Меҳнат бозорининг асосий субьектлари иш берувчилар билан ёлланма ходимлардир.
Иш берувчи – ёлловчи бўлиб, у мулкчиликнинг қонунлаштирилган тузилмасига боғлиқ равишда турли «қиёфа»да намоён бўлиши мумкин. Иш берувчи: давлат корхоналари, хиссадорлик жамиятлари, жамоат ташкилотлари, жамоа хўжаликлари, хусусий корхоналар, хўжалик ассоциацияси, кооперативлар, қўшма корхоналар, якка тартибдаги ёлловчилар ва шу кабилар бўлиши мумкин.
Ёлланма ходимлар – булар эркин фуқаролар бўлиб, ёлланиб ишлаш улар учун тирикчилик воситаларини ишлаб топиш ва ўз-ўзидан кўпайиш манбаи хисобланади. Иш берувчилар учун улар жинси, ёши, малакаси, ижтимоий мақоми ва бир қатор ижтимоий хосил қилинган сифатлари (жавобгарликни хис қилиши, ишчанлиги, интизомлилиги, тадбиркорлиги ва хоказо) билан турли даражада қадрлидир.
Меҳнат бозоридаги муносабатлар тизими учта асосий таркибий қисмдан ташкил топади:
ёлланма ходимлар билан иш берувчилар ўртасидаги муносабатлар;
меҳнат бозори субьектлари билан вакиллар (касаба уюшмалари, иш берувчиларнинг уюшмалари, бандлик хизматлари) ўртасидаги муносабатлар;
меҳнат бозори субьектлари билан давлат ўртасидаги муносабатлар.
Меҳнат бозорини тўлақонли ишлаши учун ривожланган инфратузилма талаб қилинади. Меҳнат бозори инфратузилмаси – бу давлат муассасалари, бандликка кўмаклашувчи нодавлат тузилмалари, корхоналар ва фирмаларга кадрлар билан хизмат кўрсатиш, меҳнат бозоридаги талаб билан таклиф ўртасидаги энг самарали ўзаро хамкорликни таъминлайдиган жамоат ташкилотлари ва жамғармалар кабилардир. Инфратузилма иш кучининг баҳоси, меҳнат шароити ходимларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш хусусида иш берувчи билан ходим ўртасидаги муносабатларни тартибга солиши, шунингдек меҳнат бозорида иш берувчилар билан ёлланма ходимлар хуқуқларини ҳимоя қилиш жараёнларини ташкил этиш ва тартибга солиш лозим.
Шуни таъкидлаш жоизки, «Меҳнат бозори» тушунчасининг ижтимоий-иқтисодий мазмуни ва уни таркибий қисмларининг систематик тадқиқоти мазкур бозорни ўтиш даврида бажариладиган асосий вазифаларни ҳам аниқлашга имкон беради:
ишчи кучига талаб ва таклифнинг ҳажми, таркиби ва нисбатини шакллантириш;
бозор услубида хўжалик юритишининг иқтисодий, ижтимоий ва ҳуқуқий механизмлари ёрдамида ишчи кучига талаб ва таклифни тартибга солиш;
меҳнат ресурсларининг оқилона бандлигини таъминлашга бевосита таъсир кўрсатиш;
ишсизларни иш топишга ёки бозор ва уларнинг малакаси ва рақобат қобилиятини оширишга кўмаклашиш;
ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш ва меҳнат тақсимотини ўзгартириш;
инсоннинг ҳам ишлаб чиқарувчи ва ҳам истеъмолчи сифатидаги манфаатлари мос келишини таъминловчи юқори унумдор меҳнатга қизиқишини тартибга солиш;
тақсимот муносабатларига билвосита таъсир қилиш.
Шундай қилиб, меҳнат бозорининг асосий вазифалари, хусусиятлари ва таркибий қисмлари мазмунини чуқур ўрганиш унинг рационал шаклланиши ва ривожланиши йўлини равшанроқ кўришга ва иш кучига талаб ва таклиф ўртасидаги нисбатнинг ўзига хос хусусиятларини топишга имкон беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |