2. Ўзбекистонда давлат мустақиллигининг қўлга киритилиши ва унинг тарихий аҳамияти.
Хурматли талабалар!
Биз сиз билан муҳокама қилган ўтган иккинчи маърузамизда 1991- йил 19-21-август кунлари Москвада ҳарбий тўнтариш қилиб ГКЧП- Фавқулотда Ҳолат Давлат Қўмитасининг тузиб, собиқ иттифоқни сақлаб қолишга уриниб, барча республикалар халқларига мустақиллик бермасликкка ҳаракат қилганликлари, оқибатда республикамиз учун истиқлолга эришиш заруриятидан келиб чиқиб, тарихий вазиятни тўғри бахолаган Ўзбекистон раҳбарияти зудлик билан Олий Кенгаш сессиясини чақириб, унда Ўзбекистон мустақиллиги ҳақида қонун қабул қилишни талаб қилганлигини айтган эдик. Шу боис 1991 йил 31 августда чақирилган Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ХII чақириқ навбатдан ташқари VI сессияси Ўзбекистоннинг Мустақил Давлат, деб эълон қилинишида катта тарихий аҳамиятга эга бўлди. Унда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги тўғрисида” ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи тўғрисида”ги масалалар кун тартибига қўйилиб, қизғин муҳокама қилинди. Олий Кенгаш депутатлари моддама-модда муҳокамадан сўнг “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги тўғрисида”ги Қонунни, сўнгра республика “Давлат мустақиллиги тўғрисида”ги Баёнотни қабул қилдилар.
Мазкур сессияда Ўзбекистон ССРнинг номи ҳам ўзгартирилиб, Ўзбекистон бундан буён Ўзбекистон Республикаси номи билан аталадиган бўлди. Сессияда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллигини эълон қилиш тўғрисида” қабул қилинган қарорда 1 сентябрь Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллик куни ва 1991 йилдан бошлаб бу кун байрам ва дам олиш куни деб эълон қилинди. Сессияда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги асослари тўғрисида”ги Қонун 17 моддадан иборат бўлиб, унинг биринчи моддасида “Ўзбекистон Республикаси ўз таркибидаги Қорақалпоғистон Республикаси билан бирга мустақил, демократик давлатдир”, – деб қонунлаштириб қўйилди. Ўзбек халқининг муқаддас, тарихий орзуси ушалди. У сиёсий мутелик ва асоратдан қутулди. Дунё харитасида яна бир мустақил, озод, суверен давлат – Ўзбекистон Республикаси пайдо бўлди.
Истиқлол биз учун тараққиётнинг бутунлай янги, кенг уфқларини очди. Ўз келажагимизни ўз қўлимиз билан яратадиган бўлдик. Ҳаётимиз ва умумий хонадонимизни миллий манфаат ва қадриятларимизга, эътироф этилган умумдемократик мезонларга монанд қилиб қўйишдек ноёб тарихий имкониятга эга бўлдик.
Мустақиллик бизга қуйидаги имкониятларни берди:
– ўз тақдирини ўзи белгилаш, давлат ва жамиятнинг сиёсий тизимини мустақил яратиш, демократик йўл билан сайланган органлар орқали ҳокимиятни бутун тўлалиги билан бошқариш;
– ишлаб чиқариш ва илмий техник имкониятларга, табиий ва хомашё ресурсларига тўла эгалик қилиш ва улардан мамлакат манфаатлари йўлида фойдаланиш;
– тараққиёт йўлини жаҳон тажрибалари, тарихий анъаналар ва халқнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда мустақил танлаш;
– миллий давлатчилик анъаналарига асосланган ҳолда ҳуқуқий демократик давлат тузиш;
– очиқ фуқаролик жамияти қуриш;
– тарихни холисона ёритиш, миллий ва диний қадриятларни қайтадан тиклаш, ҳаётни эски ҳукмрон мафкура ва мустабид тузум асоратидан халос этиш;
– ёш авлодни ҳақиқий ватанпарвар ва юртпарвар этиб тарбиялаш, уларга замон талаблари даражасида билим ва касб-ҳунар бериш;
– ижоднинг барча турларини ривожлантириш, одамларнинг истеъдод ва қобилиятларини тўла намоён этиш;
– юрт хавфсизлиги, фуқаролар тинчлиги ва миллатлараро тотувликни таъминлаш;
– халқаро муносабатларда мустақил субъект сифатида иштирок этиш, бошқа мамлакатлар билан ўзаро манфаатли шартнома ва битимлар тузиш;
Шунингдек, мустақиллик Ўзбекистоннинг барча халқаро нуфузли ташкилотларга тенг ҳуқуқлилик асосида аъзо бўлиб кириш имконини ҳам берди.
Do'stlaringiz bilan baham: |