Шартнома имзоланган кундан кучга киради ва 2024-гача амал қилади. Белгиланган муддат тугагач, Шартнома тарафлар янги Шартнома тузгунча ёки амалдаги Шартномани ўзгартиргунча, тўлдиргунча амалда бўлади.
Мазкур Шартнома Иш берувчига ва Мактабнинг меҳнат шартномаси асосида ишлаётган барча ходимларига, шу жумладан жамоа шартномаси кучга кирганидан кейин ишга қабул қилинган ҳамда ўриндошлик асосида ишлаётган ходимларга ҳам татбиқ этилади.
Мазкур Шартномада назарда тутилган ҳолларда унинг айрим қоидалари қуйидагиларга нисбатан ҳам татбиқ этилади:
ходимнинг оила аъзоларига;
ёшга доир пенсияга чиқиши муносабати билан меҳнат муносабатлари иш берувчи томонидан бекор қилинган шахсларга;
касаба уюшмаси қўмитасининг штатдаги ходимларига (агар мавжуд бўлса);
мазкур мактабда меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли зарар етказилиши оқибатида жабрланган собиқ ходимларга;
меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллиги ёки меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлигига бошқача тарзда шикаст етиши сабабли вафот этган ходим карамоғида бўлган ва зарар тўловини олиш ҳуқуқига эга бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахсларга;
фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ишларни бажараётган шахсларга;
касаба уюшмаси аъзоларига (касаба уюшмаси бюджети ҳисобидан бериладиган қўшимча имтиёзлар қисмида).
6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2020 йил 28 мартда 3228-сон билан рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2020 йил 25 мартдаги 9-2020/Б-сон буйруғи билан тасдиқланган “Карантинга оид чоралар амал қилиш даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги Низом”га биноан коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш вақтида ходимлар иш берувчи билан тузилган меҳнат шартномасига киритиладиган ўзгартиришлар асосида масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказилиши мумкин.
Бундай ҳолларда:
масофавий ишда ишловчи ходим иш вақтини ўз хоҳишига кўра тақсимланишини ҳисобга олган ҳолда, у томонидан бажарилган ишлар учун бир баравар миқдорда меҳнат ҳақи тўланади. Бундай ходимга нисбатан иш вақтидан ташқари иш, дам олиш ва байрам кунларидаги иш, шунингдек тунги вақтдаги иш учун меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари қўлланилмайди;
ходим мослашувчан иш графигига ўтказилганда унинг таътиллар жадвалига мувофиқ меҳнат таътили, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақа олиш ҳамда қонун ҳужжатларида ва жамоа шартномасида назарда тутилган бошқа ҳуқуқлари сақланиб қолинади. Мослашувчан иш графигига ўтказилган ходимга меҳнат ҳақи ишланган вақтга ёки ишлаб чиқарилган маҳсулотга мутаносиб равишда тўланади;
уйда ишлашга ўтказилган ходимнинг таътиллар жадвалига мувофиқ меҳнат таътили, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақа олиш ҳамда қонун ҳужжатларида ва жамоа шартномасида назарда тутилган бошқа ҳуқуқлари сақланиб қолинади.
Шартномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тарафларнинг ўзаро келишувига асосан Меҳнат кодексида уни тузиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.
Меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар мазмунига қилинган ишораларнинг барчасида уларнинг мазкур Шартномани тузиш чоғидаги таҳрири назарда тутилган.