II босқич. Эски ўзбек тилшунослигининг шаклланиши ва тараққиётида буюк мутаффаккир шоир Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур, Алойи Бинни Муҳибий, Мирзо Меҳдихон, Исҳоқхон Ибрат кабиларнинг лингвистик қарашлари ва асарлари муҳим аҳамиятга эга.
XIX асрнинг охирига келиб рус босқинчиларининг маҳаллий халқ маданияти, урф-одати ва тилини ўрганиш эҳтиёжи натижасида бир қанча амалий аҳамиятга эга грамматикалар вужудга келди. М.А.Терентевнинг «Турк, форс, қирғиз ва ўзбек тили грамматикаси» (1875)ни, А.Старлевскийнинг «Рус кишисининг Ўрта Осиёдаги йўлдоши» (1878) асарини, З.А.Алексеэв ва В.Вишнегорскийнинг «Сорт тили самоучители» (1884), М. Андреэвнинг «Сорт тилини биринчи бор ўрганувчилар учун қўлланма» (1896)сини, Ф.Машковтсевнинг «Сорт тили дарслари» (1899)ни, В.П.Наливкиннинг «Сорт тилини амалий ўрганиш учун қўлланма» (1898) сини, Н.Будзинскийнинг «Сорт тили дарслиги» (1910) ни бунга мисол сифатида кўрсатиш мумкин.
III bosqich. Том маънодаги фан сифатида ўзбек тилшунослиги ХХ асрнинг 20-30- йилларида шакллана бошлади ва шу асрнинг охирларига келиб ўзининг юқори чўққиларидан бирига эришди.
XX аср ўзбек тилшунослигининг шаклланишида Абдурауф Фитрат, Ғози Олим Юнусов, Улуғ Турсунов, Й.Д.Поливанов, Қаюм Рамазон, Фахри Камолов ва Аюб Ғуломовларнинг хизматлари беҳад катта.
Бу даврда ўзбек тилининг ички қурилиши замонавий тилшунослик ютуқлари асосида ишлаб чиқилди ва ўзбек тилшунослиги жаҳон замонавий тилшунослигининг бир бўлаги сифатида шаклланди. Имло қоидалари ишлаб чиқилиб, ўрта, ўрта махсус ва олий мактаб учун бу тилдан меъёрий дарслик, қўлланма ва илмий грамматикалар яратилди. Тилшуносликнинг бугунги мавжуд барча бўлимлари бўйича кўплаб илмий-тадқиқот ишлари вужудга келди.
Луғатшунослик бўйича олиб борилган ишлар ниҳоятда самарали бўлди. Бир тилли, кўп тилли ва турли соҳавий луғатлар яратилиб, лексикография тилшуносликнинг алоҳида, етук соҳаси сифатида намоён бўлди.
Ўзбек тилшунослиги замонавий фан сифатида тўлиқ шаклланди. Ўзбек тилини ўрганиш бўйича қилинаётган барча ишлар бир асосий мақсадга - ҳозирги ўзбек адабий тилининг тараққиёт қонуниятларини ва шу асосда унинг барча тармоқлари бўйича меъёрларини белгилашга қаратилди. Ўзбек тилшунослигининг тараққиёт йўли ва даражаси ҳам худди шу мақсадга эришиш, шу йўлдаги ҳаракатнинг натижалари билан белгиланади. Шу мақсадда ўзбек тилшунослиги қуйидаги соҳалар бўйича тадқиқот ишларини амалга оширмоқда:
1.Фонетика.
2.Лексика.
3.Лексикография.
4.Сўз ясалиши.
5.Грамматика.
6.Диалектология.
7.Қиёсий тил.
8.Нутқ маданияти ва услубияти.
9.Ўзбек тили тарихи.
10.Социолингвистика.
Бу соҳаларнинг барчаси бўйича Ўз РФА Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти, университетлар ва педагогика институтларининг тилшунос олимлари самарали меҳнат қилдилар.
Бу давр ўзбек тилшунослигининг мумтоз даври ҳисобланса-да, уни ҳукмрон мафкурага хизмат қилдириш, собиқ коммунистик мафкуранинг миллатларнинг бирлашиб, ягона совет халқи вужудга келиши ҳақидаги ғояси қолипларига туширишга бўлган тазйиқлар натижасида кўп ҳолларда ўзбек тилининг лисоний универсалияларга мувофиқ жиҳатларини кўпроқ очиш, унинг табиатини ҳукмрон тил бўлган рус тили андозалари асосида кўришга интилиш, буни илмий тадқиқотларда зўрма-зўракилик билан ёритишга уриниш ҳоллари кучайди. Масалан, фонетикадаги урғу масаласини олайлик. Рус ва бошқа Европа тилларида урғунинг роли катта. Бироқ бу унинг барқарор белгиси бўлмаган ўзбек тилига ҳам шундайлигича олиб ўтилди ва асосий фонетик белгиси сифатида алоҳида эътиборга олинди. Ёки ўзбек тилида ҳам тс, лаб-тиш в ундоши борлиги уқтириб келинди. Товушлар орфоэпиясини рус тили талафуз меъёрларига яқинлаштиришга уринишлар давом этди.
Ўзбек тили грамматикаси талқинида ҳам рус тили қоидаларига ўзбек тили далилларини тиқиштириш ҳоллари юз берди. Бу, масалан, морфологияда сўз туркумлари таснифи ва тартибида, грамматик қўшимчалар таснифида, сўзларнинг бирикув омиллари ва воситалари талқинида, гап моҳиятини белгилашда, қўшма гаплар таснифида яққол намоён бўлди.
Луғатчиликда ҳам рус тили луғатлари шаблон вазифасини ўтади. Масалан, «янги типдаги» ўзбек тилининг морфем луғатида ўзбек тилига ўзлашган сўзларни морфемаларга ажратиш сўз бораётган тилларникида-гидек амалга оширилди: ахборот - ахбор-от, тракторист - трактор-ист каби.
«Ўзбек тилининг изоҳли Луғати»да ҳам айнан шундай йўл тутилди. (Бу ҳақда «Лексикография» бўлимида маълумот оласиз.)
Ўзбек тилшунослиги, умуман олганда, улкан ютуқларни қўлга киритиши билан биргаликда, даврнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий таъсири унда ўз изини қолдирмаслиги мумкин эмас эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |