Билиш ва билим. Билишнинг моҳияти, шаклланиш ва ривожланиш қонуниятлари, хусусиятларини ўрганиш фалсафа тарихида муҳим ўрин эгаллаб келмоқда. Инсон ўз билими туфайли борлиқ, табиат, жамиятни ва, ниҳоят, ўз-ўзини ўзгартиради. Билишга қаратилган инсон фаолиятини ва уни амалга оширишнинг энг самарали усулларини тадқиқ этиш фалсафа тарихида муҳим аҳамиятга эга. Шу боис ҳам фалсафанинг билиш масалалари ва муаммолари билан шуғулланувчи махсус соҳаси - гносеология вужудга келди.
Инсон билиши ниҳоятда кўпқиррали, муракккаб ва зиддиятли жараёндир. Гносеология асосан билишнииг фалсафий муаммоларини
ҳал этиш билан шуғулланади. Ҳар бир тарихий давр жамиятнинг ривожланиш эхтиёжларидан келиб чиқиб, гносеология олдига янги вазифалар қўяди. Хусусан, XVII аср ўрталарида европалик файласуфлар илмий билишнинг аҳамияти, хақиқий илмий билимлар хосил қилишнинг усулларини ўрганиш, илмий ҳақиқат мезонини аниқлаш билан шуғулландилар. Тажрибага асосланган билимгина ҳақиқий билимдир, деган ғояни олға сурдилар.
XVIII аср мутафаккирлари илмий билишда инсон ақли им-кониятларига, рационал билишнинг ҳиссий билишга нисбатан устунлигига алоҳида урғу бердилар. Буюк немис файласуфи И. Кант билиш натижаларининг ҳақиқийлиги хусусида эмас, балки инсоннинг билиш қобилиятлари ҳақида кўпроқ баҳс юритди. Гносеология олдига инсон оламни била оладими, деган масала кескин қўйилди. Инсоннинг билиш имкониятларига шубҳа билан қарайдиган файласуфлар агностиклар деб аталдилар.
Билиш нима? Билиш инсоннинг табиат, жамият ва ўзи туғрисида билимлар ҳосил қилишга қаратилган ақлий, маънавий фаолият туридир. Инсон ўзини қуршаб турган атроф-муҳит тўғрисида билим ва тасаввурга эга бўлмай туриб, фаолиятнинг бирон-бир тури билан муваффақиятли шуғуллана олмайди. Билишнинг маҳсули, натижаси илм бўлиб, ҳар қандай касб-корни эгаллаш фақат илм орқали рўй беради. Шунингдек, билиш инсонгагина хос бўлган маънавий эхтиёж, ҳаётий заруриятдир.
Кундалик фаолият жараёнида тажрибалар орқали билимлар ҳосил қилиш бутун инсониятга хос бўлган билиш усулидир. Билимлар бевосита ҳаётий эҳтиёждан, фаровон ҳаёт кечириш заруратидан вужудга келган ва ривожланган. Инсониятнинг анча кейинги тараққиёти давомида илмий фаолият билан бевосита шуғулланадиган ва илмий назариялар яратувчи алоҳида социал гуруҳ вужудга келди. Булар - илм-фан кишилари бўлиб, илмий назариялар яратиш билан шуғулланадилар.
Билишнинг икки шакли: кундалик (эмпирик) билиш ва иазарий (илмий) билиш бир-биридан фарқланади. Кундалик билиш усуллари ниҳоятда хилма-хил ва ўзига хос бўлиб, бундай билимларни системалаштириш ва умумлашган ҳолда кейинги авлодларга бериш анча мушкулдир. Ҳозиргизамон ғарб социологиясида халқларнинг кундалик билим ҳосил қилиш усулларини ўрганувчи махсус соҳа - этнометодология фани вужудга келди. Гносеология асосан назарий билиш ва унинг ривожланиш хусусиятларини ўрганиш билан шуғулланади. Назарий билишнинг объекти, субъекти ва предметини бир-биридан фарқлаш муҳим.
Билиш объекти. Тадқиқотчи-олим, файласуф, санoаткор ва бошқаларнинг, умуман инсоннинг билимлар ҳосил қилиш учун илмий фаолияти қаратилган нарса, ҳодиса, жараён, муносабатлар билиш объектлари ҳисобланади. Билиш объектлари моддий, маънавий, конкрет, мавҳум, табиий ва ижтимоий бўлиши мумкин. Билиш объектлари энг кичик зарралардан тортиб улкан галактикагача бўлган борлиқни қамраб олади. Билиш объектларига асосланиб, билим соҳалари табиий, ижтимоий-гуманитар ва техник фанларга ажратилади.
Билиш субъекти. Билиш билан шуғулланувчи кишилар ва бутун инсоният билиш субъекти ҳисобланади. Айрим олинган тадқиқотчи-олимлар, илмий жамоалар, илмий тадқиқот институтлари ҳам алоҳида билиш субъектларидир. Илмий фаолият табиат ва жамият моҳиятини билишгагина эмас, балки инсоннинг ўзига ҳам қаратилиши мумкин. Инсон ва бутун иисоният айни бир вактда ҳам билиш объекти, ҳам билиш субъекти сифатида намоён бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |