3-мавзу: Шахсга йўналтирилган таълим турлари ва инновацион таълим шакл, метод ва воситалари (2- соат)
Режа:
1. Шахсга йўналитирилган таълимнинг асосий мазмуни ва йўналишлари
2. Таълим олувчиларнинг билиш фаолиятини ошириш ва мустақил таълимни ташкил этиш асосидаги инновацион метод ва технологиялар
3.Таълимнинг ташкилий шакллари ва таълим воситалари.
2.1. Шахсга йўналитирилган таълимнинг асосий мазмуни ва йўналишлари
Ўқитиш жараёнида, педагогик технологиялар талаблари асосида ифода этилган, ўқув мақсадларига эришилади. Илмий-техник тараққиёт жадаллашган даврда ўқитиш самарадорлиги, асосан, ўқувчининг ўқитиш жараёнидаги ўрни, педагогнинг унга бўлган муносабатига боғлиқ бўлади. Бу ерда ўқитиш технологиясининг икки турини ажратиб кўрсатиш мумкин авторитар ва шахсга йўналтирилганлар.
Авторитар технологияда, педагог ягона субъект сифатида намоён бўлади, талабалар эса фақатгина "объект" вазифасини бажаради холос. Бунда талабанинг ташаббуси ва мустақиллиги йўқолади, ўқитиш мажбурий йўсинда амалга оширилади. Одатдаги аньанавий ўқитиш, авторитар технологияга тааллуқлидир. Бунда, аввало А.Коменский томонидан ифода этилган, дидактика тамойилларига асосланган ўқитишнинг синф-дарс тизмида ташкил этиш назарида тутилди. Ҳанузгача дунёда энг кўп тарқалган ўқитишнинг синф-дарс тизими, қуйидаги хусусиятлари билан ажралиб туради:
Ёши ва тайёргарлик даражаси тахминан бир хил бўлган талабалар синфини ташкил этади:
Синф ягона ўқув режа, ягона ўқув дастурлар ва ягона машғулотлар жадвали билан шуғулланади:
Машғулотларнинг асосий бирлиги дарс бўлиб, у битта фаннинг битта мавзусига бағишланади ва ўқувчи томонидан бошқарилади:
Ўқув китоблари асосан уй ишлари учун қўлланилади.
Аньанавий ўқитиш асосан билим, ўқув ва кўникмаларни ўзлаштиришга қаратилган бўлиб, шахснинг ривожланишини кўзда тутмайди.
Аньанавий ўқитиш асосини, Я.А.Коменский томонидан тузилган педагогика тамойиллари ташкил этади:
илмийлик:
табиатга монандлик (ўқитиш ривожланиш билан белгиланади, аммо шаклланмайди)
узвийлик ва тизимлилик
ўзлаштирувчанлик (маьлумдан номаьлумга, соддадан мураккабга)
мустаҳкамлик (такрорлаш)
онглилик ва фаоллик (қўйилган мақсадни билган ва буйруқларни бжаришга фаол бўлган)
назариянинг амалиёт билан боғлиқлиги
ёши ва индивидуал хусусиятларини ҳисобга олиш
Аньанавий ўқитиш қуйидаги хусусиятларга эга: зўравонлик педагогикаси, ўқитишнинг тушунтирув-кўргазмали усули, оммавий ўқитиш. Аньанавий ўқитишда авторитарлик қуйидаги шаклда намоён бўлади: талаба бу ҳали тўла шаклланмаган шахс, у фақат бажариши зарур, педагог эса- бу сардор ҳакам, ягона ташаббускор шахс.
Замонавий аньанавий ўқитиш эса, ўқитишнинг техник воситаларини қўллашдан иборат бўлади. Шахсга йўналтирилган технологияларда, талаба шахси педагогик жараён марказига қўйилади, унинг ривожланишига ва табиий имкониятларини рўёбга чиқаришга қулай шарт-шароитлар яратилади.
Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида Ўзбекистон Республикасидаги таълим тизимининг милий моделига алоҳида эътибор қаратилган. Бу модел 5 та таркибий қисмдан иборат: шахс, давлат ва жамият, узлуксиз таълим, фан, ишлаб чиқариш. Бу ерда таълим миллий моделининг асосий таркибий қисми - "шахс" биринчи ўринда туради. Бошқача айтганда бутун таълим тизими, шу жумладан ўқитиш шахсга йўналтирилган бўлиши лозим.
Шунинг учун замонавий технологияларда педагогик жараён, ўқитишнинг шахсга йўналтирилган технологиялари асосида амалга оширилиши лозим.
Ҳаёт диалектикаси шундан иборатки, доимо янги авлод, олдинги авлоддан кўра ривожланганроқ бўлади. Илмий техник тараққиётнинг кескин юксалиш давригача фан, техника ва технологиялар ривожи эволюцион, паст суръатларда амалга ошар эди. Шунинг учун кетма-кет келувчи авлодларнинг ривожланиш даражаси деярли фарқ қилмас эди. Бундай шароитларда Я.А. Коменскийнинг ўқитишининг авторитар технологияси, аньанавий синф- дарс тизими дунёга келади.
Илмий техник тараққиётнинг кескин юксалиш даврида (асрнинг иккинчи ярми), фан-техника технологиялари юқори суръатларда ривожланаётган даврда, бир авлод ҳаёти давомида фаннинг ривожи инсониятнинг бутун тарихидагидан кўра кўпроқ бўлган бу даврда, ўқитишнинг аньанавий тизими ўз умрини охирига етди. Ҳозирги замон авлодининг ривожланиш суръати олдингилардан кўра анча юқори бўлганлиги сабабли, ўқитишнинг аньанавий тизими, ривожланишга тўсқинлик қила бошлади. Бундай шароитларда тараққиёт, фақат хар бир шахснинг мавжуд имкониятларини тўла рўёбга чиқариш асосида амалга оширилиши мумкин. Ахборотнинг ҳажми, хилма-хиллиги, эгаллашга мойиллиги ва воситаларнинг етарлилиги самарали индивидуал ва мустақил ўқитишни ташкил этиш учун зарурий шарт-шароитлар яратади. Ўқитишни жадаллаштириш мақсадида педагогнинг талабага бўлган муносабати жиҳатидан "сардор" ликдан, унинг шеригига айланиш зарур.
Ўқитишниг шахсга йўналтирилган технологияларига қуйидаги асосий тамойиллар хос бўлади:
инсонпарварлик - яьни инсонга ҳар томонлама ҳурмат ва муҳаббат кўрсатиш, унга ёрдамлашиш, унинг ижодий қобилиятига ишонч билан қараш, зўрлашдан тўла воз кечиш;
ҳамкорлик - яьни педагог ва талабалар муносабатидаги демократизм, тенглик, шериклик;
эркин тарбиялаш - яьни шахсга унинг ҳаёт фаолиятини кенг ёки тор доирасида танлаб олиш эркинлиги ва мустақиллигини бериш, натижаларини ташқи таъсирдан эмас, ички ҳиссиётлардан келтириб чиқариш. Шахсга йўналтирилган технологияларнинг коммунактив асоси-педагогик жараёнда талабга инсоний-шахсий ёндашув ҳисобланади.
Шахсга янгича қараш қуйидагилардан иборат бўлади:
педагогик жараёнда шахс объект эмас, суъбект ҳисобланади;
ҳар бир талаба қобилият эгаси, кўпчилиги эса истеъдод эгаси ҳисобланади;
юқори этик қадриятлар (сахийлик, муҳаббат, меҳнасеварлик, виждон ва бошқалар) шахснинг устувор ҳислатлари ҳисобланади;
Муносабатларда демократлаштириш қуйидагиларни ўз ичига олади;
талаба ва педагог ҳуқуқларини тенглаштириш,
талабанинг эркин танлаб олиш ҳуқуқи;
хатога йўл қўйиш ҳуқуқи;
ўз нуқтаи- назарига эга бўлиш ҳуқуқи;
педагог ва талабалар муносабати зайли; таьқиқламаслик; бошқариш эмас, биргаликда бажариш; мажбурлаш эмас, ишонтириш; буюриш эмас, ташкил этиш; чегаралаш эмас, эркин танлаб олишга имкон бериш.
Янги муносабатларнинг асосий мазмуни, ҳозирги замон шароитида самарали натижа бермайдиган ва ноинсоний ҳисобланадиган зўравонлик педагогикасидан воз кечишдир. Муаммо бу тамойилни мустақиллаштиришда эмас, балки унинг оқилона мезонларини аниқлашдадир. Умуман олганда тарбия жараёнида зўравонлик мумкин эмас, аммо жазолаш инсонни камситади, эзади, ривожланишни сусайтиради, унинг қулчилик ҳусусиятларини шакллантиради.
Мажбурлашсиз ўқитиш қуйидагилар билан белгиланади:
ишончга асосланган мажбурлашсиз талабчанлик;
ўқув материалига қизиқиш уйғотиш, билишга ва фаол ижодий фикрлашга рағбатлантириш;
талабаларнинг мустақиллиги ва ташшабусига таяниш;
жамоа орқали билвосита талабларни амалга ошириш.
Индивидувал ёндашувнинг янги талқини қуйидагилардан иборат:
ўртача талабага йўналтиришдан воз кечиш;
шахснинг яхши хислатларини излаш;
шахс ривожланишининг индивидуал дастурларини тузиш ва унга тузатишлар киритиш.
Шахсий ёндашишда биринчи навбатда қуйидагилар зарур бўлади:
ҳар бир талаба қиёфасида ноёб шахсни кўриш, уни ҳурмат қилиш, тушуниш, қабул қилиш, унга ишониш. Педагогда барча талабалар истеъдодига ишонч бўлиши керак;
шахсга, ютуқни маъқулловчи, қўллаб-қувватловчи, хайрихоҳ вазиятлар яратиш, яьни ўқиш хурсандчиликни олиб келиши керак;
бевосита мажбурлашга йўл қўймаслик, қолоқликка ва бошқа камчиликларга урғу бермаслик, унинг нафсониятига тегмаслик;
педагогик жараёнда, талабаларнинг ўз қобилиятларини рўёбга чиқаришга имконият бериш ва кўмаклашиш.
Олий, ўрта махсус ва касбий таълим тизими учун, ўқитишнинг шахсга йўналтирилган технологияларига қуйидагиларни киритиш мумкин: ишбилармонликлар ўйинлари; муаммоли ўқитиш; табақалаштирилган ўқитиш; дастурлаштирилган ўқитиш; компютерлаштирилган ўқитиш; модулли ўқитиш;
Амалий ўйинлар. Амалий ёки ишчан ўйинлар ёки мавзуни ўзлаштириш, такрорлаш, ижодий қобилиятларнии ривожлантириш вазифаларини бажариш имконини беради. Ўқув жараёнида амалий ўйинларнинг турли шаклларидан фойдаланишади: тақлид қилиш, ролли ўйинлар (театр дарслари ва саҳна кўринишлари ва ҳ.к.)
Тақлид қилиш ўйинлари. Дарсда бирорта ташкилот, корхона иши тақлид этилади (иш йиғилиши, иш режасининг муҳокамаси, музокаралар, мунозараларни олиб бориш, суд, патент ташкилоти, илмий кенгашларда чиқишлар ва ҳ.к.)
Ролли ўйинларда ўқувчи турли хил характерли инсон образига қалбан киришиб кетади. Ўйинда ўқувчиларга асосан тугалланмаган вазиятлар акс этган, муаммоли саҳна кўриниши роллари берилади. Ўқувчилар ушбу муаммоли ролларни мустақил равишда охирига етказиб ўйнашлари шарт.
Театр дастурларида ролли ўйинлар ўқувчиларни бошқа инсонларни тушунишга ўргатади. Ушбу усул ўқувчиларни мустақил фикр юритишга, хаётда ҳар қандай шароитда ҳам ўзини тута билишга тарбияланганлигига ҳамда мустақил хаёт кечиришдаги ўзини қарашларини асослаб бера оладиган инсон сифатида шакллантиради:
1. Тайёрлаш босқичида хаётдаги бирор муаммо, вазиятни кўрсатиш учун сценарий тайёрланади. Масалан, суд жараёни, илмий кенгашда муҳокама, корхона раҳбари қошидаги ишчи йиғилиш ва ҳ.к. ўйинда қатнашувчиларга йўл - йўриқлар берилади. Ўйинни ўтказиш учун экспертлар танланади. Қатнашувчилар бу экспертлардан ўйингача керакли маьлумотларни олишади. Ўқувчилар ролларини ўзлари танлаб олиши ёки ўқитувчи томонидан бўлиб берилиши мукмин. Шундан сўнг, ўйинда қатнашувчилар роллар устида машқ қиладилар, ишлайдилар. Бу босқич одатда 1,5 -2 ҳафтага чўзилади.
2. Ўйинни ўтказиш босқичида ўқувчилар ўзларига бўлиб берилган ролларни ўз мустақил фикр ғояларидан келиб чиқиб, хаётда шундай вазиятда ўша инсон қандай йўл тутарди, шулар ҳақида фикр мулоҳаза юритиб ўйнайдилар. Ўқитувчи ўйин давомида томошабин сифатида бўлади. Айрим холлардагина ўйинга аралашиши мумкин бунда қисқа, аниқ ва лўнда ҳаракат қилиши керак бўлади. Ишчан ўйинлар турларига қараб, ўйинда қатнашаётганларнинг ишга нисбатан муносабати орқали: ғоялар генератори, ишлаб чиқувчи, тақлид қилувчи, билимдон; таҳлил қилувчи (аналитик) бўлиши; янгиликка муносабат орқали: фаол, эҳтиёткор танқидчи, консерватор (эскилик тарафдори) бўлиши; тутган ўрнига қараб: ташкилотчи, мувофиқлаштирувчи, умумлаштирувчи, назоратчи, тренер ва ҳ.к. бўлиши мумкин.
3. Муҳокама ва баҳолаш босқичида экспертлар, ўйин иштирокчилари, томошабинлар ўйинни таҳлил қилиш, муҳокама қилиш имокниятига эга бўладилар, хаёт билан ўхшашликка, ўқув фани билан боғлиқликка эътибор берилади ва ўқитувчи томонидан якунланиб баҳоланади.
Баҳс - Мунозара. Ўқувчиларни танланган мавзу соҳасида мунозара қилишга ўргатиш, уларниннг билимларини чуқурлаштиради, ўз фикрларни асослаш қобилиятини ривожлантиради.
Мунозарани ўтказиш учун:
1.Ўқитувчи бахс -мунозара машғулоти учун муаммоли мавзу танлайди ва ўқувчиларни таклиф этади.
2. Ўқитувчи қатнашувчиларга муаммони "Ақлий ҳужум" усули билан ечишни вазифа қилиб юклайди ва уни ўтказиш тартибини белгилайди.
3. Ўқитувчи "Ақлий ҳужум" вақтида билдирилган ғоя ва фикрларни ёзма равишда ёзишни таклиф этади ёки уларни ёзиш учун котиб тайинлайди.
4. Ўқитувчи ўқувчиларни икки гуруҳга ажратади ва синфни икки томонига қатор қўйилган столлар ёнига ўтқазади ва ҳар бир гуруҳ қатнашчилари қайси нуқтаи-назарни ҳимоя қилишларини белгилайди. Шундан сўнг 1- гуруҳ ўқувчиларига нумерланган варақлар тарқатилади ва 5 - минут давомида ўзлари маъқуллаётган нуқтаи- назар фойдасига битта далилни ёзиш топширилади.
5. 1-гуруҳ аьзолари томонидан ёзилган варақлар қарши гуруҳлари шерикларига берилади. Улар шерикларининг далилларига қарши жавоб топиши ва ёзиши учун ҳамда ўз қарши далилларини баён қилишлари учун 10 минут вақт ажратилади.
6. Ўқувчилар билимларини аниқлаш учун далиллар алмаштиришни 2-3 марта такрорлаш етарлидир.
7. Баҳсларга якун чиқаришнинг яхши шакли иккала томонга қаратилган саволдир: қарши томонннинг энг яхши далил исботлари қайсилари бўлди?
8. Ўқитувчи томонидан мунозара қатнашчиларини баҳолаш. Аммо бу ҳақда ўқувчиларни дарснинг бошидаёқ огоҳлантириши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |