2. Тоғ жинсларининг деформацияси
Тоғ жинслари тектоник кучлар таъсирида турли деформацияга учрайди. Тоғ жинсларига четдан таъсир қилувчи кучлар ташқи кучлардир. Деформация турлари тоғ жинсларига таъсир қилувчи шу ташқи кучлар катталиги ва йўналиши, деформацияланиш шароити ҳамда тоғ жинсларининг физик хусусиятларига боғлиқ бўлади.
Тоғ жинсларининг деформацияси деганда уларнинг ташқи кучлар таъсирида ўз шакли ва ҳажмини ўзгартириш хусусиятига айтилади. Тоғ жинсларининг деформациясида уларнинг ички физик хусусиятлари: мустаҳкамлиги, эластиклиги, пластиклиги ва мўртлиги каби хоссалари асосий аҳамиятга эга бўлади.
Тоғ жинсларининг мустаҳкамлиги деб ташқи кучлар таъсирига кўрсата оладиган қаршилик қобилиятига айтилади.
Тоғ жинсларининг эластиклиги ташқи кучлар таъсирида ўз шакли ва ҳажмини ўзгартириши ва бу кучлар таъсири тўхтагандан сўнг бирламчи ҳолатига қайтиш хусусиятига эга бўлишини ифодалайди.
расм. Деформация турларининг чегараси.
| Тоғ жинсларининг пластиклиги ташқи кучлар таъсирида шакли ва ҳажмининг қайтмас ўзгариши билан белгила-нади.
Тоғ жинсларининг мўртлиги деб ташқи кучлар таъсирида яхлитлиги бузилиб, парча-ланиш хусусиятига айтилади.
Деформация тур-лари. Тоғ жинсларининг деформацияси ҳосил бўлиши босқичлари кетма-кетлиги бўйича эластик, пластик ва мўрт деформацияларга бўлинади (44-расм). Улар тоғ жинсларининг эластиклиги, пластиклиги ва мўртлиги хусусиятларидан келиб чиқади.
Эластик деформация ташқи кучлар таъсирида тоғ жинслари шакли ва ҳажмининг ўзгариши ва шу кучлар таъсири тўхтагандан кейин бирламчи ҳолатига қайтишидан иборат бўлади. Бундай деформация ташқи кучлар катталиги эластиклик чегарасидан ошмаганда содир бўлади.
Агар тоғ жинсларига таъсир қилувчи ташқи кучлар катталиги эластиклик чегарасидан ортиқ бўлиб, бунда уларнинг яҳлитлиги бузилмаса, ташқи кучлар таъсири тўхтагандан кейин ҳажмий ва шаклий ўзгаришлар бирламчи ҳолатига қайтмаса, қолдиқ деформация ҳосил бўлади ва у пластик деформация деб юритилади. Бу деформация кристалли жинслардаги минераллар кристалл панжаралари қатламларининг бир бирига нисбатан қайтмас силжиши билан боғлиқ. Ташқи кучлар таъсири тўхтагандан кейин улар янги мувозанат шароитида ҳосил бўлган вазиятини сақлаб қолади.
Қолдиқ деформация тоғ жинслари яхлитлигининг бузилиши (дарзликлар ҳосил бўлиши, парчаланиш) орқали содир бўлса мўрт деформация ривожланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |