Метаморф тоғ жинслари
Бирламчи ва иккиламчи жинсларни ҳар хил физик, кимёвий ва механик жараёнлар (жинслар ўртасидаги ўзаро реакциялар, тектоник жараёнлар, газлар таъсири, ҳарорат, юқори босим) таъсирида хоссалари ва шаклининг ўзгаришидан ҳосил бўлган жинслардир. Метаморф жинслар табиатда турли катталикда, кристалл ва қатламли сланец шаклларда учрайди. Кўпгина метаморф жинслар тузилиши бўйича отилиб чиққан жинсларга ўхшайди. Метаморф тоғ жинсларига қуйидагилар киради: гнейслар, мармар, кварцитлар, сланец, асбест.
Метаморф тоғ жинсларини ташкил этувчи минералларни бир неча гуруҳларга бўлиш мумкин: магматик ёки бирламчи тоғ жинслари ҳамда метаморф жинслари таркибида учрайдиган минераллар (дала шпати, кварц, слюда, роговая обманка, пироксенлар, оливин ва бошқ.); чўкинди жинслар таркибида учрайдиган оддий минераллар (кальцит, доломит), шунингдек, метаморф жинсларнинг ўзидагина учрайдиган тубдан ўзгарган махсус минераллар. Қурилишда ишлатиладиган асосий метаморф жинсларнинг айримлари билан танишамиз.
Гнейс - гранит, кварц порфирлари ва айрим конгломератларнинг атмосфера таъсирида кўриниши ва хусусиятлари ўзгарган, яхлит ёки юпқа сланецлар қатламидан ташкил топган жинс. Улар таркиби бўйича гранитга ўхшаш. Зичлиги 2400– 2800 кг/м3, сиқилишдаги мустаҳкамлик чегараси 120–200 МПа. Гнейс харсангтош, бетон учун йирик тўлдиргич, йўлкалар учун плита сифатида ишлатилади.
Лойсимон сланецлар - лойнинг юқори босим остида қайта кристалланишидан ҳосил бўлган қаттиқ лойсимон кулранг жинс. Сув таъсирида намланмайди. Таркибида, асосан, кварц, слюдалар ва тупроқ бор. Лойсимон сланец юпқа (қалинлиги 2,5 мм. дан катта) пластинкалар тарзида тилинади. Бундай пластинкалар том ва қоплама ашёлар сифатида ишлатилади. Ундан ташқари, пол қуришда ва электр токидан муҳофазаловчи тахтачалар тайёрлашда ҳам қўлланилади.
Мармар – кристалли кальцит доналаридан ташкил топган зич жинс. Унда слюда, дала шпати, кварц, темир оксиди ва кўмир бирикмалари ҳам бўлади. Тоза мармар оқ рангда, агар унда марганец ва темир бирикмаларининг аралашмалари бўлса, қизил, бинафша, кулранг, ҳатто қора бўлиши мумкин.
Мармарнинг қаттиқлиги 3–4, сиқилишдаги мустаҳкамлик чегараси 80–300 МПа, зичлиги 2600–2800 кг/м3. Мармарни арралаш, силлиқлаш ва пардозлаш қийин эмас. Аммо у кислоталар, атмосферадаги газлар ва карбонат сувлари таъсирида бузилади. Шу сабабли мармар бинонинг ички қисмини қоплашда, шунингдек, ҳайкалтарошликда, зинапоя ва пол плиталарини тайёрлашда мозаик бетонлар учун тўлдиргич сифатида кўп ишлатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |