Қўл ва оёқ скелетлари. Қўл скелетига ўмров ва курак суякларидан иборат елка камари ҳамда елка, билак, тирсак ва панжа суякларидан ташкил топган эркин қўл қисми киради. Қайд қилинган суякларнинг болаларда ривожланиши ҳар хил ёшда турлича бўлиб, улардан ўмров суяги онтогенезда кам ўзгаради. Куракнинг суякланиши бола 16-18 ёшга боргунча давом этади, қўл эркин қисмининг суякланиши эса 18-20 ёшгача, баъзан ундан ҳам кейинга қолиши мумкин.
Панжа ва бармоқларда суякланиш тамом бўлмай туриб (бу жараён 11-12 ёшларгача давом этади) болалар хат ёзганда тез чарчаши мумкин. Бундай аломатлар сезилганида панжа бармоқларини турли томонга ҳаракат қилдириб, чарчашни йўқотиш лозим. Жисмоний машқлар билан шуғулланиш жараёнида болалар қўлларининг айтиб ўтилган хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда машғулотлар ўтиш мақсадга мувофиқ. Боланинг кичиклигидан бошлаб мусиқа асбобларида машқ қилиши бармоқларнинг суякланишини анча кечиктиради ва натижада тегишли бармоқлар бошқаларидан бироз узун бўлади.
Оёқ скелети чаноқ қисми ва оёқнинг эркин суякларидан иборат. Чаноқнинг муҳим вазифаларидан бири ички аъзоларни ушлаб туриш бўлиб, у 3 та суякнинг (ёнбош, қов ва қуймич) ўзаро бирлашишидан ташкил топган. Энди туғилган болаларнинг чаноғ суяклари бир-бири билан бирлашмаган бўлиб, бирлашиш 5-6 ёшлардан бошланади, 17-18 ёшгача давом этади (бирламчи суякланиш). Уларнинг бир-бирига мустаҳкам бирлашиши (иккиламчи суякланиш) эса 20-25 ёшгача ҳам давом этиши мумкин. Қизларнинг чаноғи ўғил болаларникидан бироз кенгроқ бўлади ва бу ҳолат уларда вақти келиб бола туғиш жараёнини енгиллаштиради. Қиз ва ўғил болаларда чаноқнинг ушбу фарқи одатда 9 ёшдан кейин юз беради.
Думғаза умуртқаларининг ўзаро бирлашиб, яхлит думғаза суягига айланиши ўспиринлик даврида юз бериб, бу даврда қиз болаларнинг баланд жойлардан сакраши, пошнаси баланд оёқ кийимларидан фойдаланиши ҳали мустаҳкам бирлашмаган чаноқ суякларининг силжиб кетишига ва бу ҳолат ўз навбатида чаноқ тешигининг кичрайиб, бола туғилишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Оёқнинг эркин суяклари сон, катта ва кичик болдир ҳамда оёқ панжа суякларидан иборат. Оёқ панжа суяклари ўз навбатида кафт олди, кафт суяклари ва панжа суякларидан ташкил топган. Оёқ панжа суяклари гумбаз ҳосил қилиб, у товон суяги ҳамда кафт суякларининг олдинги қисмига таяниб туради. Одамнинг тик юриши кўндаланг гумбаз ҳосил бўлишига олиб келиб, у тана оғирлигининг бир текисда тушиб туришини таъминлайди. Бундай гумбаз яна пружинасимон бўлгани учун юриш, югуриш пайтида ҳосил бўлган тана силкинишларини камайтиради. Энди туғилган бола оёғида бундай гумбазланиш у юра бошлаганидан кейин юзага келади. Оёқ панжаларининг гумбазли ҳолати кўпгина бўғим боғламлари билан сақланиб туради, бир жойда узоқ вақт туриб қолиш, оғир юклар кўтариб юриш ҳамда тор оёқ кийимларидан фойдаланиш панжа суякларининг сиқилиб туришига, гумбазнинг яссиланишига сабаб бўлади. Бу ҳол юриш-туришда қатор ноқулайликларга (масалан, ясси оёқлик) олиб келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |