4 - Мавзу: Қуёш нури ва уни электр энергияга айлантириш қурилмалари.
(2 соат)
Режа:
1. Қайта тикланувчи электр энергияси манбалари ва унда қуёш энергиясининг
тутган ўрни.
2. Қуёш энергиясини электр энергиясига айлантириш қурилмалари.
3. Суюқликни иситиш ва ҳосил бўлган буғни иссиқлик турбинасига узатиш
орқали қуёш нуридан электр энергия ишлаб чиқариш.
4. Фотоэлектр усулида электр энергияси ишлаб чиқариш.
5. Қуёш энергиясидан иссиқлик олиш.
6. Қуёш электростанциялари.
1. Қайта тикланувчи электр энергияси манбалари ва унда қуёш
энергиясининг тутган ўрни.
Қаттиқ, суюқ ёки газ ҳолатидаги бирор жисм ўз энергиясини энергиянинг бошқа бир турига айлантирувчи мосламага узатиб, яна ҳаракатда бўлса ҳамда ўз энергиясини ҳоҳлаган марта узатиб, ўзи йўқолиб кетмаса, бундай манбага қайта тикланувчи электр энергияси манбалари дейилади (шамол, қуёш, сув сатҳининг кўтарилиб туриши, тўлқинлар, ГЭСлар, биоёқилғи ва водород).
Халқаро ташкилотларнинг ҳисоб-китобларига кўра, иқтисодий тараққиёт туфайли 2030 йилга бориб энергетикага бўлган талаб асримиз бошига нисбатан 50 фоиздан зиёдроққа ўсади ва умумий эҳтиёж 23,3 миллиард тонна шартли ёқилғини талаб қилади. Демакки, ўз-ўзидан атроф-муҳитга салбий таъсир ҳам кучайиб боради.
Айни пайтда жаҳонда ишлаб чиқарилаётган барча энергиянинг 10,2 фоизи қайта тикланувчи қувватлар ҳисобига тўғри келаяпти. 2050 йилга бориб эса уларнинг улуши 70 фоиздан ошиши кутилмоқда. Бу биргина корхоналар томонидан экологияга чиқарилаётган зарарли чиқитларни 500 миллиард тоннага камайтириш имконини беради.
Зеро, кам углеродли энергетикани ривожлантиришдан мақсад ҳам буғ газларининг ҳавога кўтарилиши ортаётгани туфайли юзага келаётган глобал муаммоларни ҳал этишдан иборатдир. Кўзда тутилган режага мувофиқ - 2040 йилга бориб бундай газлар миқдорини 40 фоизга, 2060 йилда эса 50-60 фоизга камайтириш мўлжалланган.
Маълумки, Ўзбекистон ёқилғи - энергетика ресурслари бўйича ўз эҳтиёжини тўла таъминлай оладиган давлатдир. Ҳозирги вақтда бу таъминотнинг асосий қисмини, яъни қарийб 80 фоизини табиий газ, қолганларини нефть, кўмир ва бошкалар ташкил этади.
Бутун дунёда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам табиий бойликларни тежаш ва ишлаб чиқариш тармоқларига экологик соф технологияларни жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда, чунки бу ҳам иқтисодий барқарорликка эришиш, ҳам атроф-муҳитга салбий таъсирларни камайтиришда жуда муҳим омил ҳисобланади.
Мамлакатимиз қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича улкан салоҳиятга эга. Чиндан ҳам, юртимизда муқобил ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш имкониятлари катта. Айтайлик, республикамизда йилнинг асосий қисми қуёшлидир. Унинг қуввати 50 триллион тоннадан ортик шартли ёқилғига тенг.
Муқобил энергия манбаларидан, энг аввало, қуёш энергиясидан фойдаланиш соҳасида илмий ва экспериментал тадқиқотлар олиб бориш борасида Ўзбекистонда муайян тажриба тўпланган. Улар юзасидан ишланмалар қилинаяпти. Хусусан, Фанлар академияси “Физика-Қуёш” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасининг тадқиқотлари натижалари жаҳон миқёсида эътироф этилган.
Республикамиз шароитида, айниқса, бу соҳада қуёш батареялари манбаларининг кенг кўламда жорий қилиниши кутилган самарани бериши, шубҳасиз. Сабаби, агар мамлакатимиз энг кўп қуёшли кунларга эга минтақада эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, жойларни иситишда қуёш коллекторларини ишлатишга ўтилса, бу билан иқтисодиёт ҳамда энергетика тизимида катта ютуққа эришган бўлардик.
Қайд этиш керакки, қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш ҳамда қуёш энергиясида ишлайдиган улкан объектларни қуриш учун муайян ер майдонлари талаб қилинади. Чунки 1 МегаВт. электр энергияси ҳосил қилиш учун бир гектар майдонга, 100 МегаВт. қувват учун эса 100 гектар ерга қуёш қурилмаларини ўрнатиш зарур. Шунинг учун республикамизда муқобил ва қайта тикланадиган энергетиканинг барча йўналишлари бўйича алоҳида технология ва технологик база яратилиши керак.
Ҳозирги кунда мамлакатимизнинг Самарқанд вилоятида 100 гектар майдонга қуввати 100 МегаВт.га тенг қуёш электростанцияси учун Осиё тараққиёт банкининг инвестициялари киритилди ва қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Кичик қувватли қуёш энергетик қурилмаларидан республикамизнинг барча бурчакларида фойдаланилиб келинмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |