4.1.-чизма. Бошқарув объекти ва субъектининг ўзаро алоқаси.
Корхонада бошқарувнинг таъсири бошқарув объектига йўналтирилган бўлиб,ишлаб чиқариш ва хўжалик юритиш жараёнлари, ишаб чиқариш ускуналарини эксплуатация қилиш, турли миқёсдаги меҳнат кооперацияси ва ҳоказолар бошқарув объекти бўлиши мумкин. Бошқарув субъекти эса қоидага кўра, корхона раҳбари ёки бошқарув объектларини мақсадли равишда бошқаришни амалга оширувчи хизмат раҳбарларидир. Агар юқорида келтирилган мисолга қайтадиган бўлсак, оркестр, бу – бошқарув объекти, дирижер эса, бошқарув субъектидир.
Бошқарув фаолияти - бошқарувчи шахс ёки орган томонидан бошқарув амалларини бевосита ва билвосита командалар (буйруқ, тавсия ва кўрсатмалар) шаклида ишлаб чиқиш ва амалга оширишдир. Бошқарув амаллари ишлаб чиқариш жараёнининг якунланиши учун моддий шарт-шароит вазифасини бажаради. Айтиш мумкинки, бошқарув амаллари бошқарув фаолияти ва натижалари ўртасидаги боғловчи бўғин бўлиб хизмат қилади.
Фаолиятнинг ушбу тури аҳамияти, айнан бошқарув қарорларини қабул қилиш жараёнида корхонанинг жорий ва истиқболдаги сиёсати шаклланишида намоён бўлади. Шу жиҳатдан кадрларни тўғри танлаш ва жойлаштириш, уларнинг малакаси, ўзларига юклатилган вазифаларни тўғри тушунишлари ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Амалиёт шуни кўрсатадики, ҳозирги бошқарувчилар учун яхши муҳандис, технолог, конструктор бўлишнинг ўзигина камлик қилиб, ишлаб чиқариш иқтисодиёти, бизнес-стратегия, маркетинг, хўжалик ҳуқуқи ва шу кабиларни билиш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Фақат ушбу билимлар мажмуасига ва бой меҳнат тажрибасига эга бўлган тақдирдагина бошқарувчилар бозор иқтисодёти вазифаларини муваффақиятли равишда бажаришлари мумкин.
Ишлаб чиқаришнинг, жумладан, бошқарув фолиятининг ўзининг самарадорлигини оширишда, ишлаб чиқаришнинг аллоҳида элементлари ва бўғинлари ўртасида юзага келувчи бошқарув муносабатлари муҳим ўрин эгаллайди. Бу ерда бошқарув органи (субъекти) ёки бошқарувчи шахс томонидан бошқарилув органига нисбатан таъсир кўрсатишнинг ўзигина камлик қилади. Бошқарилаётган объектдан бошқарув объектига жавоб тариқасида тескари алоқа ҳам бўлиши зарур. Агар бунда тескари алоқа бўлмаса ёки бошқарув органи томонидан қабул қилинмаса, бошқарилаётган объект назорат остидан чиқиши ҳамда бошқарилмайдиган объектга айланиши мумкин.
Корхона ёпиқ тизим бўлмаганлиги сабабли, бошқарув тизимига корхонада юзага келувчи ички муҳитдан ташқари, ташқи муҳит, аввало, аҳолининг турмуш тарзи, жамият қурилмаси, давлат сиёсати ва ҳоказолар таъсир кўрсатиши мумкин. Бироқ ҳар қандай ҳолда ҳам бошқарув тизими, хўжалик ҳаётининг замонавий талаблари ва корхонанинг рақобатчилик муҳитидаги барқарорлигига жавоб бериши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |