НОАНИҚ ИСТАКЛАР — БУ ҲАЛИ МАҚСАД ЭМАС
Агар даромадларингиз ошишини истасангиз, бу истак сиз учун мутлақ муҳим бўлиши керак. Ўзингизни истакларингизга шу даражада мослаштиришингиз керакки, агар шу мақсадга етиша олмасангиз, қалбингизда жароҳат қолсин. Сиз олдига “ёмон бўлмасди”, дея улкан мақсадни қўйиб, кейин унга етишган инсонни ҳеч қачон топа олмайсиз.
Ҳаётда маълум бир даражага эришган инсонлар “реал” мақсадларни кўзлашмайди. Улар ўз хатти-ҳаракатлари билан реалликни ўзгартириб юборишади. Fолиблар эса ўз хаёлларида орзулари билан шу қадар бирлашиб кетишганки, мавжуд вазият уларни энди қониқтирмайди ва бундай ҳаётга кўнмайдилар.
МАҚСАДЛАРНИНГ УСТУНЛИК ТОМОНЛАРИ
Сиз бирор марта минг бўлакдан иборат парчалардан сурат йиққанмисиз? Агар йиққан бўлсангиз, сурат тўғри йиғилиши учун кўз ўнгингизда намуна туриши нақадар муҳимлигини аниқ биласиз.
Ҳаёт сурати янада кенгроқ, уни йиғиш ҳам мушкулроқ. Кўплаб китоблар, журналлар, маслаҳатчилар, семинарлар, интернет-сайтлар, шарт-шароитлар бор... Кераклисини танлаш учун аввал “намуна”га — аниқ мақсадга эга бўлиш керак. Аввалига биз бу мақсадларга етишишимиз муҳим эмас. (Сизга бу ҳол юқорида баён этилганларга зид кўриниши мумкин, бироқ кейинги сатрларни ўқий туриб, бу зиддият шунчаки эканлигига амин бўласиз). Мақсадга эришар эканмиз, бу йўлингиздаги оддий бир оралиқдаги бекат эканлигини кўрасиз. Биз у ёки бу мақсадни рўёбга чиқариш учун яшамаймиз. Мақсадлар ҳаётда осонроқ ҳаракатланишимиз учун хизмат қилишади. Шу сабабли мақсадларнинг қуйидаги устунлиги бор:
1. Улар бизга йўналишимизни вақти-вақти билан солиштириб турадиган мўлжал беради. Акс ҳолда қайси йўналишда ҳаракатланишни билмас эдик.
2. Улар бизнинг олға ҳаракатланишимизга маъно-мантиқ бахш этади, чунки биз йўлимизда учрайдиган имкониятларнинг маъносини тушунсаккина улардан фойдалана оламиз.
3. Улар бизнинг ҳаракатланишимизга сабаб ва рағбат яратади.
БУЮК МАҚСАДЛАРНИНГ МАЪНИСИ НИМАДА?
Буюк мақсадларнинг яна бошқа афзалликлари ҳам бор. Агар сиз сифатли сакрашни амалга оширмоқчи бўлсангиз, олдингизга ҳақиқатдан ҳам улкан вазифа ва мақсадлар қўйишингиз керак. Гап ҳашаматли уй, қимматбаҳо автомобиль, дабдаба ва шинамлик ёки пул ҳақида кетмаяпти. Ҳамма гап сизнинг шахсиятингиз ва унинг бу жараёнда нечоғлик ривожланишида.
Биз бу буюк мақсадга эришиш-эришмаслигимиз муҳим эмас. Асосийси — бунга шижоат билан киришишимизда. Ахир биз ниманидир ўрганамиз, ўсамиз, ўзимизда янги қирраларни пайдо қиламиз. Буюк мақсаднинг ҳақиқий аҳамияти унга эришиш йўлида бизнинг ривожланишимиздадир. Баъзи инсонлар олдиларига ҳаётда етишиб бўлмайдиган мақсадларни қўйишади. Улар яримта интилиш мақсадга етказмаслигини билишади ва бир юз ўн фоизга ҳаракат қилишади. Фақат шундай йўл билан ўсиш ва ривожланиш мумкин. Ҳаётдан энг яхши нарсаларни талаб қилиб, энг яхши шахсга айланиш мумкин. Олдимизга юқори мақсадлар қўйиб, йўлимизда учрайдиган майда-чуйда нарсаларга чалғимаймиз.
Агар юқори мақсадларимиздан баъзи бирларига эришилмай қолинса ҳам, бизнинг ютуғимиз барибир юқори саналади. Агар сиз юлдузларга интилсангиз, бу ҳали уларга етиб борасиз дегани эмас, бироқ нима бўлганда ҳам дарахтлардан баландроқ чиқа оласиз. Мақсадга элтувчи йўл замирида шу қадар янги нарсалар яширинки, у шу қадар илмга бой ва жозибалики, шуларнинг ўзиёқ сизга катта мукофот бўлади. Шу нуқтаи назардан, мақсад сари йўлнинг ўзи ҳам мақсаддир.
Бу ҳар қандай мақсадга етишиб бўлмасликнинг сабабларидан бири ҳамдир. Бироқ, мақсад қайси йўлдан юриш кераклигини ойдинлаштиради. Мақсадимиз қанчалик юқори бўлса, йўл ҳам шунчалик қизиқарли бўлиб, ўзимиз ҳам шахс сифатида ўса борамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |