Иқтисодий қонунчиликни такомиллаштириш бўйича. Иқтисодий қонунчиликни такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари қуйидагиларни:
-иқтисодий процессуал қонунчилиги нормаларини кўриб чиқиш ва унификациялаш;
-иқтисодий-процессуал қонунчилик нормаларини тизимлаштириш ва уйғунлаштириш;
-иқтисодий процессда юридик шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш;
-биринчи инстанция судида, апелляция ва кассация инстанциясида иш юритиш;
-чет эллик шахслар иштирокидаги ишларни юритиш;
-иқтисодий судларнинг суд ҳужжатларини қайта кўриш бўйича иш юритиш, иқтисодий судларнинг суд ҳужжатларини ижро этиш механизмларини такомиллаштириш ва бошқаларни ўз ичига олади
3. Жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш йўллари, жамоатчилик назорати ва кафолатланган хавфсизлик
Жамоат тартибини сақлаш, авваламбор, вояга етмаган ва ёшлар ўртасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмаларнинг бузғунчи таҳдидларни барвақт аниқлаш бўйича якдил ҳаракатларни, уларни ҳамкорликда ва сифатли бартараф этилишини таъминлаш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, Республикамизда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмаларнинг жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини келгусида ташкил этишнинг устувор йўналишлари деб қуйидагилар ҳисобланади:
биринчидан, тараққий этаётган республикамиз худудларини хавфсизлигининг гарови сифатида ҳаракатлар якдиллиги асосида барча давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорлик қилишнинг амалий механизмини жорий этиш;
иккинчидан, "Жаҳолатга қарши маърифат" эзгу ғояси асосида ҳар бир маҳалла кесимида диний-экстремистик хусусиятга эга бўлган ҳуқуқбузарликларни содир этиш сабаб ва шарт-шароитларини барвақт аниқлаш ва бартараф этишга, биринчи навбатда, экстремистик оқим мафкураси таъсири остига тушиб қолган шахсларни тузатишга алоҳида эътибор қаратиш;
учинчидан, прокуратура органлари томонидан кундалик асосда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга, шу жумладан, иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга амалий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, аниқланган қонунбузарликлар, сунъий тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўриш;
тўртинчидан, аҳолига энг яқин бўлган жойларда куч ва воситалар фаолиятини бевосита бошқариш ва мувофиқлаштиришнинг самарали тизимини яратиш мақсадида ички ишлар органларининг амалдаги тузилмасини такомиллаштириш;
бешинчидан, ички ишлар органлари шахсий таркибининг интеллектуал ва касбий даражасини ошириш, уларга қўшимча тадбир ва ишлардаги иштироки туфайли ортиқча вазифалар юкланишини бартараф этиш мақсадида соҳавий хизматлар ўртасидаги вазифаларнинг аниқ чегараларини белгилаш;
олтинчидан, жиноятларга чоралар кўриш ва уларни фош этишда, биринчи навбатда, тезкорлик ва мувофиқлашган ҳамкорликни таъминлаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни "Хавфсиз ахоли пункти" аппарат-дастурий комплекси имкониятларидан кенг фойдаланишга йўналтириш.
Жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликни олдини олиш тизимини такомиллаштириш учун туманлар ва шахарларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, тадбиркорликни ривожлантириш ва муаммоли оилалар билан ишлаш устидан назорат қилиш жамоатчилик кенгашларини тузиш;
жамоатчилик кенгашлари таркибини туман, шахар халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари раислигида маҳалла фаоллари, меҳнат фахрийлари, фан, маданият ва санъат вакиллари, машҳур спортчилар ва бошқа жамоатчилик вакиллари ҳисобидан шакллантириш мақсадга мувофик.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар – бу давлат органлари ва жамоат ташкилотлари бўлиб, улар ўз фаолиятини қонун ҳамда демократик принципларга асосланган ҳолда амалга оширадилар, қонунийлик ва ҳуқуқий тартиботни таъминлайдилар, фуқаролар, меҳнат жамоалари, жамият ва давлатнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қиладилар, ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш ва қонун ҳамда ҳуқуқ тартиботни бузган шахсларга давлатнинг мажбурлов ёки жамиятнинг таъсир чораларини қўллайдилар3.
Ушбу тушунча ўзининг моҳиятига кўра барча давлат органларига тегишлидир, чунки санаб ўтилган функциялар уларнинг барчасига хосдир. Ҳозирги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи фаолияти тушунчасини таърифлашда унга бир қадар чегараланган мазмун бериш анъанаси кенг тарқалган. Масалан, айримлар учун жиноятчиликка қарши кураш соҳасидаги ваколатли давлат органлари амалга ошираётган фаолият деб ҳисобланса, бошқалар учун эса жамоат тартибини таъминлаш деб қаралади4.
Олимларнинг таъкидлашича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар жумласига –ички ишлар, прокуратура, адлия органлари, миллий хавфсизлик, миллий гвардия, солиқ, божхона хизматлари, адвокатура ва бошқа органлар киради.
Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг ташкилий асослари ҳамда функцияларини ўрганиб чиқиш учун бир қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўрганиш зарур бўлади, ваҳоланки уларнинг аниқ миқдорини аниқлаш мушкул. Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари таянадиган ҳуқуқий негизини одатда таснифлашга ёндашилади.
Таъкидлаш керакки, ўтган давр мобайнида мамлакатимизда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи оранлар фаолиятини тартибга солувчи мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди. Хусусан, 2000 йил 14 декабрдаги (янги таҳрирда) “Судлар тўғрисида”ги, 2001 йил 29 августдаги (янги таҳрирда) “Прокуратура тўғрисида”ги, 1995 йил 30 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги, 1996 йил 27 декабрдаги “Адвокатура тўғрисида”ги, 1998 йил 25 декабрдаги “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги, 2001 йил 23 августдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги, 2016 йил 16 сентябрда “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2000 йил 14 декабрдаги “Судьяларнинг малака ҳайъатлари тўғрисидаги, судьяларнинг малака даражалари тўғрисидаги, суд ходимларининг мансаб даражалари тўғрисидаги, ҳарбий судлар фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги низомларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги 164-II-сон қарори, Ўзбекистон Репсубликаси Президентининг 2005 йил 8 августдаги “Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш тўғрисида”ги ПФ–3644-сон, 2004 йил 20 февралдаги “Умумий юрисдикция судларининг айримларини тугатиш ва қайта ташкил этиш тўғрисида”ги ПФ–3400-сон, 2008 йил 1 майдаги “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”гиПФ–3993-сон, 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–4848-сон, 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–4850-сон фанмонлари ҳамда 2011 йил 23 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–1602-сон, 2006 йил 31 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–458-сон қарорлари, 2012 йил 29 декабр-даги“Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида” Ф–3949-сон фармойиши, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 25 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳақида” 270-сон, 1991 йил 2 ноябр-даги “Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги 278-сон, 1997 йил 30 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида”ги 374-сон, 2001 йил 22 сентябрги “Ўзбекистон Республикаси судлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 383-сон, 2010 йил 21 майдаги “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини ҳуқуқий тартибга солишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 98-сон, 2009 йил 9 мартдаги “Адвокатлик фаолиятини лицензиялаш ва адвокатлик тузилмаларини ташкил этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида” 60-сон, 2012 йил 31 октябрдаги “Судьяларга, прокуратура органлари ҳамда ўзбекистон республикаси бош прокуратураси ҳузуридаги солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти ходимларига имтиёзли шартларда уй-жой сотиб олишга узоқ муддатли ипотека кредитлари бериш тартиби тўғрисидаги низомни ҳамда судьяларга, прокуратура органлари ҳамда ўзбекистон республикаси бош прокуратураси ҳузуридаги солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти ходимларига уй-жойларни ижарага олганлик (ижарага турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 312-сон қарорлари шулар жумласидандир5.
Бугунги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва назорат идоралари устидан жамоатчилик назорати ҳамкорлигини ошириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилади ҳамда аниқланган жиноятлар ва бошқа ҳуқуқбузарликларга оид мавжуд материаллар тўғрисидаги ахборотни алмашади, шу жумладан электрон шаклда алмашади, шунингдек бошқа ахборотни алмашишни амалга оширади.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича фаолиятни мувофиқлаштиришнинг таъсирчан тизимини яратиш, қонун бузилишларининг олдини олиш ва уларни бартараф этишнинг замонавий ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш мақсадида 2017 йил 14 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–2833 сонли қарори қабул қилинди. Мазкур қарорда ҳуқуқбузарликларнинг самарали профилактикасини амалга ошириш давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа давлат ташкилотлари, хўжалик бошқаруви органларининг устувор вазифаси этиб белгиланди. шунингдек, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари – видеокузатув, электрон ҳисобга олиш ва ўзаро ахборот алмашиш, идоралараро маълумотлар базалари тизимларидан кенг фойдаланиш йўлга қўйилди.
Таъкидлаш лозимки, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, энг аввало, мавжуд ижтимоий вазиятни яхшилаш, жумладан, аҳоли бандлигини таъминлаш, аёллар ва ёшларни ижтимоий-фойдали машғулотларга фаол жалб этиш, вояга етмаганларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳолатига боғлиқ. шу сабабдан ҳам ҳуқуқбузарликлар профилактикасига жалб этилган фуқаролар ва жамоат ташкилотларини моддий ва бошқача тарзда рағбатлантириш амалиёти жорий этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майдаги ПҚ–3723-сонли «Жиноят ва Жиноят-процессуал қонунчилиги тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликини такомиллаштириш “Концепцияси» тасдиқланди. Унда жиноят қонунчилигини халқаро стандартлар билан бирхиллаштириш, бошқача талқин этилиши мумкин бўлган нормаларни чиқариш, жазолар тизими ва уларни тайинлашни қайта кўриб чиқиш, рағбатлантирувчи нормаларни, жумладан, жазони енгиллаштириш ёки шахсни жиноий жавобгарлик ёхуд жазодан озод қилиш шартларини ўрнатувчи нормаларни кенгайтириш, хавфлилиги юқори бўлмаган жиноятларни чиқариш каби вазифалар белгиланганди. Яъни, 2019 йилдан эътиборан ижтимоий хавфи катта бўлмаган айрим жиноят турларини жиноят тоифасидан чиқариш борасида фуқароларга берилаётган имтиёзлар, қонунчиликда одил судловни таъминлаш борасидаги либерализация жараёнлари ҳамда суд қарорларини прокуратура томонидан ўрганиш амалиётининг чекланиш тизими жорий этилди.
Инсон ҳуқларини таъминлаш борасида 1995 йил февралда Ўзбекистонда Омбудсман институти ташкил этилди. Ўтган тарихий даврда Омбудсман институти фаолиятининг тарихи ва такомиллашуви мамлакатимизда Парламентарзм тараққиёти билан бир жараёнда ислоҳ этиб борилмоқда. Янги қонуннинг муҳим жиҳати шундан иборат бўлдики, Вакил фаолияти кафолатлари, дахлсизлик ҳуқуқи янада мустаҳкамланди. Қонунда “Вакил дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади ва у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас” эканлиги белгиланиб, бу қоида ўз навбатида Вакилни дахлсизлик ҳуқуқидан факатгина Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палаталари маҳрум этиши белгилаб қўйилди.
2017 йил эса Омбудсман ҳаётида янги даврни бошлаб берди. Яъни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” да унинг обрў-эътибори янада ошганлигини кўриш мумкин. Шу боисдан шу йил 9 августда Олий Мажлис томонидан «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонуни эълон қилинди. Унга кўра фуқароларнинг мурожаатлари ариза ва таклифлари алоҳида қонун билан белгиланган тартибда кўриб чиқилиши билан бирга, нафақат вакилнинг, балки унинг минтақавий вакилларининг ваколатлари ҳам белгиланди6.
Шу билан бирга тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган чора тадбирлар натижасида 2019 йилнинг сўнгги 3 ойи мобайнида Президентнинг “Халқ қабулхоналари” га 12 мингдан зиёд тадбиркорлардан мурожаатлар келиб тушган7 . Маҳаллий ҳокимликлар ҳузурида “Обод қишлоқ” мақсадли жамғармалари тузилиб, улар ҳам жойларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кўмаклашиб келмоқдалар. «Ҳар бир оила – тадбиркор», «Ёшлар – келажагимиз» каби дастурлар доирасида 2 триллион сўмга яқин маблағ ажратилиб, жойларда 2 минг 600 дан ортиқ бизнес лойиҳалари амалга оширилган8.
“Янгиланаётган Ўзбекистон” тарихида тадбиркорлик соҳасидаги муҳим янгиликлардан бири, бу 2017 йил 5 майдаги махсус фармонга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил-“Бизнес омбудсман” ташкил қилинган. Ўзбекистонда 2019 йилнинг 1 декабрь ҳолатига 761 248 нафар тадбиркор рўйхатга олинган бўлиб, Бизнес-омбудсман манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда ишини тўхтатган 47 304 нафар тадбиркор фаолиятини тиклашга эришган.
Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа ташкилотлар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда, жамоат тартибини сақлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлашда, жиноятлар ва маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларни фош этишда, жиноят ишларини тергов қилишда, жиноятчиларни қидиришда, бедарак йўқолганларнинг турган жойини аниқлашда, шунингдек ҳуқуқбузарликлар профилактикасида ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар органларига ўз ваколатлари доирасида кўмаклашадилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |