Биринчидан, малака – бу спорт машқлари жараёнида шакллантириладиган маҳоратнинг юқори даражаси бўлиб, уларсиз муракаб жисмоний ҳаракатларни бажариб бўлмайди.
Иккинчидан, спорт билан боғлиқ хатти-ҳаракатлар доимо жуда катта жисмоний ва руҳий энергия сарф қилиш, юксак масъулият билан боғлиқ бўлганлиги учун ҳам бажарилаётган ҳаракатлар, усуллар яхши даражада англанган бўлар экан.
Демак, спортдаги ҳаракат малакалари онгли фаолитнинг механик равишда бажарилаётган компонентлари (унсурлари) бўлмасдан, спортчининг онгли ҳолда бажарилаётган яхлит хатти-ҳаракатларидир.
Масалан, профессионал боклер секундига 10-12 зарба бера олади. У машқлар қилиш жараёнида юксак малака ҳосил қилган. Лекин вазиятга қараб, тактик масалалар ечимига кўра, бу ҳаракатлар йўналишини онгли равишда бошқариб, ўзгартира олади.
Спортчининг ҳаракат фаолиятида унинг ҳиссий ва ақли-мантиқий соҳалари (хусусиятлари) ўзига хос равишда бирлашиб кетади. Спорт фаолияти жараёнида ҳаракат анализаторларининг ишлаши ҳам такомиллашиб, бажарилаётган ҳаракатларни аниқ сезиш ва тасаввур қилишга олиб келади.
Маълум бир мақсадли натижага эришиш учун келинаётган жисмоний машқларни англаш, фақат уни бир бутун (комплекс) ҳолда эмас, балки унинг айрим бажарилаётган қисмларига ҳам тааллуқли бўлади.
Масалан, баландликка сакраётган спортчи югуриш темпи, планка олдидаги масофа, сакраш, планка устидан ўтаётгандаги тана ҳаракатларини англаб, барчасини уюшган ҳолда бажаради. Унинг бу ҳаракатлари жуда тез ўтиб кетади, уни кўз билан ҳам илғаш қийин...
Шунга ўхшаш жисмоний ҳаракатларни бажаришга юқори малака ҳосил қилган спортчи, машқларни бажариш жараёнида йўл қўйилган энг кичик техник хатоларни ҳам англаши ва кейинги машқларда уни тузатиши мумкин. Буларнинг ҳаммаси спортдаги ҳаракат малакаларини машқлар жараёнида керакли даражада такомиллаштирилган аниқ, тез ва кам энергия сарфлаб бажариладиган англанилган хатти-ҳаракатлар, деб қабул қилишга асос бўлади.
Спорт машқлари ва ўргатишнинг психологик таҳлилида, спортчининг иродавий хислатларини тарбиялаш муаммоси катта аҳамият касб этади.
Тадқиқотлар бир томондан, катта қийинчиликларни енгиб ўтишда иродавий жараёнларнинг психологик хусусиятларини аниқлашга ёрдам берган бўлса, иккинчи томондан, қийинчиликларни енгиб ўтишда намоён бўладиган дадиллик, қатъиятлилик, матонат ва интизомлилик каби ирода сифатларининг психологик характеристикасини тўлароқ билиб олишга ёрдам берди.
Do'stlaringiz bilan baham: |