1. 1993 йил 28 декабрь, «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги қонун
Олий Мажлис депутатлари сони билан боғлиқ ўзгартиш киритилди. Яъни, «150 нафар депутатдан» деган сўзлар «депутатлардан» деган сўз билан алмаштирилди. Натижада, қуйидиги норма ҳосил бўлди:
Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси ҳудудий сайлов округлари бўйича кўп партиялилик асосида беш йил муддатга сайланадиган депутатлардан иборат.
2. 2003 йил 24 апрель, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун
Ўн йиллик жимликдан сўнг конституциянинг бирйўла 30 та нормасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Ўзгартиришлар икки палатали парламентга ўтилиши муносабати билан амалга оширилган эди. Хусусан, конституциянинг бешинчи бўлими, XVIII–ХХ, XXIII бобларига тааллуқли, келгусида икки палатали парламентни сайлаш ва президентнинг конституциявий ваколат муддатини беш йилдан етти йиллик қилиб ўзгартириш масаласига боғлиқ.
2002 йил 27 январь куни икки палатали парламент тузиш ва президентнинг конституциявий ваколат муддатини ўзгартириш тўғрисидаги икки муҳим масала бўйича референдум ўтказилди.
Референдум қарорига мувофиқ, «Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида», «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида», «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги конституциявий қонунлар ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш учун асос бўлди. Олий Мажлис икки палата – Қонунчилик палатаси ва Сенатдан иборатлиги, Қонунчилик палатаси бир юз йигирма депутатдан иборат бўлиши, Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг мутлақ ҳамда биргаликдаги ваколатлари, президент ваколат муддати етти йилга узайтирилиши билан боғлиқ ўзгартиришлар киритилди.
3. 2007 йил 11 апрель, «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг моддаларига тузатишлар киритиш тўғрисида (89-моддасига, 93-моддасининг 15-бандига, 102-моддасининг иккинчи қисмига)»ги қонун
Конституциянинг учта нормасига ўзгартириш ва қўшимча киритилди. Президенти давлат бошлиғи ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлаши, шунингдек, қонунларни бузган ёки шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган хатти-ҳаракат содир этган туман ва шаҳар ҳокимларини президент ўз қарори билан лавозимидан озод этишга ҳақли эканига оид ўзгартириш киритилди.
4. 2008 йил 25 декабрь, «Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун, яна ўша 77-модда
Битта нормага ўзгартириш киритилди. Конституциянинг 77-моддасида Қонунчилик палатаси қонунга мувофиқ сайланадиган бир юз эллик депутатдан иборат бўлиши белгиланди.
Do'stlaringiz bilan baham: |