Миллий чераланишнинг натижалари. Ўзбекистон ССР ташкил этилган пайтда унинг ҳудуди 312394 кв. км.ни, ахолиси 3.963.285 кишини, яъни, Ўрта Осиё ахолисининг деярли ярмини - 48,7 фоизини ташкил этар эди. 1926 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш бўйича республикада истиқомат қилувчи аҳолининг таркиби қуйидагича эди: ўзбеклар -74,2%, тожиклар -7,8%, руслар - 5,6%, қозоқлар -2,4%, қирғизлар - 2,04%.
Туркистон ўлкасини бўлиб ташлаш билан шўролар миллий давлатчилигимизнинг минг йиллик ривожланиш тарихига путур етказдилар. Миллатнинг бир қисми ўз ота-боболари ерида яшаб, меҳнат қилса-да, расмий таърифга кўра, “оз сонли миллат”га айланиб қолган эди. Большевиклар андозасидаги миллий-ҳудудий чегараланиш Ўрта Осиё халқлари ўртасидаги бўлажак миллатларо муносабатларни кескинлаштириб туриши, фавқулодда вазиятларда портлаб, турли низоларга сабаб бўлиши муқаррар эди. Янги совет республикаларини “миллий давлатчиликнинг ташкил этилганлиги”, деб баҳолаш хато бўлса керак. Зеро, СССР таркибидаги ушбу тузилмалар Марказ ихтиёрида бўлиб, илгаригидек унга арзон хом ашё етказиб беришга ихтисослаштирилган мустамлакалар бўлиб қолаверди.
1924 йил 5 декабрида Инқилобий Қўмита бутун Ўзбекистон халқига муражаат қилиб, Ўзбекистон ССР тузилганлигини, унинг таркибига Тожикистон АССР кирганлигини маълум қилди. Миллий чегараланиш билан бир вақтда иктисодий бўлиниш ҳам ўтказилди. Собиқ Туркистон, Бухоро, Хоразм республикаларига тегишли барча бойликлар янги миллий республикалар ўртасида қайта тақсимланди. Бу ишлар Совет ҳукумати томонидан махсус тузилган Ўрта Осиё Тугатиш комиссияси бошчилигида амалга оширилди. 1925 йил 13 февралда Бухородаги «Халқ уйи»да Бутунўзбек советлари биринчи қурултойи очилди. Қурултой «Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси тузилганлиги тўғрисидаги Декларация»ни қабул қилди. Қурултойда давлат ҳокимияти олий органлари тузилганлиги расмийлаштирилди. Ўзбекистон ССР Советлари МИК раиси лавозимига фарғоналик деҳқон, «Қўшчи» уюшмаси раҳбарларидан бири Йўлдош Охунбобоев сайланди.
Ўзбекистон ССР ҳукумати - Халқ Комисарлари Кенгаши раиси лавозимига Файзулла Хўжаев тасдиқланди. Самарқанд шаҳри Ўзбекистон ССРнинг пойтахти этиб белгиланди. 1930 йилда пойтахт Тошкентга кўчирилган. Миллий чегараланиш даврида Ўрта Осиёда фаолият кўрсатиб келган партия, комсомол ва хўжалик ташкилотларида ҳам бир қатор ташкилий ўзгаришлар амалга оширилди. Собиқ Туркистон, Бухоро ва Хоразм комунистик партиялари, комсомол, ва хўжалик ташкилотлари, касаба уюшмалари қайта ташкил этилди. Ўзбекистон компартиясининг 1 таъсис съезди 1925 йил 8 февралда Бухорода очилди. Съездда Ўзбекистон Комунистик (большевиклар) партияси ташкилий жиҳатдан расмийлашди. Унинг Марказқўми сайланди. В.И. Иванов ва А. Икромов (1927 йилдан биринчи котиб) Марказий Қўмитанинг масъул котиблари этиб сайландилар. Шу йили Ўзбекистон комсомоли (УзЛKCM), республика касаба уюшмалари, уларнинг раҳбар органлари ҳам тузилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |