992 йил 8 октябрда хайрия жамғармасига маблағ ажратиш тўғрисидаги Фармонлари маҳаллаларга ҳомийликни ташкил этишда катта аҳамиятга эга бўлди.
Йирик шаҳарларда кўп қаватли уйлар жойлашган кварталларга 1992 йил бошларидан маҳалла мақоми берилиб, тарихий номлар берилди, фуқаролар йиғини ўтказилиб, маҳалла оқсоқоли ва масъул котиблар сайланди. Совет даврида тузилган қишлоқ ва посёлка (шаҳарча)ларда вакиллик бошқарув органлари қишлоқ ёки посёлка советлари деб аталган, улар мустақил ҳокимият органи бўлмай, халқ депутатлари туман ёки шаҳар кенгашлари, уларнинг ижроия қўмиталарига бўйсунар эди. Мустақил бўлгач маҳаллий ўзини ўзи бошқариш тизими тубдан ислоҳ қилинди, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тизими давлат ҳокимияти тизимидан ажратиш томон йўл тутилди.
1994 йил 12 мингдан ортиқ ўзини ўзи бошқариш органлари шакллантирилди, 2001 йил уларнинг сони 7847 тани ташкил этди. 1999 йил 14 апрелда қабул қилинган “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонунда ўзини ўзи бошқариш органларининг ваколатлари ва ҳуқуқи кенгайтирилди.
Фуқаролик жамияти институтлари тизимида ўзини ўзи бошқариш органларининг ўрни беқиёсдир. Зеро, бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, маҳалла институти юртимизда минг йиллар давомида синалган ва чуқур илдиз отган, аҳолини бирлаштириб турадиган ижтимоий ҳодиса сифатида ривожланиб келмоқда. Айниқса, унинг ҳозирги бозор иқтисодиётига ўтиш шароитида халқимизнинг урф- одатлари, анъаналари ва қадриятларини сақлаб қолиш, уларни жипслаштириш кафолати сифатида майдонга чиқаётганлигини яққол кўриб турибмиз.
Маҳалланинг тузилмаси ва функцияси вазиятга қараб ўзгариб турган, аммо у ўзини ўзи бошқариш тамойилини сақлаб қолган, ўз ҳудудида истиқомат қилувчи кишилар ўртасида ижтимоий-иқтисодий муносабатларни мувофиқлаштириб турган.
Маҳалла ўзини ўзи бошқариш органларининг энг ёрқин кўриниши, айни пайтда фуқаролик жамиятининг асоси ва таянчи деб тан олинганлиги билан ҳам ўзининг юксак мавқеига эга. У юксак маданият ва кишилар ўртасидаги муносабатлар маънавиятига асосланади.
Мустақиллик йиллари мобайнида жамиятдаги бошқарув тизимларини ислоҳ қилиш, давлат вазифаларини жамоат ташкилотларига босқичма-босқич ўтказиш, яъни кучли давлатдан кучли жамиятга ўтиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Ушбу жараёнда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва уларнинг асосий негизини ташкил этувчи маҳалла институти фуқаролик жамияти институтларининг энг муҳим бўғини сифатида муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Конституциянинг ушбу қоидаси маҳалланинг ҳуқуқий асосларини янада ривожлантириш учун дастуруламал бўлиб хизмат қилди. Шундай қилиб, 1993 йил 2 сентябрь куни “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонун илк марта қонунчилик даражасида маҳалла фаолиятини тартибга солди, яъни унинг ҳуқуқий мақомини белгилаб берди.
Фуқароларнинг моддий мустақиллиги ва сиёсий-ҳуқуқий онги ошишига сабаб бўлаётган демократик ислоҳотлар чуқурлашиб, бозор муносабатлари ривожланиб боргани сари маҳалла институтининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш зарурати туғилди. Натижада 1999 йил 14 апрель куни “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди. Унда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқи бевосита мустаҳкамлаб қўйилди, маҳалла фаолиятининг асосий тамойиллари, унинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга давлат кафолати белгилаб берилди, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ваколатлари кенгайтирилди.
2004 йил 29 апрелда «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши маҳалла фаолиятини демократлаштириш йўлидаги улкан қадам бўлди. Ушбу қонунда, биринчидан, фуқаролар йиғини органларига сайловнинг демократик тамойиллари белгилаб берилди ва маҳалла органларига сайлов тизими барпо этилди; иккинчидан, сайлов жараёнининг барча босқичлари батафсил тартибга солинди; учинчидан, қонун даражасида мустаҳкам ҳуқуқий кафолат яратилди.
Маҳалла ўз фаолиятини молиялаштириш бўйича ҳам давлат кўмагини ола бошлади. Шундай қилиб, раис, масъул котиб, “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси раҳбари ва фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчисидан иборат тўрт нафар масъул шахс иши, шунингдек, маҳалланинг қўшимча харажатлари давлат ҳокимиятининг маҳаллий органлари бюджетидан молиялаштирилмокда.
Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда 10 000га яқин ўзини ўзи бошқариш органи фаолият кўрсатмоқда, шундан 8275 та маҳалла, 1301 та қишлоқ, 154 та шаҳарча ва 155 та овул фуқаролар йиғинидир. Маҳалла фуқаролар йиғинлари ва фаоллари қонунчилик белгилаб берган ваколатлардан келиб чиқиб, фуқаролар йиғинлари фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича тузилган комиссиялар ёрдамида аҳолини ижтимоий-сиёсий ҳаётга жалб қилиш, маънавий-ахлоқий тарбияни кучайтириш, оилаларда қулай муҳитни сақлаб қолиш, эҳтиёжманд оилалар ва ногиронларга моддий ёрдам кўрсатиш, аҳолининг тадбиркорлик соҳасидаги билим ва кўникмаларини ошириш, ҳудудларни ободонлаштириш бўйича улкан ишларни амалга оширмоқда, бошқа бир қанча тадбирларни ташкил этмоқда.
2013 йилда янги таҳрирда қабул қилинган “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунга кўра фуқаролар йиғинларидаги асосий йўналишлар бўйича комиссиялар рўйхати қуйидагилардир:
- яраштириш комиссияси;
- маърифат ва маънавият масалалари бўйича комиссия;
- ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича комиссия;
- хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссия;
- вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича комиссия;
- тадбиркорлик фаолияти ва оилавий бизнесни ривожлантириш масалалари бўйича комиссия;
- экология ва табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш бўйича комиссия;
- жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссия ўз фаолиятини олиб боради.
2017 йил фуқаролар йиғинлари ва ўзини ўзи бошқариш органлари – маҳаллалар сони 10 мингдан ортиқни ташкил этди. Шу йилдан бошлаб маҳалла ўз-ўзини бошқарув органларининг фаолиятида замонавий аснодаги ўзгаришлар рўй бериб, уни том маънода халқ органига айлантириш чора тадбирлари белгиланди.
Маҳалла олдида турган энг долзарб масалалардан бири фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, оилаларни мустаҳкамлаш, одамларни лоқайдлик, боқимандачилик каби иллатлардан фориғ этиш, аҳолини том маънодаги фуқаролик жамиятини барпо этишга сафарбар қилишдир.
Ўзбекистонда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан яраштириш масаласида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Таъкидлаш жоизки, фуқаролар йиғинларида фаолият олиб бораётган Яраштириш комиссияларининг вазифаси фақат низоли оилалардан келиб тушган аризаларни кўриб чиқишдагина эмас, балки низони келтириб чиқарувчи сабабларни атрофлича ўрганиб, оилаларда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишдан ҳам иборат ҳисобланади.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг муқаддимасида халқлар ўртасида дўстона муносабатларни ривожлантиришга кўмаклашиш заруриятига эътибор қаратиш лозим, деб белгиланган. Ғарб мамлакатларининг айрим сиёсатчилари ҳам Ўзбекистондаги фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари тизимининг ўзига хослигини юқори баҳолашган. Жумладан, немис сиёсатчиси Артур Файнберг: “Маҳалла – инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилгани ҳолда ёшларни тарбиялашга, унинг камол топишига кўмак берувчи жамият инструменти”, деб баҳо берган. Шу билан бирга, индивидуализм сингиб кетган Ғарб мутахассислари учун бу тизимнинг туб моҳиятии тушуниш мушкуллигини ҳам объектив тавсифлаб беришган.
Ўзбекистонда босқичма-босқич амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва миллий тараққиёт талабларидан келиб чиқиб маҳалла фаолиятига оид қонун ҳужжатлари мунтазам равишда такомиллаштириб бориляпти. Хусусан, 2013 йил 22 апрелда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири тасдиқланди. 2016 йил охирларидан бошлаб маҳалла фуқаролар йиғини фаолиятини янада такомиллаштириш, уни замон талабларига мослаштириш, мазкур органни аҳолининг жойлардаги ҳаққоний тарзда долзарб масалаларни ҳал этувчи ўз-ўзини бошқариш ҳалқ идорасига айлантириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада, 2017 йил 3 февраль куни фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, маҳалла институтини аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айлантириш, фуқаролар йиғинларининг муштарак манфаатларини ифода этадиган уюшмага бирлашиш ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилиниши айни муддао бўлди.
Шунингдек, мутасадди вазирлик, идора ва ташкилотлар зиммасига фуқаролар йиғинларининг бандликка кўмаклашувчи туман (шаҳар) марказлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, таълим муассасалари ҳамда молия ва соғлиқни сақлаш органлари билан ўзаро ҳамкорлигини назарда тутадиган тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш вазифаси юкланди. Бундан ташқари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этиш бўйича мустақиллигини таъминлаш, ўзини ўзи бошқариш тизимида ортиқча бўғинлардан воз кечиш мақсадида таркибида маҳаллалар тузилган шаҳарча, қишлоқ ва овул фуқаролар йиғинларини маҳалла фуқаролар йиғинларига бирлаштириш ва бўлиш йўли билан қайта ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, болалар спорт майдончалари, маиший хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш мақсадида 2017-2021 йилларга мўлжалланган ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилди. Шунингдек, туманлар ва шаҳарлар марказларида “Маҳалла маркази” мажмуалари биноларини намунавий лойиҳалар асосида барпо этишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг зиммасига юклатилган вазифаларнинг амалга оширилишига муносиб ҳисса қўшган ташаббускор фуқаролар ва жамоатчилик тузилмалари вакилларига тақдим этиладиган “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишонини таъсис этилди. Комплекс чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган тадбирларнинг амалга оширилиши фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари зиммасидаги вазифаларни самарали бажариш, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш имконини беради. “Обод маҳалла” дастури доирасида Тошкент шаҳри, вилоят марказлари, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда барча туманларда маҳалла ҳудудларини обод қилиш, маиший қурилиш объектларини барпо этиш, газ, электр энергияси, тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Маҳалла халққа ҳуқуқ ва эркинликлардан фойдаланиш йўлини очиб, унга осойишта ҳаётдан баҳраманд бўлишни ўргатади. Маҳалла тақдири мамлакат тақдири билан чамбарчас боғлиқ. Маҳалла обод бўлса, маҳалла тинч бўлса, юрт тинч бўлади.
2016 йил сентябрдан бошлаб фаолиятини бошлаган “Халқ қабулхоналари” кўплаб йиғилиб қолган муаммоларни ечимини топишда катта аҳамият касб этмоқда. Президент Ш.М.Мирзиёевнинг “Халқ давлат идораларига эмас балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши лозим” ибораси мазкур қабулхоналарининг иш фаолиятининг негизини ташкил этмоқда.
Истиқлол йилларида инсоннинг ишончли конституцион ва юридик ҳуқуқларини, ижтимоий кафолатларни ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни таъминлайдиган қонунларнинг қабул қилинишига асосий эътибор қаратилди. Шунингдек, суд тизими мустақил ва бошқа тармоқларга боғлиқ бўлмаган ҳокимият сифатида шакллантирилди. Суд ҳокимиятининг янги тузилмалари вужудга келди. Суднинг ҳуқуқ доираси кенгайди.
Жумладан, 1994 йили Жиноят кодекси қабул қилинганида 13 та моддада жазо чораси сифатида ўлим жазоси кўзда тутилган эди. 1998 йили бу жазо тури жиноят кодексининг 5 та моддасидан олиб ташланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти 2005 йил 1 августдаги “Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида”ги Фармонига асосан, 2008 йил 1 январидан мамлакатимизда жиноий жазо тури сифатида ўлим жазоси бекор қилинди ва унинг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси жорий этилиши бутун дунёда катта акс-садо берди. Бу борадаги ислоҳотлар Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида эълон қилинган инсонпарварлик ва одиллик тамойилларини изчил ифода этиб, жаҳон тенденцияларига тўла мос келади. Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар хусусида сўз юритганда, Ўзбекистонда ўтган қисқа давр мобайнида яхлит суд ҳокимияти тизимини шакллантириш вазифаси муваффақиятли ҳал этилганига тўхталмасликнинг иложи йўқ. Судлар ихтисослаштирилиб, аниқроқ айтганда, фуқаролик, жиноий ва хўжалик ишлари бўйича алоҳида судлар ташкил этилиб, судлар суд қарорларини ижро этиш каби ўзларига хос бўлмаган вазифалардан озод қилинди. Судьяларнинг мустақиллиги ва ҳуқуқий кафолатлари тизимининг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Судлар тўғрисида”ги қонуни ва бошқа қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилди. Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда “судьяларнинг мустақиллиги” тушунчаси мустаҳкамланди ва янги ҳуқуқий категория — “суд ҳокимиятининг мустақиллиги” жорий этилди. Жумладан, Конституциямизнинг 106-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади.
Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилиб, уни амалга оширишнинг аниқ процессуал-ҳуқуқий механизми яратилди. Бу фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишнинг муҳим кафолатига айланди. Яна бир янгилик, бу - Яраштирув институтининг жорий этилиши жиноят процесси қонунчилигини такомиллаштиришда муҳим қадам бўлди. Хўш, бу ерда гап нима ҳақда бормоқда? Ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этган шахс, агар муқаддам судланмаган бўлса, ўз айбини бўйнига олса, жиноят оқибатида келтирган зарарни тўласа, жабрланувчи билан ярашса, суд ишни ҳаракатдан тўхтатади. Демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва мамлакатда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ҳақида сўз юритилар экан, ушбу материалда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов 2010 йил 12 ноябрда парламент палаталарининг қўшма мажлисида сўзлаган нутқида суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга қаратилган қатор қонунчилик ташаббусларини илгари сургани таъкидланади. Концепцияда белгиланган вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатини кучайтириш имконини беради. Умуман олганда, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари барча истиқболли йўналишларининг муваффақиятли амалга оширилиши нафақат жамият ва давлат тузилмасини демократлаштириш ва либераллаштиришнинг натижаси, балки унинг кафолати сифатида хизмат қилиб, амалда мамлакатнинг “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойили асосида олға ҳаракатланишини таъминлайди. Ахборот материалида қайд этилишича, Ўзбекистонда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий мақсадлари суд-ҳуқуқ тизимининг моҳиятини ўзгартириш, уни инсон ҳуқуқларини самарали таъминлашнинг асосий кафолатига айлантириш ҳамда суд ҳокимиятининг том маънодаги мустақиллигини таъминлаш ҳисобланади. Ишларнинг судларда кўриб чиқилиши сифатини яхшилаш мақсадида “Судлар тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, уларнинг жиноят, фуқаролик ва хўжалик ишлари бўйича ихтисослашуви мустаҳкамланди, ишларни апелляция тартибида кўриб чиқиш тартиби жорий қилинди. 2008 йил 1 январдан эътиборан “Хабеас корпус” институтининг жорий қилиниши, яъни эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи прокурордан судга ўтказилиши натижасида судларнинг фуқаролар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш бўйича ваколатлари сезиларли даражада кенгайтирилди. Жиноят иши қўзғатиш, иш юзасидан айблов хулосасини ўқиб эшиттиришни судлар ваколатидан чиқарилишини назарда тутувчи ўзгартишлар жиноят-процессуал қонун ҳужжатларига киритилиб, бу судларнинг холислигини, бетарафлигини таъминлаш, жиноят процессида тортишув принципининг кучайишига хизмат қилди. Мустақиллик йилларида жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликни либераллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар натижаси ўлароқ, Ўзбекистонда қуйидагиларга эришилди: оғир жиноятлар таснифи камайтирилиб, оғир ва ўта оғир тоифадаги жиноятлар ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига ўтказилди; содир этилган жиноятлар учун озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар жорий этилди; иқтисодиёт соҳасидаги жиноят ишлари бўйича қамоқ ва озодликдан маҳрум этиш жазолари ўрнига жарима шаклидаги иқтисодий санкцияни қўллаш имконияти анча кенгайтирилди. 2013 йили озодликдан маҳрум қилинган шахслар сони 2000 йил билан солиштирганда, икки маротабадан зиёдга камайди. Хусусан, жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши тўғрисидаги қонун қабул қилинганидан сўнг 412 миллиард сўмлик зарарни қоплаган 26000 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо чоралари қўлланди. Мамлакатда ярашув институти жорий этилганидан буён 138 минг 527 та иш бўйича 150 минг 346 шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо чоралари қўлланилди. Бугун Ўзбекистонда 60 турдаги жиноятлар бўйича ярашув институтини қўллаш имконияти мавжуд. Амнистия актини қўллаш судлар ваколатига берилган. Мустақилликнинг илк йиллариданоқ республикада амнистия актини эълон қилиш тартиби жорий қилинган. Ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 80 ва 93-моддаларига биноан, амнистия ҳақида акт қабул қилиниб, унинг асносида жазодан озод қилиш, маҳкумларнинг озодликка чиқиши ва уларнинг ўз оилалари бағрига қайтиши билан бир қаторда, амнистия қилинганларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг турмуш шарт-шароитларини яхшилашга ва иш билан таъминлашга кўмаклашиш юзасидан ҳам ишлар амалга оширилади.
2008 йилнинг 1 январидан бошлаб ўлим жазоси бекор қилиниши жиноят қонунчилигини либераллаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Бундан ташқари, олий жазо - умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазо тури фақатгина икки турдаги жиноятлар - терроризм ва жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдириш учун тайинланадики, ушбу ҳолатлар бўйича муқобил, унча оғир бўлмаган жазо турлари ҳам қўлланилиши мумкин.
Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари самарали ҳимоя қилинишини ҳар томонлама таъминлашга йўналтирилган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг ҳаётга татбиқ этилишида адвокатура институтини мустаҳкамлаш муҳим устуворлик ҳисобланади. Ушбу институтни янада такомиллаштириш мақсадида 2008 йил 1 май куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлди. Ушбу Фармон фуқароларнинг тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини мустаҳкамлашга қаратилган конституциявий меъёрни амалга ошириш, адвокатура институти мустақиллигини таъминлаш, уни малакали кадрлар билан тўлдириш, адвокатлик касбининг нуфузини ошириш ҳамда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди. Фуқаролик жамиятининг асосий институтларидан бири сифатида Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси тузилди, 2008 йил 31 декабрда “Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Шунингдек, 2009 йил сентябрида кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 52-моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонунига биноан, судда иш юритиш бўйича вакил сифатида профессионал фаолият билан фақат адвокатлар шуғулланиши ҳақидаги муҳим меъёр мустаҳкамлаб қўйилди. Ўрнатилган бундай тартиб суд ишида юриспруденция соҳасидаги махсус билимлардан бехабар шахсларнинг иштирокига йўл қўймаслик ва фуқароларга кўрсатиладиган ҳуқуқий ёрдам сифатини оширишга йўналтирилган.
Суд қарорларининг қатъий бажарилиши одил судлов фаолиятининг муҳим ва ажралмас қисми ҳисобланади. Кейинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари доирасида суд қарорларининг мажбурий ижро этилиши самарадорлигини ошириш, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижро этилиши соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш юзасидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилди, суд қарорлари ижро этилмаслиги ва уларнинг бажарилишига тўсқинлик учун жавобгарлик кучайтирилди.
2016 йил охирларидан бошлаб, суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, яъни соҳани янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, фаолияти самарадорлигини юксалтириш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда қонунийликни мустаҳкамлаш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини юзага келтириш, жисмоний, юридик шахсларнинг мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш, юксак ахлоқий-иродавий, касбий фазилатларга эга, юклатилган вазифалар, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарали бажарилишини таъминлашга қодир бўлган кадрларни шаффоф танлов асосида ишга қабул қилиш, қолаверса, судларнинг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш механизмини давримизнинг юксак талаблари даражасида ташкил этишга, тизим ходимларига, судьяларга алоҳида меҳнат шароитлари яратиш, лавозим маошларига устамалар ҳамда малака-мансаб даражаси учун қўшимча ҳақ миқдорларини беришга қаратилган учта Фармони чиқарилди. Бошқача айтганда, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири сифатида эътироф этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида суд ҳокимияти мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга ва одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципига оғишмай амал қилиниши кераклигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қилиш ҳолатлари бўйича зудлик билан чоралар кўриш, суд фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситалари ҳамда аҳоли билан ҳамкорлик қилишнинг самарали механизмларини кенг қўллашга эътибор қаратилиши алоҳида таъкидлаб ўтилди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди, Бош прокуратураси, Адлия вазирлигининг судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейинги ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш)ни назарда тутувчи таклифлари маъқулланди.
Ушбу Фармонга мувофиқ, 2017 йил 1 апрелдан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил жазо турларини қўллашни кенгайтириш орқали қамоқ тариқасидаги жиноий жазо тугатилди. Жиноятни содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатга қисқартирилди. Қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллашнинг, шунинглек, дастлабки терговнинг энг кўп муддати 1 йилдан 7 ойга қисқартирилди. Почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш ва эксгумация қилиш учун санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилди. Судларга қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад этилганда муқобил эҳтиёт чораларини қўллаш ҳуқуқи берилди. Терговнинг тўлиқ эмаслигини суд муҳокамаси жараёнида тўлдириш механизмларини жорий этиш орқали суд томонидан жиноят ишини қўшимча тергов юритишга қайтариш бекор қилинди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг ишларни назорат тартибида кўриб чиқиш бўйича бир-бирини такрорловчи ваколатлари бекор қилинди. Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Дастурни амалга ошириш бўйича комиссия ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди, Бош прокуратураси, Адлия вазирлигига суд-ҳуқуқ тизимидаги илғор хорижий тажрибаларни чуқур ўрганиш вазифаси топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра, суд ҳокимиятининг икки олий органи - Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик судининг мавжудлиги суд тизимини бошқариш вазифаларининг такрорланишига, ягона суд амалиёти таъминланмаслигига олиб келганлиги учун бирлаштирилди. Бундан ташқари, судьялар ҳамжамиятининг органи ҳисобланадиган ва Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашадиган, номзодларни танлаш ва судьялик лавозимига тайинлаш тизимини тубдан яхшилаш ҳамда юқори малакали судьялар корпусини шакллантиришга масъул бўлган орган - Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимига тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси тугатилиб, унинг 21 нафар бўшаган ижро аппарати штат бирлиги кенгашга ўтказилди. Кенгаш таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти тақдимномасига биноан Сенат томонидан тасдиқланадиган кенгаш раиси ва кўпчиликни ташкил этувчи судьялар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институти вакиллари, шунингдек ҳуқуқ соҳасидаги малакали мутахассислар орасидан Президент томонидан тайинланадиган 20 нафар аъзодан иборат бўлди. Кенгашнинг 13 нафар аъзоси доимий, 8 нафар аъзоси эса жамоатчилик асосида ўз фаолиятларини амалга оширмоқда. Судьялар олий кенгашига Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суд судьялари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раисларидан ташқари барча судьяларни Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишган ҳолда лавозимларига тайинлаш ва лавозимларидан озод этиш бўйича ваколатлар берилди. Судьяларни касбий жиҳатдан тайёрлаш, малакасини оширишни ташкил этиш, уларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолаш, шунингдек, судьяларни рағбатлантириш бўйича ташаббус кўрсатиш ҳам Судьялар олий кенгаши зиммасига юклатилди.
Илк маротаба давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан фуқароларнинг судга шикоят қилиш ҳуқуқининг конституциявий кафолатларини амалга оширишни таъминлашга хизмат қиладиган Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, туман (шаҳар) маъмурий судлари ташкил этилди. Давр талаблардан келиб чиқиб, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида ушбу Фармон билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари иқтисодий судлар этиб ўзгартирилди. Бунда мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти ва тадбиркорлик субъектларининг ортиб боришини ҳисобга олган ҳолда туманлараро туман (шаҳар) иқтисодий судлари ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида одил судловни амалга ошириш сифатини яхшилаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимояси кафолатларини кучайтириш мақсадида, шунингдек, 2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар олий кенгаши ва Ўзбекистон Судьялар ассоциациясининг суд органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш, аҳоли билан очиқ мулоқотни кенгайтириш ҳамда одил судловни амалга оширишда жамоатчилик ролини кучайтириш борасидаги таклифлари қабул қилинди. Судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказиш йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг судьяларни танлаш ва лавозимга тайинлашнинг холислиги ҳамда шаффофлигига ишончни ошириш мақсадида ҳар бир ҳудудда судьялар корпусини шакллантиришга кўмаклашувчи комиссиялар тузиш ҳақидаги таклифлари қабул қилиниб, бу борада комиссиялар тузилди. Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисига Олий суд ва унинг ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаментининг юқори малакали, ташаббускор, хизмат мажбуриятларини, вазифаларини ҳалол ва самарали бажараётган судьяларига, ходимларига Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қўшимча равишда ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 100 фоизигача миқдорда устама (пул таъминоти) тўлаш ҳуқуқи берилди. Шунингдек, ушбу Фармонда малака ва мансаб даражасига эга бўлган судьяларга, уларга тенглаштирилган шахсларга автомобиллар сотиб олиш учун, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, Олий суд, қуйи судлар аппаратлари, Олий суд ҳузуридаги судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларига эса уй-жой сотиб олиш учун имтиёзли кредитлар беришни назарда тутувчи таклифлар билдирилди. Айни пайтда бу борада ижобий ишлар қилинаётганлиги аҳамиятлидир.
Истиқлол йилларида мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш ва нуфузини ошириш, уни илгариги жазоловчи органдан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қиладиган, жамиятдаги демократик ўзгаришларнинг муҳим воситаси бўлган институтга айлантиришга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилаётганлиги, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ҳамда такомиллаштириш давримизнинг юксак талабларидан бири эканлиги йиғилишда алоҳида таъкидлаб ўтилди. Асосий мақсадимиз, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муносиб тарзда ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантиришдан иборат эканлигини Президент Ш.М.Мирзиёев ўз чиқишларида кўп маротаба қайд этиб ўтмоқда.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январда қабул қилинган “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони алоҳида аҳамият касб этади. Чунки, Фармонга асосан қуйидагилар жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг асосий вазифалари этиб белгиланди: биринчидан, аҳолига мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг мазмуни ва моҳиятини изчил етказиш тизимини шакллантириш, фуқаролар онгида “Жамиятда қонунларга ҳурмат руҳини қарор топтириш ‒ демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир!” деган ҳаётий ғояни мустаҳкамлаш; иккинчидан, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда, энг аввало, таълим-тарбиянинг тизимли ва узвий равишда олиб борилишига алоҳида эътибор қаратиш, мактабгача таълим тизимидан бошлаб, аҳолининг барча қатламларига ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни чуқур сингдириш, шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини кенг тарғиб қилиш; учинчидан, ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини ҳамда одоб-ахлоқ нормаларини чуқур сингдириб бориш, Конституциянинг муҳим жиҳатларини уларга болалигидан бошлаб ўргатиш; тўртинчидан, аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни шакллантириш бўйича ҳуқуқий-маърифий тадбирларни халқимиз тарихи, дини, миллий қадриятларини ўргатиш билан уйғун ҳолда ташкил қилиш, шунингдек, ҳар бир фуқарода давлат рамзлари билан фахрланиш туйғуларини шакллантириш орқали мамлакатга дахлдорлик, ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш ва бошқалар.
Таянч сўз ва иборалар:
Ўзбекистон, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, демографик, урбанизация, маданий ҳаёт, мафкура, Тошкент, мустақиллик, декларация, президент, давлат, ислоҳот, миллий, ҳуқуқий, демократик, қонун чиқарувчи, идро этувчи, суд ҳокимияти, маҳаллий, маҳалла, ўз-ўзини бошқарув, фуқаро, жамият.
Do'stlaringiz bilan baham: |