Бозор иқтисодиётини шакллантиришнинг босқичлари ва хусусиятлари
“Ўзбек модели” тушунчасининг пайдо бўлганига 20 йилдан ошди. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 1992 йилда чоп этилган “Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли” асарида ўзбек моделининг моҳияти ва шакл-шамойиллари ҳамда тамойилларини белгилаб берган эди. Кейинчалик бу ғоя унинг 1993 йилдаги “Ўзбекистон – бозор муносабатларига ўтишнинг ўзига хос йўли” китобида янада ривожлантирилди.
Ўтган қисқа давр мобайнида бу тушунча шунчаки оддий ғоя эмас, балки улкан ҳаётбахш куч эканлигини тўла намоён этди. Ўзбек модели иккита катта синовдан ўтди. Биринчи синов – ўтган асрнинг 90-йилларини ўз ичига олган ёш мустақил мамлакат бошдан кечирган ўтиш даври эди. Ҳали ўтиш даври давом этаётган паллада Ўзбекистон постсовет майдонида биринчи бўлиб макроиқтисодий барқарорликка эришди,саноат ва ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқаришда ислоҳотдан олдинги йиллардаги кўрсаткичлардан ошиб кетди. Бошқача айтганда, инқироздан ривожланиш орқали чиқиб кетиш бирдан-бир тўғри йўл эканлигини исботлади. Иккинчи синов – 2008 йилда бошланган глобал молиявий-иқтисодий инқироз бўлди. Тараққиётнинг ўзбек модели нафақат бутун жаҳонни қамраб олган молиявий-иқтисодий инқироз зарбаларига қарама-қарши тура олди, балки дунёдаги 10 мамлакат қаторида иқтисодий ўсишнинг энг юқори (йилига 8-9 фоиздан кам бўлмаган) суръатларини таъминлади. Ислом Каримовнинг шу муносабат билан чоп этилган «Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари» асарида ҳамда жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий оқибатларини бартараф этиш бўйича 2009-2012 йилларга мўлжалланган Инқирозга қарши чоралар дастурида Ўзбекистон иқтисодиётининг инқироздан кейинги янада кучли, барқарор ва мутаносиб ривожланиш консепсияси илгари сурилди.
Ўзбекистонда эришилаётган бу қадар улкан ижтимоий-иқтисодий муваффақиятлар асосида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов илгари сурган иқтисодиётнинг мафкурадан холилиги, сиёсатдан устуворлигидан иборат прагматик иқтисодий сиёсат, давлатнинг бош ислоҳотчилик вазифасини ўз зиммасига олиши, жамият ҳаётида қонун устуворлигини таъминлаш, кучли ижтимоий сиёсат юритиш, ислоҳотларни босқичма-босқич юритишни кўзда тутадиган машҳур беш тамойилни ўзида акс эттирган «ўзбек модели» ётибди.
Ўзбек модели мамлакатимизнинг ўзига хос тараққиёт йўлидир. Умуман, иқтисодий ривожланиш модели деганда иқтисодиётни ташкил этиш, ривожлантириш стратегияси, мақсадлари, умумий тамойиллари ифодаланган назарий қарашлар ва амалий фаолиятлар мажмуи тушунилади. Бу тушунча ХХ асрнинг 50-йилларида пайдо бўлди. Бу даврда жаҳондаги кўпчилик мамлакатлар истиқлолга эришиб, миллий давлат қуриш йўлига ўтган эдилар. Ҳар қандай жамиятбир тузумдан бошқасига ўтар экан, шубҳасиз, ўзига хос ва мос тараққиёт йўлини танлашга ҳаракат қилади. Бу жараёнда ўзгаларнинг хато ва ютуқларини ўрганади, улардан тегишли хулосалар чиқаради.
Ўзбек моделининг қайси глобал ёки минтақавий модел билан уйғунлашуви тез ва осон кечади, деган саволнинг қўйилиши ҳам бу вақтда табиий эди. Бунда Ғарб андозалари афзалми ёки Шарқ? Қайси бозор қадриятлари биз учун қулай?
Масалага янада аниқроқ ёндашиладиган бўлса, ХХ асрнинг 90-йиллари бошларида Ўзбекистоннинг олдида бир қатор стратегик ривожланиш йўллари турганини таъкидламоқ лозим. Уларни 4 юналиш – хом ашё, аграр, индустриал ва хизмат кўрсатиш соҳалари бўйича гуруҳлаштириш мумкин. Улардан ҳар бири жозибали, республика учун реал иқтисодий тараққиёт модели бўлиши мумкин эди. Аммо хом ашё йўлини тутиш табиий бойликларнинг янада талон-торож қилинишига, ўз имкониятларини тугатган экстенсив ишлаб чиқариш омилига ёпишиб олишга, аҳолини иш билан таъминлаш муаммосини ҳал этишдан юз буришга, саноатнинг фақат муайян тармоқларини ривожлантиришгагина зўр беришга олиб келиши муқаррар бўларди. Аграр йўл иқтисодий тараққиёт тақдирини агросаноат мажмуи тармоқларини ривожлантириш асосига қуришни тақозо қилар, аҳолининг асосий қисмини қишлоқ хўжалиги билан банд қилишга олиб келарди. Бундай тараққиёт нисбатан қолоқ, ҳозирги замон сивилизатсиясидан анча узоқда бўлган мамлакатлар учун хосдир. Индустриал иқтисодий тараққиёт моделининг самарадорлигини Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари тажрибаси тўла тасдиқлади. Тараққиётнинг хизмат кўрсатиш йўналиши ҳам Ўзбекистонга қўл келиши табиий эди.
Ўзбекистон юқорида саналган йўлларнинг биронтасидан ҳам бутунлай воз кечмади, балки ўзининг иқтисодий тараққиёт моделида улардан самарали ва оқилона фойдаланиш билан боғлиқ муҳим вазифаларни белгилаб олди. Бой табиий ресурслар, уларни чуқур қайта ишлаш чет эл инвестисияларини жалб қилиш имкониятини беради. Агросаноат мажмуини ривожлантириш мамлакат аҳолисининг катта қисми истиқомат қиладиган қишлоқни диққат марказида ушлаб туришга ундайди. Индустриал тараққиёт иқтисодиётни экспортга, импорт ўрнини босадиган товарлар ишлаб чиқаришга йўналтиради. Кўриниб турибдики, уларнинг ҳар бири Ўзбекистон учун қулайликдан холи эмас.
Ўзбекистоннинг иқтисодий тараққиёт модели ўз халқининг тарихий тажрибаси, миллий ва маданий анъаналарига асосланди.
Бу борада илгари сурилган муҳим назарий хулосалардан бири бозор иқтисодиётига инқилобий йўл (“шок терапияси”) билан эмас, балки эволюсион йўл билан, босқичма-босқич ўтиш эди. Биринчи Президентимиз илгари сурган «Янги уй қурмай туриб, эскисини бузманг» тамойилида ўзининг ёрқин ифодасини топди.
Бозор иқтисодиётига ўтишда минтақага хос хусусиятларни ҳисобга олиш қанчалик муҳим бўлса, ҳамма учун баравар бўлган муштарак қоидаларни назарда тутиш ҳам шунчалик шартдир. Шу боис давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш, эркин тадбиркорликни ривожлантириш, рақобат майдонини вужудга келтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бозор иқтисодиётининг мазкур «учта устуни» бозор йўлини танлаган барча мамлакатларга хосдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |