В. Кутишлар ва тахминларнинг идрокка таъсири. Кўпинча бизнинг идрокимиз айни пайтда биз нималарни кутаётганимизга боғлиқ бўлиб қолади. Биз ўзимиз кутгандан ҳам кўп пайтларда ўзимиз кўргимиз келган нарсаларни кўрамиз, эшитгимиз келган нарсани эшитамиз. Масалан, сонлар қаторида пайдо бўлган В ҳарфи узоқдан албатта 13 сонидай идрок қилинади, ёки аксинча ҳарфлар орасидаги 13 «В» га жуда ўхшайди. Кечаси ёлғиз қолиб кимнидир кутаётган бўлсангиз, ҳар қандай жуда секин шарпа ҳам оёқ товушларига ўхшайверади. Соғинган дўстингизга бирор жиҳати билан ўхшаш бўлган одамни кўрсангиз-чи?
Шундай қилиб, инсон идроки шахсий маъно ва аҳамият касб этган маълумот воситасида онгдаги бўшлиқни тўлдиришга ҳаракат қилади. Бировнинг орқадан чақиришини кутаётган бўлсангиз, негадир албатта, бош ҳарфи тўғри келган исмни айтса ҳам тезгинада ўша томонга ўгирилиб қарайсиз. Айнан шундай ҳодисалар баъзан идрокдаги хатоликларнинг келиб чиқишига олиб келади. Америкалик Дж. Бэгби деган олим стереоскоп орқали америкалик ва мексикалик болаларга шакли унчалик аниқ бўлмаган слайдларни бирин-кетин кўрсатган. Америкалик болалар уларни бейсбол ўйини, оқ сочли қиз ифодаланган десалар, мексикалик болалар уларни буқалар жанги, қора сочли қиз, деб таърифлаганлар. Кўпчилик болалар эса кўрсатилган иккита расмдан фақат биттасини кўрганини эътироф этганлар. Демак, бизнинг идрокимиз, унинг мазмуни маданий ва маънавий муҳитга ҳам боғлиқ бўлиб, бу кутишлар тизимидан келиб чиқаркан.
Г. Ўзгармас маълумотнинг идрок қилинмаслиги қонуни. Бу қонуннинг моҳияти шундаки, мунтазам таъсир этувчи маълумот онгда узоқ ушлаб турилмайди. Масалан, ўтирганингизда соатнинг тикқилашини эшитганмисиз? Ҳа, товуш эшитилади, лекин маълум вақт ўтгандан сўнг у йўқ бўлиб қолгандай - эшитилмайди. Ёки эксперимент шароитида ёлғиз битта нуқтадаги ёруғлик манбаи кўзга таъсир этилиб, кўз ҳам шу нуқта билан бир вақтда ҳаракатга келтириб турилганда, 1-3 секунддан сўнг одам ёруғлик манбаини кўрмай қўйгандек. Шунга ўхшаш экспериментлар барча идрок турларида ҳам синалган. Паст оҳангли куй ҳам маълум вақтдан кейин эшитмагандай ҳисни келтириб чиқаришини синаб кўришингиз мумкин.
Нутқ воситасида ҳадеб бир хил сўзларни қайтаравериш психотерапевтик практикада гипнотик ҳолатни келтириб чиқарувчи омил сифатида ишлатилади. Чунки бир хил сўзлар ҳадеб қайтарилаверса, улар ўзининг маъно - моҳиятини ҳам йўқотади. Масалан, кўчаларда юрадиган «фолбинлар»ни кўрганмисиз? Улар автоматик тарзда айтадиган сўзлари аслида уларнинг ўзлари учун умуман маъносини йўқотган («бахтингдан очайми, тахтингдан очайми?» ва ҳакозо шунга ўхшаш сўзлар). Ҳар қандай ҳаракат ҳадеб қайтарилаверса, «психологик тўйиниш» ҳодисаси рўй беради ва ҳаракатлар автоматлашиб, унинг айрим деталлари умуман онг назоратидан чиқади. Масалан, маҳоратли раққоса ҳар қандай рақсга ҳам чиройли, жозибали ҳаракатлар билан ўйин тушиб кетаверади.
Do'stlaringiz bilan baham: |