Кидарийлар. V асрнинг 20-йилларида Ўрта осиёга Шарқдан Сирдарё ва орол бўйлари орқали яна бир кўчманчи аҳоли – кидарийлар ( юечжи ёки тохарларнинг авлоди) кириб келади. Кидар исмли ҳукмдор йўлбошчилик қилгани учун улар кидарийлар номи билан тилга олинади. Кидарийлар Суғдиёнани, Амударё бўйларидаги ерларни эгаллаб, ўз ҳукмронлигини ўрнатадилар. Кидарийлар Балх шаҳрини ўз давлатининг пойтахтига айлантирадилар. Бироқ кидарийлар ҳукмронлиги узоқ давом этмади. Кидарийлар билан сосонийлар ўртасида зиддиятлар кучайиб, улар ўртасида бир неча марта қуролли тўқнашувлар бўлиб бўлади. 456 йилда бўлган навбатдаги жангда кидарийлар сосонийлардан қақшатғич зарбага учрадилар. Айни пайда шимолдан жанубга силжиб келаётган эфталийлар босимига учраб, шимолий Ҳиндистон томон чекинишга мажбур бўлдилар. Кидарийлар у ерда 75 йилча ҳукмронлик қиладилар.
Эфталийлар. Уларнинг этник таркиби, давлат ташкил этишлари хусусида тарихий манбаларда турли хил қарашлар мавжуд. Рим ва Византия тарихчилари Марцелин (IV аср), Прокопий Кесарийский, Феофан Византийский (VI аср), арман тарихчилари Лазар Парбский (V аср), Фавст Бузанд (IV аср), хитой солномаларидан Бей-ши (VI аср) берган маълумотлар шулар жумласидандир. Масалан, эфталийлар Хитой манбаларида «и-да», «йе-да», арманларда «идал», «тетал», хептал, арабларда «ҳайтал», Сурия ва лотин манбаларида «эпталит», «эфталат», «абдал» деб номланади. Бундай турлича атамалар ҳар бир тил ва ёзувнинг ўзига хос хусусиятлари ифодасидир, албатта. Рус ва Византия тарихчиларининг аксарияти эфталийларни туркий қабила-массагетларнинг сўнгги бўғинидан келиб чиққан деб фикр билдирадилар. Ф.Византийский эфталлар номини V асрнинг иккинчи ярмида подшоҳлик қилган Вахшунвор Эфталон номи билан боғлайди. Бироқ нима бўлганда ҳам шу нарса ҳақиқатки, эфталийлар Туркистон минтақасида кўпдан буён яшаб келган туб жой, ерли қавмлардандир.
Эфталийлар ҳукмдори Вахшунвор Эфталон 457 йилда Чағониён (ҳозирги Сурхон ерлари), Тохаристон ва Бадахшонни ўзига бўйсундиради. Сўнгра эфталийлар Суғдда ҳам мустаҳкамланиб олади. Улар кўп ўтмай ўз ҳудудий ерларини кенгайтиришда давом этиб, Қобул ва Панжоб водийсини, шунингдек, Кучу, Қошғар ва Хўтонни (Шарқий Туркистон) забт этадилар. Хуллас, улар аввалда Кушонлар салтанати эгаллаган ҳудудларни бирин-кетин қўлга киритиб, ўз сиёсий ҳокимиятини кўчайтиришга эришадилар. Улар тузган қудратли давлат Ўрта Осиёдан ташқари Шарқий Туркистон, Шимолий Ҳиндистон, Шарқий Эрон ҳудудларига ҳам ёйилган эди. Эфталийлар даврининг йирик маданий марказлари Пойканд Варахша Балх Давлат тепасида подшо турган Шундай қилиб: Эфталийлар Ўрта Осиё, Шарқий Эрон, Шимолий Ҳиндистон ва Шарқий Туркистон халқларини ягона давлатга бирлаштириб, ўз ўтмишдошлари(кушонлар) сиёсатини давом эттирганлар.
Эфталийлар бир неча бор ўзларининг энг кучли рақиби Эрон сосонийлари билан ҳам урушлар олиб борадилар. Хусусан Эрон шоҳи Перўз билан бўлган урушларда уларнинг қўли баланд келиб, Эрон ҳукмдори икки бор асирликка тушади. Катта тўлов ва мажбуриятлар эвазига аранг қутилган Перўз ўғли Кубодни узоқ муддат эфталийларга гаровга беришга мажбур бўлади. Перўзнинг 484 йилдаги учинчи уруши сосонийлар шоҳининг ҳалокати билан тугайди. Эфталийлар Марвни эгаллайди, Эрон устига оғир ўлпон юкланади. Перўздан сўнг ҳокимиятга келган Кубод (488-531) даврида ҳам Эрон эфталийларга хирож тўлашга мажбур бўлган. VI аср бошларига келиб Эфталийлар давлати шу қадар кучайиб кетадики, улар 502-йилда Византияга ҳам юриш қилиб унга ката талофат етказадилар. 506 йилда икки ўртада тузилган сулх шартномаси бўйича эфталийлар Византиядан катта миқдорда ўлжа олиб қайтганлар. Кубоднинг ўғли Хусрав I Ануширвон ҳам 554 йилга қадар эфталийларга ҳар йили хирож тўлаб турган. Кейинроқ Турк хоқонлигининг эфталийларга берган кучли зарбаси натижасидагина Эрон эфталийлар таъсиридан қутилишга муваффақ бўлган.
Эфталийлар даврида давлат якка ҳукмдор томонидан бошқарилган, бироқ тахт отадан болага мерос бўлиб қолмай, сулоланинг энг лойиқ деб топилган кишисига берилган. Мамлакат ҳудудлари марказий ҳокимият ноиблари орқали идора этилган. Давлатни бошқаришнинг ўзига хос қонун- қоидалари бўлган. Мамлакат лашкарини асосан отлиқ аскарлар ташкил этган.
Do'stlaringiz bilan baham: |