Эстетик тарбия воситалари. Нафосат тарбиясининг воситалари ўқувчиларнинг гўзалликни севиш руҳида тарбиялаш мақсадида теварак-атрофдан танлаб олинган турмуш, табиат, санъат гўзаллиги ва болаларнинг бадиий фаолиятини ташкил этишга йўналтирилган педагогик жараёнда қўлланилувчи омиллар саналади.
Эстетик воситалар хилма хилдир. Табиат меҳнат, инсоний муносабатлар, санъат эстетик тарбия воситасидир. Табиат эстетик тарбиянинг муҳим манбаидир. К.Д.Ушинский табиатни ёш авлод эстетик туйғуларининг ривожланишига чуқур таъсир кўрсатадиган ажойиб тарбиячидир, деган эди. Саёҳат, сайр, юриш, табиатга бағишланган санъат асарларини ўрганиш мазкур йўналишдаги анъанавий ишдир. Бироқ табиат ичида бўлишнинг ўзи етарли эмас. Табиатдаги гўзалликни кўра билиш, ҳис этиш лозим. Бундай қобилият аста-секин ривожланиб боради. Сайр, экскурсия ҳамда мактаб участкасида ишлаш пайтида тарбиячилар эътиборини табиат бойликларига, унинг шаклидаги мукаммалликларга қаратиши, болаларга нафосат, табиатни севиш эҳтиёжигина бўлмай, шунингдек, уни эҳтиётлашдан ҳам иборатлигини тушунтириб бориши лозим.
Оила гўзалликнинг биринчи мактабидир. Оила аъзоларининг ўзаро муносабатлари, уй-жиҳозлари, уларнинг ягона бирлиги, уйғунлиги, тартибли жойлаштирилиши, саранжом-саришталик, мактабнинг безатилиши, мактабдаги ёдгорлик ва аълочилар бурчаги кабиларнинг барчаси бевосита болаларда гўзалликни тарбиялашда катта таъсир кўрсатади.
Турмуш гўзаллигининг асосини тозалик ва тартиблилик ташкил этади. Синфхоналарида тозалик сақланиши, табиат бурчагининг ташкил этилиши, ўқувчилар ижодий ишлари кўргазмаси, аълочилар тахтаси тизимининг янгилатиб туриш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Бадиий адабиёт нафосат тарбиясида чексиз имкониятларга эга. У ўқувчиларга ҳаётни чуқурроқ англашни ўргатади. Ўқувчиларга ўзбек ва чет эл адабиёти ҳақида кўпроқ маълумот берилади. Ўқувчилар шеърлар, ҳикоялар, халқ оғзаки ижоди намуналари – мақол, матал, эртак, достон, қўшиқ, қисса ва романларни қанчалик кўп ўқиса уларда гўзалликка бўлган интилиш шунчалик кучли бўлади. Шоир ва ёзувчиларнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти, асарлари билан танишиш таҳлил қилиш ўқувчиларнинг билим доирасини кенгайтиради, ҳис-туйғулари ва тил бойлигин такомиллаштиради.
Адабиёт дарслари ўқувчиларда гўзалликни идрок этишни таъминлайди. Ўқувчилар насрий асарлар, шеърлардан парчалар ёд оладилар, бунинг натижасида ўқувчиларнинг бадиий нутқ маданияти ҳам шаклланади. Ўқувчиларни мумтоз адабиётимиз вакиллари – Алишер Навоий, Лутфий, Саккокий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб, Муқимий, Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат, Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Ғофур Ғулом, Зулфия, Мақсуд Шайхзода, замондош адиблар – Примқул Қодиров, Одил Ёқубов, Худойберди Тўхтабоев, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф, Шавкат Раҳмон, Маҳмуд Тоир асарлари, шунингдек, жаҳон адабиётининг ноёб намуналари билан танишишлари уларнинг ҳар томонлама етук бўлиб ўсишларига ёрдам беради.
Бундан ташқари ўқувчилар бастакор – Юнус Ражабий, Муҳаммаджон Мирзаев, Дони Зокиров, Дилором Омонуллаева, рассомлар – Камолиддин Беҳзод, Ўрол Тансиқбоев, Раҳим Аҳмедов, Чингиз Ахмаров, Малик Набиев, Ортиқали Қозоқовлар томонидан санъат ассарлари билан танишиб борсалар уларнинг нафосат онги янада бойийди.
Олам ва инсон гўзаллиги, мардлик, жасорат, юксак инсоний ғояларни ўзида акс эттирган санъат асарлари инсонларни гўзалликни ҳис қилиш, уларга интилиб яшашга ундаб келган. Ғоявий савиясиз асарлар ўқувчилар онгини саёзлаштиради, уларни чинакам гўзалликдан чалғитади, гўзалликни севишга бўлган интилишларини сусайтиради, дидини пастайтиради.
Ўқувчиларнинг гўзаллик билан бевосита мулоқотда бўлишлари уларга кўпроқ ҳиссий таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам ўқитувчи, тарбиячилар тарбиявий ишларни ташкил этиш жараёнида ўқувчиларни бадиий жиҳатдан юксак бўлган асарлар ва табиат манзаралари билан таништиришга алоҳида эътибор қаратишлари зарур. Тасвирий санъат, ҳайкалтараошлик ва меъморий асарлар намуналари билан ўқувчиларни таништириш уларда симметрия, мутаносиблик, чизиқлар, ранг ва колорит уйғунлигини идрок этиш туйғуларига эга бўлишларини таъминлашга хизмат қилади. Ўқувчилар эътиборига эзгу ғояларни тараннум этувчи мусиқий асарларнинг ҳавола этилиши, улардан олинаётган таассуротлар билан ўртоқлашиш уларда мусиқий оҳанг, ритя, товушларнинг ифодавийлиги ва суръатини ҳис этиш кўникма ва малакаларига эга бўлишларини таъминлайди. Адабий асарлар эса ўқувчиларнинг нутқ бойлиги ошириш, фикрлаш қобилиятини ўстириш, шахсий қарашларини эркин баён этишга имкон беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |