3-мавзу. ШАХСНИНГ ИҚТИСОДИЙ ХАВФСИЗЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ МУАММОЛАРИ
Режа
1. Шахснинг эркинликлари ва иқтисодий мустақиллиги
2. Шахснинг ҳаётий муҳим манфаатлари ва унинг хавфсизлигига таҳдидлар
3. Шахснинг ижтимоий-иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш йўллари ва воситалари
Инсон ўзининг ҳаёт фаолиятини табиат ва жамият билан диалектик боғлиқликда олиб борадиган, табиат қонунлари ва ижтимоий муносабатларнинг объекти ва субъекти бўлган табиий-биологик мавжудот ва ижтимоий воқеликдир1. Инсонда табиий-моддий, ижтимоий, маданий ва маънавий хусусиятлар мавжуд бўлади.
Бозор муносабатлари шароитида инсоннинг имкониятлари қуйидагилар билан белгиланади:
-шахсий мол-мулки, бойлигининг миқдори. Бу эса шахснинг кўчмас ва ҳаракатдаги мулки, шахсий капиталининг жамисидан иборат бўлади;
-шахс бошқарадиган капитал миқдори. Бу капитал кимники ва қандай шаклда бўлиши аҳамиятсиздир;
-шахсга маъмурий, ихтиёрий ёки мажбурий равишда бўйсунувчи ёки унга қарам жисмоний шахслар сони. Буларга кишиларнинг онги ва кайфиятига таъсир кўрсата оладиган ҳамда билим, тарбия, ахборот олиш, диний ишларда маълум ижтимоий вазифани ўтайдиган шахслар ҳам киради.
Ушбу шахс имкониятини белгиловчи параметрлар, асосан, жамиятда ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг амал қилишига ва ўзгаришига таъсир кўрсатади.
Шуни айтиш жоизки, жамиятнинг ижтимоий, иқтисодий, экологик, сиёсий ва бошқа тизимлари инсон учун яшаш муҳити ҳисобланади. Шу боисдан уларнинг амал қилиш самарадорлигини фақат инсон манфаатларига қай даражада мослиги нуқтаи назаридан баҳолаш мумкин бўлади.
Инсон ва унинг манфаатлари учун оила муҳим аҳамият касб этади. Оила қариндошлик алоқалари ва маиший ҳаёт умумийлиги асосида онгли равишда ташкил этилган кишиларнинг кичик гуруҳидан иборат. Оиланинг ҳаёт фаолияти шахснинг, у аъзо бўлган оила ва жамиятнинг ижтимоий, иқтисодий ва маънавий эҳтиёжларини рўёбга чиқариш мақсадида амалга оширилади ҳамда ўзининг уй хўжалигини мустақил равишда юритади.
Инсоннинг ҳаёт кечириши ва фаолият юритиш макони жамиятда демократик йўл билан конституцион нормалар доирасида кенгайтириб борилиши керак. Бу маконни революцион йўл билан, ўрнатилган конституцион нормаларга зид йўллар билан ўзгартиришга уринишлар жамиятда вайронагарчилик, зўравонликларнинг вужудга келишига олиб келади. Инсон ҳаёти ва фаолияти ушбу маконда мустақиллик, эркинлик ҳамда жамият, давлат олдида ўз мажбуриятларига эга бўлади. Ушбу маконда инсон ҳаётий муҳим манфаатларига эга бўлиб, уларга нисбатан таҳдидларнинг вужудга келиши шахс хавфсизлигига путур етказади.
Do'stlaringiz bilan baham: |