Антон ЧЕХОВ
САРЛАВҲАСИЗ
V асрда ҳам ҳозиргидек ҳар куни эрталаб қуёш чиқар ва кечқурун ухлагани ётар эди. Эрталаб қуёшнинг дастлабки нурлари шудринг билан ўпишганда ер жонланар, ҳаво қувонч, шодлик ва умид товушларига тўлар, кечқурун эса шу ер тек қолар ва шафқатсиз қоронғуликка чўмарди.
Кун-кунга, тун-тунга ўхшайди. Ҳар замон кўкда қора булутлар пайдо бўлиб, жаҳл билан момақалдироқ қалдирарди ёки юлдуз учарди, ё бўлмаса ранги ўчган монах зоҳидларнинг олдига югуриб келиб, монастирга яқин бир ерда йўлбарс кўрганини айтарди, вассалом, сўнгра яна кун-кунга, тун-тунга ўхшарди.
Монахлар ишлар ва ибодат қилар, уларнинг бошлиқлари бўлган чол орган чалар, лотинча шеърлар ҳамда ноталар ёзарди. Бу ажойиб чол фавқулодда қобилият эгаси эди. У органни шундай усталик билан чалар эдики, ҳатто умрининг охирида мусиқий завқи бир тарзироқ бўлиб қолган энг қари монахлар ҳам, унинг ҳужрасидан орган товуши келганда ўзларини йиғидан тўхтатолмасдилар. У ҳатто энг оддий нарсалар тўғрисида, масалан, дарахт, йиртқич ҳайвонлар ёки денгиз ҳақида сўзлаганда ҳам киши ё кулар, ё кўзига ёш олар, худди унинг қалбида орган торларидай торлар садо бераётгандай туюларди. Унинг аччиғи келса ёки жуда қувониб кетса, ё бўлмаса бирон даҳшатли нарса тўғрисида гапирса, эҳтиросли илҳомга толар, чақнаб турган кўзлари ёшланар, юзи қизарар, товуши момақалдироқдай гулдирар эди. Монахлар, унинг сўзига қулоқ берар эканлар, унинг илҳоми ўз қалбларини банд қилаётганини сезар эдилар. Мана шундай соз ва ажойиб лаҳзаларда унинг ҳукмронлиги чексиз бўлар, агар у зоҳидларига дарёга ўзларини ташлашни буюрса, ҳаммаси хурсандлик билан бу амрни ижро этгани шошиларди.
Унинг мусиқаси, товуши, худо, ер ва осмонни мадҳ этган шеърлари монахларга доимий хурсандлик манбаи эди. Умргузаронлик бир хилда бўлавергандан кейин баъзан дарахт, гуллар, баҳор, куз уларнинг меъдасига тегар, денгизнинг шовуллаши толиқтирар, қушларнинг сайраши ёқмас, аммо чолнинг таланти уларга нондек ҳар куни керак эди.
Ўн йил ўтди, ҳамон кун-кунга, тун-тунга ўхшарди. Монастир атрофида ёввойи қуш ва йиртқич ҳайвонлардан бўлак жон эгаси кўринмас эди. Одам турадиган энг яқин ер монастирга юз чақирим келар ва юз чақирим йўл нуқул чўлдан борарди. Бу чўлдан ўтишга фақат ҳаётга таҳқир кўзи билан қаровчи, ҳаётни тарк этиб, монастирга киришни қабирга кириш, деб билувчи кишиларгина журъат қила оларди.
Шунинг учун бир куни кечаси биров монастирнинг эшигини тақиллатганда монахлар жуда ҳайрон қолишди. Эшикни тақиллатган киши шаҳарлик бир одам бўлиб, ҳаётни севгувчи оддий бир осий уммат экан. Бу одам монахлар бошлиғи дуосини олиш ва ибодат қилиш ўрнига аввал вино билан овқат талаб қилди. Нима бўлиб чўлга чиқиб қолганлигини сўралганда у, узундан-узоқ сўзлаб, овга чиққани, кўпроқ ичиб қўйиб, адашганини айтди. Монастирга кириб, қиёматнинг ғамини егин, деган таклифга, кулиб: ”Мен сизларга ўртоқ эмасман”, деб жавоб берди.
Еб, ичиб тўйганидан сўнг, хизматини қилиб турган монахларга бир-бир қаради-да, бош чайқаб таъна билан деди:
– Бекор ўтирасизлар, монахлар. Ейиш-ичишдан бошқани билмайсизлар. Қиёматни ғамини шу хилда ейдими киши? Ўйлаб кўринглар: сизлар бу ерда тинчгина еб-ичиб саодат хаёлида ўтирган чоғларда, яқин кишиларинг ҳалок бўлиб, жонлари дўзахга кетмоқда! Бир қаранглар-чи, шаҳарда нималар бўлмоқда. Бири очдан ўлмоқда, бошқаси ўз олтинини қаерга кўмишини билмасдан бузуқликка ғарқ бўлмоқда ва асалга ботган пашшадай ҳалок бўлмоқда. Кишиларнинг қалбида на имон бор, на ҳақиқат. Буларни қутқариш кимнинг иши, ахир? Ваъз-насиҳатни ким қилади? Эртадан кечгача маст бўлиб юрадиган одам мен қилайми? Наҳот худо, эзгу руҳ, севгувчи қалб ва имонни сизларга тўрт девор орасида ўтириш учун берган бўлса?
Шаҳарликнинг мастлик билан айтган сўзлари қаттиқ ва одоб доирасидан ташқари эди, аммо нима бало бўлдики, чолга таъсир қилди. Чол ҳамма монахлар билан бир-бир кўз уриштириб, ранги оқарди ва деди:
– Биродарлар, бу тўғри айтади! Чиндан ҳам бечоралар ўзларининг нодонликлари ва тадбирсизликлари орқасида гуноҳкор ва динсиз ҳалок бўладилар, биз эса жойимиздан қимирламаймиз, гўё бунинг бизга даҳли йўқ. Шаҳарга бориб ўз пайғамбарларини унутган умматларнинг эсига Исо алайҳисаломни солсам бўлмайдими?
Шаҳарликнинг сўзлари чолни қизиқтирди: эртасига у асосини қўлига олди, зоҳидлар билан хайрлашди ва шаҳарга қараб кетди. Монахлар унинг мусиқасидан, сўзларидан ва шеърларидан маҳрум бўлдилар.
Бир, икки ойни улар чолни соғиниб ўтказдилар, чол келмади. Оқибат учинчи ойнинг охирида ҳаммага маълум бўлган асо товуши эшитилди. Монахлар югуриб унинг истиқболига чиқдилар ва унга бениҳоят кўп саволлар бердилар, аммо чол, уларни кўриб севиниш ўрнига куйиниб йиғлади ва бир оғиз ҳам сўз айтмади. Монахлар унинг жуда қариганини ва озганини пайқадилар; унинг юзидан чарчаганлик ва чуқур қайғу акс этар эди, йиғлаганида эса таҳқирланган кишига ўхшар эди.
Монахлар ҳам йиғладилар ва ундан нимага йиғлаётганини, нима учун хафа эканини сўрадилар. Бироқ, у бир оғиз ҳам сўз айтмади ва ҳужрасига кириб, эшикни беклаб олди. У етти кун уйидан чиқмади, туз тотмади. Орган чалмади, нуқул йиғлади. Монахлар эшигини тақиллатсалар, чиқиб биз билан дардлаш деб илтимос қилсалар ҳам, чурқ этмади.
Охир ташқарига чиқди ва монахларни тўплаб,ёшли кўз, чуқур қайғу ва ғазаб билан сўнгги уч ой ичида бошидан кечирганларини айтиб берди.
У монастирдан шаҳаргача босган йўлини тасвирлаб берганда кўзларида табассум, товушида осойишталик акс этар эди. Айтишича, йўлида унга қушлар сайраб берган, унинг учун ариқлар шилдираб оққан, қалбини ширин, ёш умидлар ҳаяжонга келтирган: у йўлда борар экан, ўзини жангга кетаётган ва ғалаба қозонишига амин бўлган солдатдай сезган, шеърлар ва наътлар айтиб шаҳарга етганини билмай қолган.
Бироқ, шаҳар ва у ердаги одамлар тўғрисида гапира бошлаганида тутақиб кетди, кўзлари чақнади. У шаҳарга кириб кўрганларини умрида кўрган эмас, ҳатто шундай бўлишини тасаввур қилишга ҳам журъат этган эмас.
Шайтон нақадар қудратли, ёвузлик қанчалик гўзал эканини, кишиларнинг на даража юраксиз ва ғариб эканликларини у умрида биринчи дафъа кексайган чоғида кўрди ва англади. Бахтсиз тасодиф бўлиб, биринчи қадам босгани уй бузуқлик макони бўлиб чиқди. Эллик чамаси пулдор кишилар овқат ер ва винони кўп ичар эди. Вино ичиб маст бўлган одамлар куйлайдилар ва художўй киши айтгани ботинолмайдиган ярамас сўзларни ҳеч ибосиз айтадилар. Чексиз эркин, тетик, бахтиёр бу одамлар на худодан қўрқадилар, на шайтондан ва на ўлимдан, нимани хоҳласалар шуни айтадилар, шуни қиладилар, кўнгиллари қаерни тиласа, ўша ерга борадилар. Вино эса ҳақиқдай соф, ҳаддан ташқари ширин ва хушбўй бўлса керпк, чунки ичган киши роҳатланиб кулади ва яна ичгиси келади. Киши кулганда вино ҳам кулгандай бўлади, ичилганда қувонч сочиб, учқун олади, гўё ўз ширинлигида қандай шайтоний латофат беркитиб турганини ўзи билади.
Чол ғазабдан борган сайин тутақиб, йиғлаб, кўрганларини ҳикоя қилиб бераверди. Базм қуриб ўтирганлар орасида, – деди, – столнингустида ярими яланғоч бир бузуқ хотин турар эди. Табиатда бундан кўра гўзал ва жозибали нарсани топиш қийин. Ёш, узун сочли, дўндиқ, қоракўз, дурдоқ лабли ҳаёсиз ва шарманда, бу палид садафдай тишларини кўрсатиб илжайиб, худди “Кўрдиларингми, мен қандай шарманда ва чиройлик” демоқчидай эди. Шоҳи кимхоблар бурма-бурма бўлиб, унинг елкасини қоплаган, аммо гўзаллик кийим остига беркинишни истамас, баҳори сабзи қўпиб турган ерни ёриб чиққандай, ташқарига чиққани интилар эди. Шарманда хотин вино ичар, ашула айтар ва ким хоҳласа ўшанга ўзини тақдим этар эди.
Ундан сўнг чол титраб-қақшаб от ўйини бўладиган майдон, ҳўкиз уриштириш, театрлар, лойдан яланғоч хотиннинг суратини ясайдиган рассомлар корхонаси тўғрисида сўзлаб кетди. у илҳом билан, чиройли ва тиниқ товуш билан, худди кўзга кўринмайдиган бир торни чертаётгандай сўзлар, монахлар эса унинг атрофини қуршаб, диққат ва иштиёқ билан сўзига қулоқ солар ва хурсандликдан энтикар эдилар… Шайтоннинг барча жозибаси, ёвузликнинг гўзаллиги ва жирканч хотин баданининг мафтун қилувчи латофатини тасвир қилиб бўлганидан сўнг чол шайтонни лаънатлади. Бурилиб ҳужрасига кириб кетди…
Эртасига эрталаб ҳужрасидан чиқиб қараса монастирда битта ҳам монах қолмапти. Ҳаммаси шаҳарга кетиб қолипти.
Рус тилидан Абдулла Қаҳҳор таржимаси
Do'stlaringiz bilan baham: |