Маънавий:
Инсоният яратилибдики у мукаммалликка интилиб келади. Албатта бу ўринда маънавиятнинг, билим ва тарбиянинг ўрни беқиёсдир. Чунки инсон боласи билим ва тарбия воситасида улғаяди. Агар у билим олмаса, яхши тарбия топмаса ҳаётда ўз ўрнини топиши даргумон. Демак, олинган билим ва тарбиянинг инсон онгида уйғунлашиб унинг турмуш тарзига айланиши инсон маънавиятини юзага келтиради.
Маънавият деганда ҳар қандай табиий, ахлоқий, ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий билимларнинг инсон тафаккурида мужассамлашуви ва бу билимларнинг кўникма, малака ва ҳаёт тарзларига айланиб кетиши тушунилади. Ёки бўлмаса, маънавият – инсоннинг руҳиятини, ўз-ўзини англаш, диди, фаросати, адолат билан разилликни, яхшилик билан ёмонликни, гўзаллик билан хунукликни, вазминлик билан жоҳилликни ажрата билиш қобилиятини, ақл-заковатини, мақсад ва ғояларни қўя билиш, уларни амалга ошириш учун ҳаракат қилиш ва интилиш салоҳиятидир.
"Маънавиятга мазмун жиҳатидан яқин келадиган маърифат, маданият, ахлоқ, тамаддун (цивилизация) тушунчалари мавжуд. Маънавият улар орасида умумийроқ мазмун-моҳиятга эга. Гарчи бу тушунчаларнинг ҳар бири маънавият иборасидан озми-кўпми фарқ қиладиган муайян маънони англатса ҳам, кенгроқ нуқтаи назардан қараганда, улар маънавият тушунчаси доирасига киради."1
Шундай қилиб маънавият (арабча, маънолар мажмуи) кишиларнинг фалсафий, сиёсий, ҳуқуқий, илмий, бадиий, ахлоқий, диний тасаввурлари ва тушунчалари мажмуини ташкил этади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, И.А.Каримовнинг "маънавият ҳақида гап кетар экан, мен аввало, инсонни руҳий покланиш ва юксалишга даъват этадиган, инсон ички оламини бойитадиган, унинг иймон-иродасини, эътиқодини мустаҳкамлайдиган, виждонини ўйғотадиган қудратли ботиний кучни тасаввур қиламан", деган фикрлари муҳим аҳамиятга эгадир.
Маънавият инсоннинг онги, туйғуси, ҳиссиёти, билими ва эътиқодида мужассамлашган руҳий сифат бўлиб, у шахс камолоти ва баркамоллигини белгилаб берувчи асосий мезонлардан бири ҳисобланади. Чунки фуқаролари маънавий баркамол жамиятгина ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан юксак чўққиларга кўтарилади.
Инсон ва жамият маънавий ҳаётининг ривожланишида ижтимоий ва индивидуал онгнинг роли каттадир. Чунки табиат ва жамиятда юз бераётган турли-туман ўзгаришлар, ҳар хил соҳалардаги янгиликлар фуқаролар онгида ўз аксини топади. Кишилар онгига таъсир этган воқеа-ҳодисаларга нисбатан улар ўз қарашларини, фикрларини ифодалайдилар. Ана шу ифодалаш ижтимоий ва индивидуал онг маҳсули сифатида намоён бўлади.
Ижтимоий онг табиий ва ижтимоий воқеликнинг инъикоси, жамиятнинг муайян даврига ёки қисмига тегишли бўлган умумий ҳис-туйғулар, кайфиятлар, қарашлар, ғоялар, назариялар мажмуидир. Масалан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мустақилликка нисбатан ўз ҳис-туйғулари, яъни мустақиллик туфайли юртимизда озодлик, эркинлик, демократия кенгаяётгани, одамлар руҳияти, мақсадларининг эркин баён қилиниши, долзарб муаммолар хусусида ўзларининг фикрларини айта олишларига имкониятларнинг тобора кучайиб бораётгани хусусида фикр билдирмоқдалар. Бу ижтимоий онгнинг ифода этилишидир.
Индивидуал онг эса муайян гуруҳ, элат ва миллатга мансуб бўлган айрим кишининг онги бўлиб, жамиятдаги воқелик ва реал борлиқнинг алоҳида олинган шахснинг онгида акс этишидир.
Ижтимоий ва индивидуал онгнинг моҳияти шундаки, жамият уларнинг мазмунига кўра ўз-ўзини англайди, ривожланиб, такомиллашиб боради. Масалан, агар жамиятимизда бирон-бир ижобий ёки салбий ҳодиса содир бўлса, у кишилар онгига таъсир кўрсатади ва унинг онгдаги инъикоси, албатта, ҳатти-ҳаракатлар, муносабатлар, баҳолар кўринишида ана шу воқеликка қайта таъсир кўрсатади. Чунончи Ўзбекистонда диний эктремистларнинг қилмиши халқимизнинг нафратига сазовор бўлиб, халқнинг фикри ижтимоий онг сифатида намоён бўлди ва экстремистларга қарши қаттиқ амалий чоралар кўрилди. Жамиятда осойишталик ўрнатилди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Ижтимоий онгнинг тузилиши ижтимоий муносабатлар ва кишилар фаолиятининг турларига мос бўлади, баъзан улардан илгарилаб кетади, аммо, баъзан улардан ортда ҳам қолиши мумкин. Ижтимоий муносабатлар қанчалик ривожланган бўлса, кишилар фаолияти турлари ҳам шунча ривожланади. Иккаласи ўзаро диалектик боғлиқ бўлиб, бир-бирини бойитиб, тўлдириб боради.
Воқеликни акс эттириш даражасига кўра, ижтимоий онг одатий ва назарий онгга бўлинади. Одатий онг ҳаётий тажриба асосида вужудга келган оддий хулосалар, қарашлар мажмуидан иборат бўлиб, кишиларнинг кундалик ҳаётидаги воқеаларни акс эттиради ва ривожлантиради. Назарий онг деганда, назариётчилар, олимлар ишлаб чиққан назарий қарашлар ва илмий билимлар тизими тушунилади. Назарий онг воқеалар моҳияти ва ривожланиш қонуниятларини акс эттириб жамият тараққиётига нисбатан тенг бўлиши ҳам, юқорида таъкидлаганимиздек, илгарилаб кетиши ҳам, ёки ортда қолиб кетиши ҳам мумкин.
Ижтимоий психология ижтимоий муҳит, кундалик турмуш шароитлари таъсири остида вужудга келади ва ривожланади. У муайян ижтимоий гуруҳ, элат, халқ ёки миллатнинг одатлари, урфлари, анъаналари, яшаш тарзидан келиб чиққан психологик ўзига хосликларини акс эттиради. Ижтимоий психологиянинг яна бир хусусияти шуки, унда муайян бир ҳудуддаги айнан шароитларда яшайдиган ва бир-бирига бевосита таъсир қилувчи бир неча элат, миллатларга мансуб кишиларнинг онгидаги ўхшаш хусусиятлар ҳам акс этади. Бунга баъзи миллат вакилларининг яшаб турган жойларидан кўчиб кетишгани, аммо янги жойда улар кўпинча ўз миллатдошлари томонидан тушунилмагани, у ерда чиқиштирилмагани ... ва ниҳоят уларнинг яна илгариги ҳудудга, мамлакатга қайтиб келишганига оид кўплаб мисолларни келтиришимиз мумкин.
Мафкура (фикрлар мажмуи) ижтимоий психологиядан фарқ қилиб муайян ижтимоий гуруҳ, қатлам, миллат, жамият, давлат манфаатлари, орзу-истак ва мақсад-муддаолари ифодаланган ғоявий-назарий қарашлар ва уларни амалга ошириш тизимини англатади. Унда манфаатлари ифодаланаётган куч ва қатламларнинг ўтмиши, бугунги куни ва истиқболи ўз ифодасини топади.
Мамлакатимизда миллий истиқлол мафкураси худди шу вазифани бажаради. Ислом Каримов таъкидлаганидек "халқни буюк ва улуғвор мақсадлар сари бирлаштириш, мамлакатимизда яшайдиган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир фуқарони ягона Ватан бахт-саодати учун доимо масъулият сезиб яшашга чорлаш, аждодларимизнинг бебаҳо мероси, миллий қадрият ва анъаналаримизга муносиб бўлишга эришиш, юксак фазилатли ва комил инсонларни тарбиялаш, уларни яратувчилик ишларига даъват қилиш, шу муқаддас замин учун фидойиликни ҳаёт мезонига айлантириш миллий истиқлол мафкурасининг бош мақсадидир." Гарчи шундай бўлса-да, Конституциямизда "ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилмайди", деб белгилаб қўйилган. Бу демократиянинг муҳим элементидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |