2-Мавзу: Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим тизимида шахс ва жамият курсининг ўқитилиши, ўқув дастурлари ва дарсликлари таҳлили.
(2-соат учун)
Шу пайтгача биз инсон ва жамият ҳаётининг турли томонларини (масалан, иқтисодий, ахлоқий, диний, ҳуқуқий ва шу каби томонларини) алоҳида-алоҳида кўриб чиқдик. Энди эса мустақил ҳаётга қадам қўйиш арафасида инсоний муносабатлар, жамият, унинг тузилиши, мазмуни ва ривожланиш хусусиятларини умумий тарзда, уларни ташкил қилувчи томонларнинг бир-бирларига таъсири жараёнида кўриб чиқишга ҳаракат қиламиз.
Шу пайтгача мактаб даврида олган билимларимизга таяниб инсон ва унинг турли-туман жамоалари жуда мураккаб ҳодисалар эканлигини англаб олдик. Масалан, мавжуд фанларнинг асосий кўпчилиги инсоннинг ўзини ҳар хил нуқтаи назарлардан тадқиқ қилади. Биология ва тиббиётга оид фанларда у жонли организмларнинг бири сифатида ўрганилиб, физиологик, жисмоний, анатомик, гигиеник, генетик ва бошқа томонлардан тавсифланади. Психологияда эса одамнинг руҳий олами, унинг хотираси, ҳиссиётлари, интилишлари, тафаккури ва шунга ўхшаш жиҳатлари ўрганилади. Тарих фанида эса унинг тарихий тараққиёти ва камолоти кўриб чиқилади. Сиёсатшунослик, диншунослик, фалсафа ва бошқа фанлар ҳам инсонни ўз предмети нуқтаи назаридан ўрганадилар. Хуллас, фанлар комплекси биргина инсоннинг ўзини ҳар жиҳатдан ўрганади ва унга ҳар хил таърифлар беради. Шу нуқтаи назардан инсоннинг ўзини бир неча тушунчалар ифодалашини кўришимиз мумкин: одам, инсон, организм, индивид, банда, тана, шахс ва бошқалар.
Жамият ҳақида ҳам юқоридаги каби фикрларни айтишимиз мумкин. Уни ҳам турли фанлар ўз нуқтаи назарларидан ўрганадилар ва унинг ҳам кўплаб, баъзан бир-бирига мутлақо мос келмайдиган таърифлари мавжуд. Сиз улар ҳақида тарих, ҳуқуқшунослик, иқтисодиёт асослари каби предметларни ўрганиш пайтида муайян тушунча ҳосил қилгансиз. Масалан, "китобсеварлар жамияти", "овчилар жамияти", "файласуфлар жамияти", "киборлар жамияти" каби тушунчаларга дуч келган пайтимизда "жамият" сўзи остида ягона қизиқиш, бираликда фаолият кўрсатиш, бир-бирига кўмаклашиш мақсадида бирлашган кишилар гуруҳини англаймиз. "Ибтидоий жамият", "феодал жамияти", "буржуа жамияти" ёки "америка жамияти" иборалари эса инсоният тараққиётининг муайян босқичларини ёки аниқ бир мамлакатни акс эттиради. Мазкур тушунчани янада умумлаштирадиган бўлсак, у табиатдан ажралиб чиққан, аммо барибир унинг бир қисми бўлиб қоладиган кишилар ҳамжамоасини, бир-бири билан турли-туман ва мураккаб муносабатларга киришадиган Ер юзидаги барча кишилар йиғиндисини англатади.
Кишиларнинг ўзаро алоқалари ва муносабатлари натижасида жамият ҳаётида бир биридан фарқланадиган, аммо бир-бирига фаол таъсир қиладиган нисбатан мустақил бўлган бир қанча қисмлар, бўлаклар, элементлар амал қилади. Уларнинг биргаликдаги фаолияти жамиятнинг бир бутун ва доимий ўзгаришда бўлган динамик тизим сифатида амал қилишини таъминлайди. Умуман олганда " тизим " ибораси деярли барча нарса, объект ва ҳодисаларни тавсифлайди ва уларнинг нисбатан кичикроқ қисмлардан, бўлаклардан, элементлардан ташкил топганини ҳамда улар ўртасида муайян алоқалар, боғланишлар мавжудлигини билдиради. Тизимнинг нормал амал қилишида унинг турли қисмлари ўртасидаги алоқа ва муносабатлар белгиловчи рол ўйнайди. Динамик, яъни ўзгаришда бўлган тизим жуда кўп, баъзан сон-саноқсиз доимий ўзгаришда бўлган қисмлар ва элементлардан иборат. Уларнинг ҳар бири ўз навбатида янада кичикроқ бўлган тизим ва элементларга ажралади, ёки аксинча, ҳар бир тизим унга нисбатан каттароқ, кенгроқ ҳодисага нисбатан элемент сифатида амал қилиши мумкин.
Жамият мустақил бўлган, лекин нисбатан торроқ, (кўпинча фанда "подсистема" дейилувчи) кичикроқ, ижтимоий ҳаёт соҳалари деб аталувчи тизимлардан иборат. Масалан, иқтисодий (моддий ишлаб чиқариш жараёнидаги муносабатлар), ижтимоий (гуруҳлар, табақалар, синфларнинг муносабатлари), сиёсий (давлат ташкилотлари, сиёсий партиялар фаолияти), маънавий (ахлоқий, диний, маданий, фалсафий, илмий тизим ва ҳоказо). Буларнинг ҳар бири мураккаб ҳодиса бўлиб, ўз навбатида янада кичикроқ, торроқ элементлардан, қисмлардан ташкил топади. Шунинг учун ҳар хил тадқиқотчилар жамиятни ҳар хил нуқтаи назардан: кимдир ташкилотлар сифатида, кимдир – ижтимоий муносабатлар сифатида, кимдир – кишилар гуруҳлари сифатида, кимдир – ижтимоий бирликлар алоқадорлиги сифатида ўрганадилар.
Жамиятнинг асосий элементларидан бири сифатида инсон жамият ҳаётида қандайдир (масалан, меҳнат, касаба ташкилоти, этник, диний ва шу каби) жамоаларнинг аъзоси сифатида иштирок этади. Бу маънода жамият жамоаларнинг жамоаси сифатида юзага чиқади. Ана шу жамиятни ўрганувчи фанлар ҳам жамиятнинг ўзи сингари турли-туман бўлиб, улар жамиятни турли нуқтаи назардан очиб берадилар. Масалан, тарих фани турли-туман конкрет тарихларга ажратилади. Бунга у ёки бу мамлакат тарихи, ҳар бир фан тарихи, ҳар бир кашфиётлар тарихи, ҳар бир мамлакатдаги турли ҳудудлар, шаҳарлар тарихи, ижтимоий-сиёсий ҳаракатлар, партиялар тарихи, қўйингки, ҳар бир оила ва шахс тарихи мисол бўлиши мумкин. Буларнинг ҳар бири ўз объекти бўлмиш нарса ёки ҳодисани пайдо бўлишидан тортиб у қачонгача босиб ўтган вақт мобайнида бошидан кечирган барча воқеаларни хронологик кетма-кетликда акс эттиради. "Шахс ва жамият" ўқув предмети жамият ёки инсон тўғрисидаги муайян масалаларни кўриб чиқаётган пайтда уларнинг тарихидаги ўзига хосликлар, турли воқеаларнинг мазкур ҳодисалар ривожига кўрсатган таъсирини эътиборга олиши, яъни уларнинг тарихини эътибордан четда қолдирмаслиги керак. Чунки у ёки бу мамлакат ўртасидаги ҳозирги муносабатлар ўрганилаётганда уларнинг узоқ тарих давомидаги ўзаро муносабатларида юз берган ходисалар албатта таъсирини кўрсатади. Уларни эътибордан четда қолдирмаслик эса ҳозирги пайтдаги муносабатларидаги баъзи "ноаниқ", "тушунарсиз" ҳолатларни тўғри англашда ёрдам беради. Бунга мисол тариқасида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатларга бундан 550-600 йил илгари юз берган воқеалар кўрсатган таъсирни ёки Марказий Осиё ҳамда Араб дунёси, Муғулистоннинг ўзаро муносабатларига уларнинг узоқ тарихининг таъсирини кўрсатишимиз мумкин.
Ёки "Иқтисодиёт асослари" ва "Шахс ва жамият" предметларини бир-бирининг билимлари ва тушунчаларисиз тўлиқ тушуниш қийин. Чунки жамият ҳаётининг турли соҳалари ва инсон фаолияти иқтисодий қонунлар таъсири остида юз беради ва, аксинча, иқтисодиёт соҳаларидаги ўзгаришлар жамиятнинг сиёсий, ҳуқуқий, маънавий ўзгаришлар таъсирида кечади. Улар доимо бир-бирини тақазо қилади. Уларни инкор этиш ёки тан олмаслик ҳам инсонга, ҳам жамиятга салбий таъсир этади.
Инсонни жуда кўплаб фанлар ўрганади. Масалан, унинг жисмоний-физиологик хусусиятлари биология, одам анатомияси ва физиологияси, генетика кабилар томонидан, ҳатти-ҳаракатлари ахлоқшунослик, педагогика, психология ва бошқа фанлар томонидан тадқиқ этилади. Аслини олганда фанларнинг барчаси у ёки бу даржада инсон масаласини ўз ичига олади. Шу маънода инсон, унинг табиий ва ижтимоий борлиғи кўплаб фанларнинг ўрганиш мавзуини ташкил этади.
Инсонни ўрганишда унинг теварак-атрофидаги ижтимоий ҳодисаларга яхшилик, ёмонлик, виждон каби ахлоқий хусусиятлар нуқтаи назаридан ёндошиш этика предметининг мавзуини ташкил этади. Худди шуларга нафосат, чиройлилик, хунуклик, улуғворлик, фожеалилик, кулгилилик нуқтаи назаридан ёндошилса эстетик билимлар ҳосил бўлади. "Шахс ва жамият" предмети эса бу ҳодисаларни бирданига ҳам ахлоқий, ҳам эстетик, ҳам сиёсий, ҳам ҳуқуқий ва бошқа ижтимоий билимлар нуқтаи назаридан кўриб чиқади. Шу маънода ушбу фан инсон ва жамият ҳақидаги алоҳида фанларнинг ўзига хос бирлашуви, синтези ҳисобланади ва унда ана шу соҳаларга доир билимлар ўзига хос тарзда намоён бўлади.
Демак, "Шахс ва жамият" фанида фақат инсон ва жамият ҳақидаги конкрет фанларни ўрганиш асосидагина муваффақиятга эришиш мумкин. Бинобарин мазкур фан жамият ва инсон ҳақидаги фанлардан олган билимларни умумлаштиришга, уларнинг истиқболи қандай бўлиши тўғрисида муайян хулосалар чиқаришга ёрдам беради. Бу эса ҳар бир кишининг мазкур фанни ўрганиш орқали дунёда кечаётган воқеаларни тушунишини ва унда уларни таҳлил қилиш кўникмалари ҳосил бўлаётганини англатади. Ушбу фаннинг энг асосий хусусияти ҳам ана шундадир.
Do'stlaringiz bilan baham: |