4-мавзу. Меҳнат бозорида талаб ва таклиф ҳолатини таҳлил қилишда замонавий ахборот технологиялари дастурларидан фойдаланиш
РЕЖА
1.Меҳнат бозорида амал қилувчи тушунчалар.
2.Ишчи кучига талаб ва таклиф кўрсаткичларига баҳо бериш.
3.Ишчи кучига талаб ва таклиф ўртасидаги мувозантни ўрнатилишини таҳлили.
1. Меҳнат бозорида амал қилувчи тушунчалар. Ҳозирги вақтда ўтиш даври иқтисодиётининг олдида турган долзарб муаммолардан бири меҳнат бозорини самарали шакллантириш ва ривожлантиришдир. Бунинг учун, ҳаммадан аввал ижтимоий ва иқтисодий тизимлар ривожланишининг объектив қонунларидан саводли фойдаланиш зарур.
Маълумки, тараққиёт соҳиби бўлиб хизмат қилган инсон - жамиятнинг асосий ишлаб чиқариш кучи ҳамдир. У бир вақтнинг ўзида моддий бойликлар ва хизматларнинг ишлаб чиқарувчиси ва истеъмол қилувчиси бўлганлиги сабабли, айнан унинг туфайлигина «Ишлаб чиқариш - истеъмол» тизимида мувозанатга эришилади. Фақат инсон эҳтиёжини жуда муҳим деб билган ва унинг самарали такрор ишлаб чиқарилишини таъминланган жамиятгина энг юқори тараққиётга эришади. Жамиятнинг бошқа барча воситалари: мулкчилик шакллари, ишлаб чиқариш ва илмий салоҳият, молия, нархлар ва ҳ. к. ушбу асосий мақсадга бўйсуниши керак. Бу дегани, бугунги бозорга қараб иқтисодий тизим ҳаракатини тўғри мўлжалга олмоқ, ўтиш даврини тезлатмоқ ёҳуд секинлаштирмоқдир.
Меҳнат бозори бозорнинг бошқа барча тизимчалари билан узвий боғланган. Ҳақиқатдан ҳам, талабга эга бўлиш учун ишчи кучи жисмоний, ақлий ва касбий қобилиятларнинг белгиланган мажмуасига эга бўлиши керак. Ишлаб чиқариш жараёнига бу қобилиятларни татбиқ эта туриб, у ўз истеъмол сифатларини йўқотмаслиги учун доимо қайта ишлаб чиқарилиши лозим. Нафақат ўзини қайта ишлаб чиқариш, балки меҳнат ресурслари ва бутун аҳолининг сифат кўрсаткичлари ҳам яхшиланишини рағбатлантириб бориб, келажакда қайта ишлаб чиқаришга асос солиши керак. Бундан келиб чиқадики, меҳнат бозорида рақобат ходимнинг меҳнат қобилиятини такомиллаштирувчи асосий куч сифатида мавжуд бўлиши лозим.
«Меҳнат бозори дейилганда ишчи кучини сотиш, сотиб олиш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ижтимоий-иқтисодий муносабатлар мажмуаси тушунилади».
Талаб ва таклиф ўртасидаги нисбатга қараб меҳнат бозори коньюнктураси уч турда бўлиши мумкин:
меҳнат тақчил бўлган бозор; унда меҳнатни таклиф қилишда етишмовчиликлар бошдан кечирилади;
меҳнат ортиқча бўлган бозор; унда кўп миқдорда ишсизлик мавжуд бўлади ва тегишли равишда меҳнат таклифи ортиқча бўлади;
мувозанатли бозор; унда меҳнатга бўлган талаб, уни таклиф қилишга мувофиқ келади.
Давлат томонидан қўлланиладиган тартибга солувчиларнинг (иқтисодий, ижтимоий, ташкилий ва ҳуқуқий) ўрни меҳнат бозорида зиддиятларни юмшатиш, ишчи кучига талаб ва таклиф коньюктурасидаги номувозанатликдан ва уларни инқирозий бузилиш оқибатларидан (ялпи ишсизликнинг пайдо бўлиши, ижтимоий хўжаликда ишга жойлашишга имконият йўқлиги, даромадларнинг пасайиши ва бошқалардан) огоҳлантириш йўли билан белгиланади. Баъзида бозор муносабатларининг ижтимоий оқибатлари натижасида шундай шароитлар шаклланадики, унда қишлоқ аҳолисининг бир қисмини меҳнат қилиш ва даромад олиш ҳуқуқларига эга бўлишида жиддий қийинчиликлар вужудга келиши оқибатида турмуш даражаси пасаяди. Иқтисодий тартибга солувчилар (солиқлар, меҳнат ҳақи, молия-кредит воситалари, инвестициялар (сармоялар)нинг жалб этилиши, бандликка кўмаклашиш жамғармаси ва бошқалар) ижтимоий-иқтисодий муҳитни яратишга қаратилган, унда қишлоқ ишчи кучининг ҳаракати талаб ва таклифга мувофиқ ҳар бир мазкур даврда қуйилган мақсадлар ва вазифаларни амалга оширишда содир бўлади. Тартибга солувчиларнинг энг муҳим йўналиши шундан иборатки, уларнинг мажмуаси орқали меҳнат бозорида нисбий мувозанатга эришиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |