Солиқ тизими – бу белгиланган солиқлар, уларнинг ташкил қилиниш шакл ва усуллари ҳамда давлатнинг солиқ сиёсатини амалга оширувчи муассасавий тузилмалардир.
Солиқларнинг турлари
Туркумланиш мезонлари
I . Солиқ ставкаси ва солиққа тортиладиган даромад ҳажми ўртасидаги боғлиқлик даражасига қараб.
прогрессив (ўсиб борувчи) солиқлар – бунда даромадлар ортиши билан солиқларнинг ўртача ставкаси ҳам ўсиб боради.
мутаносиб солиқлар – бунда солиқ ставкаси даромад ҳажмига боғлиқ бўлмаган ҳолда ўзгаришсиз қолади.
* регрессив (камайиб борувчи) – бунда даромадлар ортиб бориши билан солиқларнинг ўртача ставкаси пасайиб боради.
I I. Бошқариш, бюджет даромадларини ташкил этиш, амал қилиш даражасига кўра:
маҳаллий солиқлар – маҳаллий (вилоят, шаҳар, туман) бюджетларга жалб қилинади.
* республика (федерал) солиқлари – республика бюджетига келиб тушади.
III. Маҳсулот нархига қўшилиши ёки жалб қилиниш характерига кўра.
бевосита (тўғри) солиқлар-иқтисодий харажат сифатида нарх таркибига киради;
* билвосита (эгри) солиқлар-нарх таркибига кирмайди ва унга устама ҳисобланади;
Давлат бюджети даромадлари ва солиқ ставкаси ўртасидаги боғлиқликни биринчи бўлиб америкалик иқтисодчи А.Лаффер асослаб берган. Унинг мулоҳазаларига кўра, корпорациялар даромадига солиқ ставкасини ҳаддан ташқари ошириш, уларнинг капитал қўйилмаларига бўлган рағбатини сусайтиради, фан-техника тараққиётини ва иқтисодий ўсишни секинлаштиради ҳамда улар охир-оқибатда давлат бюджетига тушумларни камайтиради. Аксинча солиқ ставкаларини пасайтириш жамғармалар, инвестициялар ва бандликнинг ортиши орқали солиқ ундириладиган даромад ҳажмининг ўсишини таъминлайди. Бу боғлиқлик «Лаффер эгри чизиғи»да ўз ифодасини топади.
Х
5-§. Суғурта ва унинг молия тизимида тутган ўрни
Суғурта иқтисодий категория сифатида мол-мулк, капитал, меҳнат ва ҳаётни кутилмаган ҳодисалардан кафолатлаш мақсадида суғурталовчи (суғурта компанияси) ва суғурта қилдирувчи ўртасида маълум тўловлар – яъни суғурта бадаллари эвазига махсус пул фондларини ташкил этиш жараёнини ифодалайди.
Суғурта муносабатлари кутилмаган тарзда рўй берадиган турли йўқотишларнинг ўрнини қоплаш мақсадида пул фондларини ташкил этиш, тақсимлаш ва ишлатиш юзасидан келиб чиқадиган иқтисодий муносабатлардир.
Суғуртанинг ўзига хос хусусиятлари
суғурта фақат моддий ҳамда бошқа зарарларни қоплаш учун зарур бўлган даромадларни тақсимлаш ва жамғариш билан боғлиқ муносабатлардан иборат бўлади;
суғурталаш молиявий (пул) ресурсларнинг қайта тақсимланишини тақозо қилиб қўяди;
суғурталаш суғурта фондларини фақат унинг иштирокчилари ўртасида тақсимлаш ва ишлатилишини англатади;
суғурта келтирилган зарарни қоплаш учун зарур маблағларни ҳудудий бирликлар, суғурталашнинг алоҳида тоифалари ва маълум давр оралиғида қайта тақсимланишини кўзда тутади;
суғурта фондига жалб қилинган тўловлар белгиланган вақт давомида қайтарилиши зарур;