АМАЛИЙ МАШҚЛАР
Бугундан бошлаб мен ўзимда бериш ва кечириш кўникмасини ривожлантираман. Бунинг учун қуйидагиларни қилишга тайёрман:
1. Бугун мен учрашадиган, телефонда гаплашадиган, хаёлда ўйлайдиган ҳар қандай инсонга шодлик, бахт, муваффақият ва саломатлик тилайман. Мен унга ўзимнинг ижобий энергиямдан улашаман.
2. Бугун мен ҳузурига отланган ҳар бир инсонга совға қиламан. Бу қандайдир нарса, яхши тилак, хушомад сўз ёки фойдали ғоя бўлиши мумкин. Буларнинг барчаси мен унинг фаровон ҳаёт кечиришидан манфаатдор эканлигимни намойиш этади.
3. Бугун мен ўзимнинг севимли инсонимга ноодатий ва пухта ўйланган совғани топшираман. Буни мен унинг хурсанд бўлганини кўриб шодланишим учунгина қиламан.
4. Бугун мен ҳаммани кечираман. Аввало, бу ўз-ўзимга совға бўлади. Мен гина сақлаётган инсонларнинг барчасини кечираман. Мен уларни самимий ва чин юракдан кечираман. Бугуноқ мен унга қўнғироқ қиламан ёки хат ёзаман. Бугундан бошлаб ҳеч кимга нисбатан салбий ҳис туймайман. Қайтага, мен бундай ҳислардан қутиламан.
ҒОЛИБЛАР ҚОНУНИ. 26-ҚОНУН. ПУЛГА ОҚИЛОНА МУНОСАБАТДА БЎЛИНГ
Кунларнинг бирида қашшоқ деҳқоннинг товуғи тилла тухум туғибди. Деҳқон аввалига биров ҳазиллашган деб ўйлабди. Лекин ҳар эҳтимолга қарши тухумни заргар ҳузурига элтибди. Заргар тухум асил тилладан эканлигини тасдиқлабди.
Деҳқон тухумни катта пулга сотибди. Кечқурун у катта базм уюштирибди. Эртаси куни у оила аъзолари билан товуқ яна тилла тухум туғдимикан, дея катакка йўл олишибди. Қарашса — ҳақиқатан ҳам товуқ яна битта тилла тухум босиб ётибди. Бу ҳолат бир неча кун давом этибди.
Деҳқон аввалига ўз бахтига ишонмабди. Кейин эса унинг нафси ҳакалак отибди. Унга кунига битта тилла тухум камлик қила бошлабди. У катакка бориб, товуқни сўйиб ҳамма тухумга бира тўла эгалик қилмоқчи бўлибди. Бироқ, товуқ танасидан нўхатдек келадиган ҳали ҳомила ҳолатидаги тухумга дуч келибди, холос.
Бу масалдан мурод: тилла тухум туғаётган товуқни сўймаслик керак.
* * *
Фаровонлик — бу сизга туғилганингдаёқ берилган ҳуқуқдир. Ҳали ҳеч қачон бизнинг замонамиздагидек бойиш осон бўлмаган. Сиз сўрашингиз мумкин: «Унда нега ҳамма инсон бой эмас?» деб. Бу саволнинг жавоби жуда оддий: инсонларнинг кўпчилиги тилла тухум қўювчи товуқни сўйишади.
Бизнинг бугунги сабоғимизда товуқ — капитал, тухум эса ундан олинадиган фоиз тушунилади. Капиталсиз ҳеч қанақа фоизлар бўлмайди. Кўпчилик инсонлар қўлларида бор бўлган пулларнинг ҳаммасини сарфлаб юборишади. Баъзилар эса ўзларида мавжуд пулдан ҳам кўпроқ ишлатиб юбориб, қарзга ботишади. Бундай йўл билан товуқ ўстириб бўлмайди. Улар уни жўжалигидаёқ, ҳали тухум қўйишга қодир бўлмаган пайтлардаёқ ўлдириб юборишади.
Do'stlaringiz bilan baham: |