1. Ўзбек абадий тилининг сўз заҳираси, яъни луғатлар, бадиий ва илмий адабиётлар. Бундай адабиётларда мавжуд бўлган терминларни икки гуруҳга бўлиш мумкин:
а) Соф ўзбек (туркий) терминлари. Масалан: жар, булут, ёз, ёмғир, кечик, кент, қўрғон, соз, гилмоя ва бошқалар.
б) Ўзбек тили заҳирасига кириб, ўзлашиб кетган бошқа халқлар терминлари: манба, мансаб, чашма, соҳил, дарё ва бошқалар.
2. Шевалар тили сўз заҳираси. Шевалар тили сўз заҳирасидан илмий адабиётга кўпгина терминлар кириб, ўзлашиб кетган. Масалан, қайир, адоқ (одоқ), газа, чўқалак ва б. Хоразмда суғорма деҳқончилик жуда қадимдан ривожланган. Шунинг учун у ерда суғорма деҳқончиликка оид терминлар кўп: ёп, арна, ариқ, зайк, хариқ, солма, ёрма. Буларни ўзбек тили муомаласига аста - секин киритиш мумкин.
3. Таржима қилиш йўли билан ҳам янги терминлар пайдо бўлади. Чунончи, қалашма муз, қирғоқ бўйи, дарё боши, қуяр жойи, сув сарфи, оқим, қора совуқ каби терминлар таржима йўли билан муомалага киритилган.
4. Ҳар бир халқнинг луғат бойлиги бошқа халқлардан кириб келган терминлар ҳисобига бойиб боради. Шу жумладан, географик терминар ҳам кириб келади. Масалан: сунами, гармсел, чашма, соҳил, эрг, ҳамада, сиклон, антисиклон ва б. Чет эллар билан, турли халқлар билан алоқаларнинг кўпайиши турли атама, термин ва тушунчаларнинг кириб келишига шароит яратади. Лекин бунда биз ўзимизда йўқ, таржима қилиб бўлмайдиган терминларни олишимиз керак. Ўзимизда бўла туриб ёки таржима қилса бўладиган терминларни четдан олмаслик зарур.
Илм - фан, техника, ишлаб чиқариш ўсган сари янги атама ва терминлар ҳам пайдо бўлиб ва эскирганлари тил муомаласидан чиқиб кета беради.
Географик терминларни шартли равишда илмий, халқ (маҳаллий), байналмилал, топонимик ва таржима терминларга бўлиш мумкин. Миллий терминлар бирор миллатнинг адабий тилида ва илмий адабиётларида барқарор ўрин олган ҳамда мазкур миллат вакилларининг кўпчилиги тушунадиган терминлардир. Буларга тоғ, текислик, дара, кўл, сой, дара, водий, жар, чўққи, ғор, сел, булут, ёмғир, қор, кўчки, довон ва бошқалар мисол бўла олади. Маҳаллий терминлар маълум ҳудудда, бирор шевада қўлланиладиган терминлар бўлиб, уларни бошқа шевасидагилар, бошқа ҳудуддагилар тушунмаслиги мумкин. Масалан, Хоразм шевасидаги ёп, арна, зайк, хариқ, солма, ёрма терминлари, Қашқадарё ва Сурҳондарё вилоятлари тоғли ерларда газа, адоқ, ховар каби терминлар учрайди. Байналмилал терминлар бошқа халқлар тилидан кирган бўлиб, кўпчилик халқларда бир хил қўлланилади. Бунга фан номи географияни, лёсс, гейзер, карст, дельта, артезиан сув, циклон, антициклон, фён, конденсация ядроси, кристалл ва бошқалар мисол бўлади. Таржима терминларга сув сарфи, дарё боши, қуяр жойи, қирғоқ бўйи, сувайирғич, ҳавза каби терминларни мисол келтириш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |