2 Бурғилаш усуллари
Қудуқларни бурғилаш даврида тоғ жинсларини парчалаш механик, термик, физик-кимёвий, электроучкун ва бошқа шу каби усулларда амалга оширилади.
Механик усулда тоғ жинсларини парчалашда қўл кучидан ёки двигателлардан фойдаланилади. Қўл кучидан фақатгина муҳандислик-геологик текширув ишларидагина фойдаланилади.
Механик парчалаш - зарб бериш (кўтариб уриш) ва айлантириш усуллари билан амалга оширилади. Зарб бериш ёрдамида бурғилаш - қазиш кривошип-шатун механизми балансири ҳаракати ёрдамида вертикал кўтариб-тушириш ҳаракати орқали амалга оширилади. Қазилган тоғ жинслари қудуқнинг юқори қисмига махсус желонка орқали олиб чиқилади.
Айлантириш орқали бурғилашда қудуқни бурғилаш, бурғига ўқ бўйлаб оғирлик берилади ва унинг айланма ҳаракати натижасида қудуқ чуқурлаша боради. Бурғига айланма ҳаракат ротор орқали берилади, ротор эса ҳаракатни чиғирдан олади.
Айлантириш орқали бурғилашнинг иккита: ротор ёрдамида ва қудуқ туби двигателлари ёрдамида бурғилаш усуллари мавжуд.
Қудуқ туби двигателлари ўз навбатида 3 турга бўлинади: турбобурғилар, винтли қудуқ туби двигателлари ва электробурлар.
Турбобур ва винтли қудуқ туби двигателлари билан бурғилашда бурғилаш эритмасининг оқими ҳосил қиладиган гидравлик энергия - механик энергияга айланиб бурғини ҳаракатга келтирилади. Электробурда - электр энергияси орқали электродвигател ҳаракатга келиб бурғига айланма ҳаракат беради.
Бурғилаш ишларини олиб боришда мехнат муҳофазаси ва атроф-муҳит муҳофазаси қоидаларига қатъий амал қилинади.
Қудуқларни қуриш даври - бурғилаш ускунасини бурғилаш майдончасига олиб келиш, ўрнатиш, бурғилаш ишларини бошлаш, қудуқни текшириш, синаб кўриш, аниқ маълумотларни олгандан кейин бурғилаш ускуналарини бузиш, бўлакларга ажратиш, қурилиш майдончасидан олиб чиқиб кетиш, майдончани текислаш ва қудуқни фойдаланишга тайёрлаш учун кетган аниқ вақтлар йиғиндисига тенг.
Қудуқларни қуриш даври қуйидаги 7-босқичга бўлинади:
1. Хўжаликдаги ер хужжатлаштириб олинади ва 4-гектар жой текисланади.
2. Шу ерда бурғилаш ускуналарини олиб келиб ўрнатилади, монтаж қилинади.
3. Бурғилаш ишларига тайёргарлик қуриш даври.
4. Қудуқни бурғилаш, унга йўлланма, кондуктор, оралиқ тизма ва ишлатиш тизмасини тушириш - бурғилаш даври.
5. Шу қудуқлардан маҳсулот олиб синаб кўриш даври.
6. Бурғилаш ускуналарини демонтаж қилиш ёки бошқа жойга кўчириш даври.
7. Демонтаж қилингандан кейин, майдонни текислаб, ишлаб-чиқаришга тайёрланади.
Шулардан 1-2-3-6 ва 7-даврларни минора қуриш бригадаси, 4-даврни бурғилаш бригадаси ва 5-даврни, яъни қудуқдан маҳсулот чиқариб аниқлаш ишларини текшириб кўриш бригадаси бажаради.
Бурғилаш минораси остидаги майдончани қуриш, бурғилаш ускунасини келтириш учун трассани тайёрлаш, олиб келувчи йўллар, электр энергияси тармоқлари, алоқалар, сув билан таъминлаш учун қувурларни тортиш, ер омборлари, тозалаш мосламалари, шламни олиб чиқиш ишлари қўйилган махсус талабга жавоб бера оладиган ҳолда амалга оширилади.
Қудуқни қуриш тугатилгандан кейин барча омборлар ва траншеялар кўмилиши, бурғилаш майдончаси рекультивация қилиниши керак.
Рекультивацияда бурғилаш ускуналарини майдонга олиб келишдан аввал вақтинчалик фойдаланишга олинган 4-гектар ернинг 25-30 см қалинликдаги устки маҳсулот эқиладиган қисми бульдозерлар ёрдамида йиғиб, бир чеккага тўплаб қўйилади. Бурғилаш ишлари тугатилгандан кейин барча бурғилаш ускуналари майдончадан олиб чиқиб кетилади. Шлам омборлари ва траншеялар кўмилади ва бурғилаш ишларини бошлашдан олдин йиғиб олинган тўпроқ қатлами ўз ўрнига қайтарилади.
Механик газлар (Н2S, СО2), нефт ва минерал сувлар чиққанда теварак-атроф ифолосланишининг олдини олиш учун барча чора-тадбирлар аввалдан режалаштирилдаи.
Водород сульфид гази чиққанда ўсимликлар дунёси нобуд бўлади, хайвонотлар заҳарланади. Шунингдек, бурғилашда қўлланилаётган бурғилаш ускунаси, асбоби, ҳимоя қувурлари коррозия натижасида жуда ҳам тез емирилади. Шуниннг учун қудуқни бурғилаш лойиҳасида барча ҳимояланиш чоралари: газни йиғиш, ёқиб юбориш, кимёвий ишлаш ва зарарли моддаларни тозалаш чоралари кўрилади.
Қудуқнинг вазифасидан келиб чиққан ҳолда уни қуриш сифатига ҳар хил талаблар қўйилади. Улардан асосийлари қуйидагилардир:
1. Қудуқни бурғилаш атроф-муҳит муҳофазаси қоидаларини бузмаган ҳолда олиб борилиши лозим. Бундан ташқари табиий равишдаги бир-биридан ажратилган қатламларни бирлаштирмаслик, бир қатламдаги суюқликларни иккинчи қатламга ўтказмаслик, сув манбаларини ифлослантирмаслик, минерал сувлар таркибига нефт, газ ва зарарли моддаларни киришига йўл қўймаслик керак. Ҳимоя тизмаси ортидаги сув манбаларининг бир-биридан ажратилганлиги (изоляцияси) чидамли ва узоқ муддатли бўлиши керак. Маҳсулдор горизонтларнинг изоляцияси конни ишлатиш жараёнида (балки бир неча ўн йил) жуда ҳам сифатли ва ишончли бўлиши керак. Агар ишлатиладиган кон келажакда газ омборлари ёки бошқа мақсадларда ишлатилиши кўзда тутиладиган бўлса, унда маҳсулдор горизонтлар изоляцияси ундан ҳам кўпрок йилга чидашига мўлжалланади.
Қатламлар изоляциясининг ишончлилиги асосан қудуқни цементлаш сифатига боғлиқ. Айниқса аномал юқори қатлам босимли чуқур газ қудуқларида қатламларни бир-биридан ажратиш (изоляция) катта қийинчиликлар тўғдиради.
Ҳар бир қудуқнинг ўз паспорти бўлади ва унда қудуқ конструкцияси, жойлашган ўрни, қудуқнинг чуқурлиги, инклометрия натижаларига асосан қудуқ стволининг аҳволи ёзилган бўлади.
2. Қудуқ профилининг қийшайиши рухсат этилган чегарадан ошиб кетмаслиги керак. Агар бу қийшайишлар ошиб кетса, бир нечта қудуқлар қатламнинг 1 та участкасида тушиб қолиши мумкин. Бунинг натижасида қудуқлар дебити пасайиб кетади. Бундай шароитда қатламни тўлиқ ишлатиш учун янги қудуқларни қазишга тўғри келади.
Қудуқнинг тоғ жинсларини ётишини ҳисобга олган ҳолда рухсат этилган катталиккача қийшайиши геологлар томонидан берилади.
3. Қудуқни бурғилаш жараёнида маҳсулдор қатламларнинг табиий ўтказувчанлиги сақлаб қолиниши керак.
Маҳсулдор қатламни шлам, оғирлаштирувчи реагентлар, бурғилаш эритмаси, кўпик ва бошқа суюқликлар билан ифлосланиши олди олинади.
4. Ишлатиш (эксплуатацион) тизмаси шундай диаметрга эга бўлиши керакки, унинг ичидан кутиладиган миқдордаги нефт, газ ва сувлар кам энергия сарфлаган ҳолда чиқиши керак. Одатда нефт қудуқлари учун ишлатиш тизмасининг диаметри 140, 146, 168 мм ни, газ қудуқлари учун эса -146 - 219 мм ни ташкил этади.
Ҳайдовчи қудуқларда асосан қатламга катта миқдорда суюқлик ҳайдаш учун - ишлатиш тизмасининг диаметри каттароқ танланади.
Қудуққа тушириладиган охирги тизманинг диаметри, қудуқни ишлатиш шартларидан келиб чиққан ҳолда танланади.
5. Қудуқ стволининг кўндаланг кесими ва профили бўйича аниқ талабларга жавоб бериши керак. Ҳимоя тизмаларини тушириш ва уларни нормал цементлаш учун бурғилаш жараёнида қудуқ стволини албатта қайта ишлаб кенгайтириб турилади. Агар бурғилаш жараёнида қудуқ стволининг лойиҳадагидек профили ва қулай кесим юзаси формаси аниқланган бўлса, унда қудуқ охирги марта қайта ишланади ва ҳимоя тизмаларини туширишга тайёрланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |