5-6-мавзу. ИННОВАЦИОН МАҲСУЛОТЛАРГА НАРХНИ ШАКЛЛАНИШИ
Режа:
5.1.Нарх шаклланиши ва унинг босқичлари
|
5.2.Инновацион маҳсулотлар нархи
|
6.1.Инновацион маҳсулотга оптимал нарх белгилаш
|
6.2.Инновацион рисклар, инновациялар нархи тузилиши ва нарх шаклланиши таҳлили
|
5.1.Нарх шаклланиши ва унинг босқичлари
Инновацион маҳсулотлар нархининг асосий функциялари бўлиб ҳисоб функцияси, тақсимот функцияси ва рағбатлантириш функцияси саналади. Нарх белгилаш – товарлар ва хизматлар нархини шакллантириш жараёнидир. Нарх шакллантиришнинг иккита асосий тизими характерлидир: талаб ва таклиф ўзаро муносабатлари асосида фаолият кўрсатадиган бозор нарх шаклланиши ҳамда давлат томонидан марказлашган нарх шакллантириш – нархларнинг давлат органлари томонидан шакллантирилиши. Бунда харажатлар бўйича нарх шакллантириш доирасида ишлаб чиқариш харажатлари ва муомала харажатлари нархни шакллантиришга асос қилиб олинади. Ташқи контрагентлар билан ҳисоб-китобларда фирмалар асосан икки хил нарх туридан – оммавий ва ҳисоб-китоб нархларидан фойдаланади.
Нарх шакллантириш тизимини шартли равишда олти босқични ажратиб кўрсатиш мумкин:
нарх сиёсати мақсадларини белгилаш;
фирма товарларига талабни аниқлаш;
харажатларни баҳолаш;
рақобатчиларнинг товарлари ва нархларини таҳлил қилиш;
якуний нарх ҳажмини белгилаш;
нархларни давлат томонидан тартибга солиш чораларини ҳисобга олиш.
Нарх шакллантириш тизими қоидага кўра бир неча босқичдан иборат бўлади. Биринчи босқич - нарх сиёсати мақсадларини аниқлашда - фирмалар «ўз товарларининг нарх сиёсати ёрдамида нималарга эришиш мақсадга мувофиқ?» деган саовлга жавоб беришга ҳаракат қилади. Одатда бу мақсадлар сони бир нечта бўлади. Уларнинг орасида фирманинг бозорларда фаолият кўрсатишини таъминлаш, фойдани максималлаштириш, товар айланмасини максимал даражада кенгайтириш, сотувни оптимал ошириш, қиммат нарх белгилаш эвазига "қаймоғини олиш", сифатда етакчилик алоҳида ажралиб туради.
Нарх сиёсатининг айтиб ўтилган мақсадлари ўзаро муносабатда бўлиб, доим ҳам мос келавермайди. Уларга эришиш, шунингдек, вақт бўйича ҳам ўзаро амал қилади.
Иккинчи босқич – фирма товарларига талабни аниқлаш. Бу ерда гап умуман бозор сиғимини эмас, балки турли нарх даражасида қанча товар сотиш мумкинлигини аниқлаш ҳақида боради. Тахмин қилинаётган сотув ҳажмининг нарх даражасига боғлиқлигини аниқлай олиш керак, бу ерда асосийси – ушбу товарнинг турли нархларига талаб қандай жавоб қайтаришини комплексли таҳлил қилиш ҳисобланади. Талаб қанчалик кўп ҳаракатчан бўлса, товар сотувчиси шунчалик қимматроқ нарх белгилаши мумкин.
Нарх шакллантириш жараёнининг учинчи босқичи – харажатларни баҳолаш. Харажатларни баҳолаш ва уларни пасайтириш йўлларини излаш – ҳар қандай тадбиркор учун мажбурий бўлган машғулотдир. Харажатларни икки турга – доимий ва ўзгарувчан харажатларга ажратиш қабул қилинган. Доимий харажатлар бу – уларнинг ҳажми товар айланмасидан олинадиган тушум ва ишлаб чиқариш ҳажми одатий тебранишларига боғлиқ бўлмаган харажатлардир. Ўзгарувчан харажатлар эса бевосита маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмига боғлиқ бўлади. Бу, асосан, хомашё харажатлари ва иш ҳақи харажатларидир. Доимий харажатлар ва ўзгарувчан харажатлар йиғиндиси умумий харажатлар бўлиб, нархнинг қуйи чегарасини ҳосил қилади.
Рақобатчиларнинг товарлари ва нархларини таҳлил қилиш энг мураккаб вазифалардан биридир. Бозор иқтисодиётида муайян битимлар бўйича нархлар ҳақида ахборот кўпинча ишлаб чиқарувчининг тижорат сири ҳисобланади ва бундай маълумотни олиш жуда қийин бўлади. Рақобатчиларнинг товарлари ва нархларини ўрганиш аниқ бир мақсадни – бепарволик нархи, яъни бунда харидорга кимнинг – фирма ёки рақобатчилар товарларини харид қилишнинг фарқи бўлмайдиган нархни топиш мақсадини кўзлайди. Бу нархни аниқлаш, уни асос қилиб олган ҳолда ниманинг эвазига бундай «бепарволик»ни бартараф қилиш ва айнан сизнинг фирмангиздан товарларни харид қилишларига эришишга нима ёрдам беришини аниқлаш мумкин.
Рақобатчиларнинг товарлари ва нархларини баҳолагач, нарх шакллантиришнинг кейинги босқичига – доимий фойдаланиладиган нарх белгилаш усулини танлашга ўтиш мумкин. Бозор томонидан нарх шакллантириш амалиётида энг тарқалган бундай усулларнинг бир нечтаси маълум:
харажатлар усули;
рақобатчига эргашиш усули;
харажатлар-маркетинг усули.
Якуний нарх ҳажмини белгилаш босқичи харидорлар билан муайян музокаралар давомида амалга оширилади. Ушбу босқичда иккита асосий вазифани ҳал этиш: харидорлар учун ўзининг чегирмалар тизими яратиш ҳамда чиқарилаётган товарнинг ҳаётийлик даври босқичлари ва инфляция жараёнларини ҳисобга олган ҳолда келажакда нархларга тузатиш киритиш механизмини белгилаш лозим. Нарх шакллантириш усулларидан бири танлаб олингач, нархга оид қарорни қабул қилиш - муайян нарх белгилаш зарур. Бу ерда психологик таъсир, турли маркетинг элементлари таъсири, нарх сиёсатининг таянч мақсадларига амал қилиш, белгиланадиган нархга эҳтимолий реакциясини таҳлил қилиш каби бир қатор жиҳатларни ҳисобга олиш керак. Психологик таъсирнинг роли шу билан белгиланадики, нарх кўплаб истеъмолчилар учун маҳсулот сифатининг асосий кўрсаткичи бўлиб хизмат қилади. Имидж яратувчи нархлар энг аввало, харидорнинг ўзини ўзи англашига таъсир кўрсатувчи маҳсулотлар учун характерлидир. Истеъмолчи унга ўзига хос, ноёб ва нуфузлироқ бўлиб кўринса, қимматроқ маҳсулотни ҳам афзал кўриши мумкин.
Нарх шакллантиришнинг сўнгги босқичи – нархларни давлат томонидан тартибга солиш чораларини ҳисобга олишдир. Дунёнинг кўпчилик мамлакатларида нархлар ва уларнинг динамикасини давлат томонидан лимитлаш ёки тартибга солишнинг турли чоралари қўлланиб келган, қўлланмоқда ва келажакда ҳам қўлланилади. Фирма учун нарх шакллантириш масалаларини ҳал этишда давлатнинг чоралари фирма фаолиятига ижобий ёки салбий таъсир кўрсата олишини албатта баҳолаш керак. Агарда товарларни чет элда сотиш кўзда тутилаётган бўлса, уларни сотиш режалаштирилган мамлакатларда товарларнинг патент тизимини баҳолаш ҳақида маълумотлар зарур бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |