3-Мавзу: Меҳнат ресурслари ва уларнинг шакллантирилиши
Режа:
1. Меҳнат ресурслари тушунчаси
2. Меҳнат ресурсларини шакллантириш
3. Аҳоли ва меҳнат ресурсларининг таркиби
1. Меҳнат ресурслари ижтимоий-иқтисодий категория сифатида
Моддий неъматлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш икки зарур таркибий қисмдан иборат бўлиб, улар бир томондан, моддий ресурслар (хомашё, асбоб-ускуналар ва ҳоказолар) ва иккинчи томондан, инсон ресурслари, яъни касб малакалари ва билимларига эга бўлган ходимлардан иборат бўлади. Бошқачароқ қилиб айтганда, мамлакат аҳолисининг бир қисми бўлган инсон ресурслари моддий ресурслар билан бир қаторда иқтисодий ривожланиш омили сифатида ҳам намоён бўлади. Бироқ бу омиллар ўз хусусиятларига кўра бир-бирларидан муҳим белгилари билан фарқланади.
Инсон ресурслари – булар кишилар, улар фақат моддий неъматлар яратиб қолмай, шу билан бирга уларни истеъмол ҳам қиладилар. Кишилар моддий ва маънавий эҳтиёжлари жиҳатидан бир хил бўлаолмайди. Бунга уларнинг жинси, ёши, соғлиги, оилавий аҳволи, маълумот даражаси ва бошқа ижтимоий, руҳий-физиологик сифатлари сабаб бўлади, шунинг учун бир киши иккинчисига ўхшамайди.
Мехнат соҳасида кишиларнинг муҳим эҳгиёжлари амалга ошса-да, уларнинг барча эҳтиёжлари ҳам рўёбга чиқавермайди. Шунинг учун ҳам меҳнатдан самарали фойдаланиш учун кишиларнинг шахс сифатидаги талабларини ҳисобга олиш зарур. Бошқача айттанда, иқтисодиётнинг муваффақиятли ривожланиши учун амалга ошириладиган ҳамма соҳада инсон манфаатларига устувор бўлиши лозим. Шунинг учун бутун дунёда иқтисодиётни инсонпарварлаштириш деган ғоя тобора кўпроқ қарор топаётгани бежиз эмас. Бу ғоянинг моҳияти ва мазмунида асосий эътибор инсонга қаратилади. Бу табиий ҳол, чунки кишиларнинг эҳтиёжлари ортиб борган сари моддий неъматлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишда инсон билимининг аҳамияти орта бошлади. Ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш фаолиятини ривожлантириш учун иш билан банд ходимларнинг қобилиятлари танлана бошлайди ва улар янада чуқурлашиб боради. Масалан соғлиқни сақлаш соҳасида, яхши жарроҳ бўлиш учун биргина тиббиёт бўйича мутахассислик дипломининг ўзи кифоя қилмайди. Бунда мазкур мутахассис бажарадиган вазифаларга мос келадиган илмий–амалий талаблар билан бир қаторда инсоний сифатлар кўпроқ зарур бўлади.
Иқтисодиётда амалга оширилаётган ислоҳий ўзгаришлар даврида ҳамма нарсаларни инсон эҳтиёжлари ва тақдири билан мувофиқлаштириш муҳимдир.
Бозор муносабатлари фақат иқтисодиёт ва унинг иштирокчиси бўлганинсонга таъсир этиш билан бир қаторда, кўп жиҳатдан назарий тушунчаларга ҳам мазмунан таъсир қилмоқда. Масалан, «меҳнат ресурслари», «ишчи кучи» каби иқтисодий тушунча ва категорияларнинг ҳам ижтимоий-иқтисодий маъноси бирмунча ўзгариб бормоқда. Бу тушунчалар фақат илмий адабиётларда эмас, балки кундалик амалиётимизда ҳам кенг фойдаланилмоқда. Уларга бериладиган турли талқинлар кўп ҳолларда илмий-амалий фаолиятнинг характерига таъсир этмай қолмайди.
«Меҳнат ресурслари атамаси» шўролар ҳокимиятининг дастлабки йилларида пайдо бўлган, ундан мамлакатда инсон ресурсларини бошқариш ва ундан фойдаланиш самарадорлигини ошириш учун кенг фойдаланилган ва ҳозиргача ҳам «меҳнат ресурслари» атамаси меҳнатга лаёқатли аҳоли учун ишлатилади. Меҳнатга лаёқатли аҳоли – меҳнат ресурсларини ташкил этиб, у табиий, моддий ва молиявий ресурслар билан бир қаторда қатъий статистик ҳисобга олиниши иқтисодиётни марказлашган усулда режалаштиришнинг муҳим элементларидан бири сифатида фойдаланилади.
Ривожланган мамлакатлардаги каби Ўзбекистон Республикасида ҳам мустақиллик йиллари Халқаро Меҳнат Ташкилоти тавсия этган аҳолини таснифлаш тизимига ўтилди, унга кўра аҳолини тизимли тақсимлашда мамлакат меҳнат ресурслари иқтисодий фаол ва иқтисодий нофаол қисмларга ажратиладиган бўлди.
Моддий неъматлар руҳий физиологик ва ақлий сифатлари билан ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатишга қодир бўлган меҳнатга лаёқатли аҳолининг меҳнат ресурслари деб аталади.
Меҳнат ресурслари таркибига фақат иқтисодий фаол аҳолигина эмас, шу билан бирга ҳозирги пайтда ишламаётган ва иш қидирмаётган меҳнатга қобилиятли шахслар, шу жумладан ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда таълим олаётганлар аҳоли ҳам киритилади. Меҳнат ресурслари иқтисодиётда меҳнат билан банд бўлган, банд бўлмаса ҳам меҳнат қилишлари мумкин бўлган кишиларни қамраб олади. Бошқача айтганда, меҳнат ресурслари меҳнат қилиш имкониятига эга ҳақиқий ва потенциал ходимлардир.
Меҳнат ресурслари шаклланишини ўрганишда уларни ёш гуруҳлари бўйича кўриб чиқишимиз ҳам мақсадга мувофиқдир. Кишиларни гуруҳларга ажратишда уларнинг ёши чегараларини аниқлаш асосий муаммо ҳисобланади Бу масалани ҳал этишда ҳуқуқий асосланган ва амалда мавжудларини ажратиш муҳим роль ўйнайди. Бунда инсон организмининг нафақат биологик хусусиятлари, балки мамлакатдаги ижтимоий ва иқтисодий шароитлар, аҳолининг турмуш даражаси, умумий, ўрта махсус ва олий таълим тизимининг ҳолати, ўртача умр давомийлиги ва бошқалар ҳам ҳисобга олинади. Шуларга асосланган ҳолда ижтимоий-иқтисодий нуқтаи назардан аҳолини ёшига кўра 6 гуруҳга бўлиш мумкин:
1. Болалар (0-15 ёш) - мамлакат жами аҳолисининг энг катта қисмини ташкил этиб, уларнинг аксарияти меҳнат жараёнида иштирок этмайди. Аммо ушбу гуруҳ салмоғи меҳнат салоҳиятининг келгуси ва истиқбол кўрсаткичларини белгилаб беради. Чунки бу қатламнинг юқори чегарасидаги ўсмирлар тез орада меҳнат ресурслари сафига қўшилади.
2. Ўсмир ёшлар (16-24 ёш) - мазкур гуруҳнинг катта қисми иқтисодий нофаол аҳоли таркибига кириб, улар мактаб, академик лицей, коллеж ва олий ўқув юртларида таълим олаётган ёшлар, туғруқ таътилидаги аёллар ҳисобланади. Шунингдек, улар таркибида иқтисодиётнинг қатор соҳа ва тармоқларида банд бўлганлари ҳам мавжуд бўлиб, меҳнат фаолияти аксарият ҳолларда бошланғич кўринишга эга бўлади.
3. Ўрта ёшлилар (25-30 ёш) - улар ўзи жисмоний ҳолати ва имкониятларижиҳатдан юқори кўрсаткичга эга бўлиб, меҳнатга лаёқатли жами аҳолининг асосий қисмини қамраб олади. Бу гуруҳ вакиллари аниқ ҳаёт йўлларини танлаб олган, ўз оиласига эга бўлган ва жамиятда маълум ютуққа эришган ҳисобланади. Лекин уларнинг барчаси ҳам иқтисодиётда банд бўлмайди, чунки бу таркибда ёш болали оналар ва аёллар ҳам кўпчиликни ташкил этади.
4. 31-59 ёшдаги аҳоли – ушбу гуруҳдаги аҳоли юксак меҳнат салоҳиятига эга бўлиб, ҳаётий ва иш тажрибасининг юқори кўрсаткичига эришади. Шу вақтгача олган амалий кўникма ва малакаларини ишлаб чиқариш жараёнларига сафарбар этадилар ҳамда меҳнат жамоасида алоҳида ўрин эгаллайдилар. Бу тоифа инсонлар ёшларга ўрнак ва маслакдош бўлади. Ушбу ёш чегарасидаги кишиларнинг иқтисодий фаоллик даражаси бошқаларга нисбатан юқори ҳисобланади. Шунингдек, мазкур қатламнинг юқори қисмида пенсия ёшига етган аёллар ҳамда меҳнат фаолиятини якунлаш тараддудида бўлган эркаклар ҳам мавжуд.
5. 60 дан 70 ёшгача бўлганлар – бу қатлам вакиллари пенсия ёшига етган аҳоли ҳисобланиб, уларнинг аксарияти пенсияда бўлади. Лекин, уларнинг орасида ўз иш фаолиятларини давом эттираётганлари ҳам бўлиб (айниқса, эркаклар), улар ҳам бутунлай нафақага чиқиш ва меҳнат фаолиятини якунлаш арафасида бўладилар.
6. Кексалар (70 ва ундан катта ёш) – уларнинг деярли ҳаммаси меҳнат фаолиятидан четлашган бўлади.
Ўзбекистон Республикасининг меҳнат қонунчилигига кўра, аҳоли меҳнат лаёкати бўйича уч гуруҳга ажратилади. Жумладан:
- меҳнатга қобилиятли ёшгача (0-15 ёш);
- меҳнатга қобилиятли ёшдаги (16-54 ёшли аёллар, 16-59 ёшли эркаклар);
- меҳнатга қобилиятли ёшдан катталар (55 ёш ва ундан катта аёллар, 60 ёш ва ундан катта эркаклар).
Do'stlaringiz bilan baham: |