Фан-техника ютуқлари билан халқаро айирбошлаш бир қатор шаклларда амалга оширилади. У илмий-техникавий ахборотлар, мутахасислар, фан соҳаси ходимлари билан айирбошлашни, тадқиқот ва янгиликларни лицензия асосида беришни, илмий-тадқиқот ишлари ўтказишни, умумий фан-техника ва технологияни ишлаб чиқариш бўйича қўшма тадбиркорликни ўз ичига олади.
Илмий-техникавий ҳамкорликнинг муҳим шаклларидан бири халқаро инжиниринг ҳисобланади. Халқаро инжиниринг бир давлат томонидан бошқасига саноат ва бошқа объектларни лойиҳалаштириш ва қуриш жараёнига керакли ҳисоб-китоб лойиҳаларини бериш ҳамда инженерлик-қурилиш хизмати кўрсатишдан иборат бўлади.
Жаҳон инфратузилмаси. Товарлар, ишчи кучи, молиявий воситаларнинг миллий чегаралар орқали тўхтовсиз ўсиб борувчи ҳаракати бутун жаҳон инфратузилмасининг ривожланиши ва такомиллашувини тезлаштиради. Муҳим транспорт тизими (денгиз, дарё, ҳаво, темир йўл транспорти) билан бир қаторда жаҳон иқтисодиётининг ривожланишида ахборот коммуникациялар тармоғи тобора кўпроқ аҳамият касб этиб боради. Муносиб умумжаҳон инфратузилмаси бўлмаса, ҳозирги ишлаб чиқарувчи кучларнинг байналминаллашувини ривожлантириб бўлмайди. Бундай инфратузилманинг айрим таркибий қисмлари жаҳон савдоси вужудга келаётган, жаҳон бозори ташкил топаётган вақтда пайдо бўлган.
4. Жаҳон хўжалиги алоқаларини халқаро тартибга солиш.
Халқаро иқтисодий муносабатларни тартибга солиш миллий-ташкилий шакллардан бошланади. Хўжалик ҳаётининг байналминаллашув жараёни дастлаб миллий давлатлар фаолиятини халқаро уйғунлаштиришга, кейин эса давлатлараро ва халқаро ташкилотлар тузилишига олиб келди.
Биринчи халқаро ташкилотлар ХХ асрнинг 20-йилларида тузилган бўлсада (Миллатлар лигаси - 1919 йил, Халқаро ҳисоб-китоблар банки - 1929 йил), халқаро даражада жаҳон хўжалик алоқаларини кўп томонлама тартибга солувчи тузилмалар иккинчи жаҳон урушидан кейин шакллана бошлади.
1945 йил махсус халқаро уйғунлаштирувчи муассасалар – Халқаро валюта фонди (ХВФ) ва Халқаро таъмирлаш ва ривожлантириш банки (ХТРБ) ташкил топди. Ҳозирги даврда ҳам уларнинг иккаласи муҳим халқаро ташкилот ҳисобланиб, жаҳон савдоси, халқаро кредит ва валюта муносабатлари соҳаларини давлатлараро тартибга солишнинг тартиб-қоидаларини аниқлаб беради. Урушдан кейинги даврда тузилган Тарифлар ва савдо бўйича бош келишув (ТСБК), Европа иқтисодий ҳамкорлиги ташкилоти (ЕИХТ), НАТОнинг иқтисодий масалаларни уйғунлаштирувчи комитети (ИМУК) халқаро иқтисодий муносабатларни эркинлаштириш даврига тўғри келди.
Халқаро иқтисодий муносабатларнинг яна бир аҳамиятга молик соҳаси – бу валюта-молия соҳасидир. Халқаро молиявий муносабатларни уйғунлаштириш ХВФ, ХТРБ, иқтисодий хамкорлик ва ривожланиш ташкилоти (ИҲРТ), халқаро ривожланиш уюшмаси (ХРУ), Халқаро молиявий корпорация (ХМК) ва шу кабилар доирасида амалга оширилади. Ғарбдаги етти етакчи мамлакатларнинг ҳар йиллик кенгаши бу соҳада муҳим роль ўйнайди.
Валюта–молиявий соҳани халқаро уйғунлаштиришнинг кучайиши кўп жиҳатдан ХВФнинг фаолияти билан боғлиқ. У ўзининг низомига мувофиқ валюта курслари ва аъзо мамлакатлар тўлов балансларини тартибга солади, кўп томонлама тўлов тизимлари ва ривожланаётган мамлакатлар ташқи қарзларини назорат қилади, аъзо мамлакатларга уларнинг валюта-молия муаммоларини ҳал қилиш учун кредит беради.
Шарқий Европа минтақасида таркибий қайта қуришга молиявий таъсир кўрсатиш ва ёрдам ташкил қилиш мақсадида 1991 йил Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) тузилди.
Шуни таъкидлаш лозимки, жаҳон иқтисодий муносабатларини хақаро тартибга солиш тизимида доимий ўзгаришлар рўй бериб туради.
80-йилларда иқтисодий, ижтимоий, сиёсий сабаблар тақозо қилган дунё сиёсий вазиятдаги ўзгаришлар, жаҳон хўжалик алоқалари тизимини кўп томонлама тартибга солиш шакллари эволюциясига олиб келди. Булар ичида собиқ социалистик мамлакатларда вазиятнинг ўзгариши, ташқи фаолиятида мустақил субъектларни ташкил қилувчи давлатлар сонининг кескин кўпайиши ҳамда дунё мамлакатлари ичида рўй берадиган ўзгаришлар муҳим ўрин тутади.
80-йилларнинг ўрталарида дунёда АҚШ, Ғарбий Европа ва Япониядан иборат анча қудратли рақобатлашув марказ вужудга келдики, бу ҳам жаҳон иқтисодий муносабатларини тартибга солишга ўз таъсирини кўрсатади.
Жаҳон хўжалик алоқаларини тартибга солишга халқаро ташкилотлар аъзолар таркибидаги ўзгаришларнинг ҳам таъсири бўлди. ХВФ, ХТРБ, ТСБКга Осиё, Африка, Лотин Америкасидаги озод бўлган мамлакатлар ва кейин қатор собиқ социалистик мамлакатлар фаол кира бордики, бу ҳам жаҳон хўжалиги алоқаларини тартибга солишда маълум ўзгаришларга олиб келади.
Европа Иттифоқи (ЕИ) доирасида ягона бозорни бунёд этишга ҳаракат туфайли ягона умумевропа фуқаролиги, иқтисодий, валюта ва сиёсий иттифоқ таъсис этилади. Бу Иттифоқнинг Шартномада белгиланган вазифаларини бажариш учун бир қатор Европа муассасалари тузилди.
Европа Иттифоқининг ижроия органи Европа ҳамжамияти Комиссияси (ЕҲК)дир. Унинг аъзоларини миллий ҳукуматлар тайинлайди, лекин улар ўз фаолиятларида мутлақо мустақилдир.
Иттифоқнинг қарорлар қабул қилиш органи Вазирлар Кенгаши ҳисобланади. Унинг таркибида ички ишлар, молия, таъминот, қишлоқ хўжалиги каби Вазирлар Кенгаши мавжуд бўлади.
Европа ҳамжамияти Комиссияси фаолиятини назорат қилиш, ҳамжамият бюджети ва қонунларини маъқуллаш ҳамда уларга ўзгартириш киритиш ҳуқуқи Европаламент зиммасига юклатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |