Иккинчи давр – ислом ҳуқуқи ўрнатилганидан то Марказий Осиёнинг Россия империяси томонидан босиб олингунига қадар (милоднинг VII асридан ХIХ охирларигача ) бўлган даврни ўз ичига олади.
Марказий Осиёга ислом кириб келиши билан бу анъанавий сифатлар мустаҳкамланиб, бойитилган. Исломнинг асосий манбаи бўлмиш “Қуръони Карим”да ахлоқ-одоб, кишиларнинг тенглиги, биродарлиги, жамиятга хизмат қилиш, ота-онага ҳурмат каби масалалар равшан акс эттирилган. Исломнинг иккинчи муқаддас манбаи - “Сунна” (пайғамбарнинг сўзлари, амаллари ва тасдиқлари)да инсоннинг маънавий камолот мезони, дунёқарашининг кенглиги, билимларни қай даражада эгалланганлиги кўрсатилган. Шахс бўлиб етишишда муҳим омил – билим эгаллаш, деб қайд этилган.
Ислом таълимотида бировнинг ҳақига ҳиёнат қилиш, ҳалол меҳнат билан топган молини, маблағини зўрлик ва алдов йўли билан олиш, ўғрилик қилиш – оғир гуноҳ, қабиҳ одат, деб таъкидланган. Шунинг учун ҳам ҳуқуқий таълим беришда Қуръони Карим, ҳадис ва бошқа манбалардаги кўрсатмалардан фойдаланиш, уларни хозирги замон талабларига боғлаш зарур. Масалан, “Моида” сурасидаги 3-оятда: “Ей мўминлар, Оллоҳнинг ўзи учун ҳақ йўлни тутувчи, адолат билан шаҳодат - гувоҳлик бергувчи бўлингиз. Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин!...” – деб, буюрилади. Демак, шахсий адоват орқали адолатсизликка йўл қўймаслик таъкидланган. Шунингдек, “Нисо” сурасида мулк ҳуқуқи, мерос ҳуқуқи, омонат, тўғри гувоҳлик бериш хусусида, “Бақара” сурасида эса аёллик ҳуқуқлари, қарз бериш тўғрисида ҳуқуқий таълимотлар берилган.4
Ҳадисларда ҳам илм ҳақида, билим олиш ҳақида ҳикматлар мавжуд. Жумладан, илм ўрганмоқ ва илм ўргатмоқнинг фазилати, илмга эътиборсизликнинг оқибати, кишилар дилидан илмнинг кўтарилиши, олимларнинг шахси, тушуниши қийин кишиларга илм ўргатиш ҳақидаги қоидаларни мисол тариқасида келтириш мумкин.
Ўтмишда яшаб ижод этган буюк алломаларимиз, мутафаккирларимиз ислом таълимоти асосида ижод этиб, келажак авлодлар учун буюк мерос қолдирганлар. Бугунги кунда бу ноёб меросларни ўрганиш, уларни таҳлил қилиш, уларнинг ижобий натижаларини амалда татбиқ этиш илм-фан намоёндаларининг, ҳуқуқшунослар илмий жамоатчилигининг, илмий тадқиқот олиб бораётган бўлажак олимларнинг асосий вазифаси деб ҳисобланиб, шахс ҳуқуқий онгини шакллантиришда самарали натижаларга эришилади.
Имом Бухорий, Имом Муслим ибн ал-Ҳажжож, Имом Термизий, Имом Абу Довуд ан-Насўий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд сингари азиз-авлиёларимиз, Муҳаммад Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Маҳмуд Замаҳшарий, Мирзо Улуғбек каби алломаларимиз тўплаган илмлар ҳам ҳуқуқий таълимда катта аҳамият касб этади.
Имом ал-Бухорий таълим-тарбия, хусусан ҳуқуқий таълим тўғрисидаги қарашларида тўғри сўзли бўлишга, ваъдага вафо қилишга даъват этиб, мунофиқ кишининг учта белгисини кўрсатади5, улар: ёлғон гапириш, ваъдага вафо қилмаслик ва омонатга ҳиёнат қилишдан иборатлигини айтади. У оилавий муҳитнинг барқарор, тинч, оила аъзоларининг соғ-саломат, тўқ бўлишини ва бир-бирларини ҳурмат қилишларини истайди. У ўз таълимотида билим ўрганиш, уни ўргатиш йўллари ва усуллари масаласига алоҳида эътибор қаратади.
VIII аср охири IХ аср бошларига келиб ислом ва унинг ҳуқуқшунослик, ҳадисшунослик соҳалари ривожланган. Бу даврда Ўрта Осиё жаҳон илм-фанининг, кишилик жамиятининг тараққий этишига, шунингдек, ислом динининг ахлоқий-ҳуқуқий тарбиядаги мавқеига катта ҳисса қўшади.
Тарихий тараққиётнинг турли даврларида илм ва фаннинг турли соҳалари бўйича (тиббиёт, математика, астрономия, тарих ва ҳ.к.) мактаблар мавжуд бўлган. Шу мактаблар қаторида ҳуқуқий таълимни ривожлантиришга асосланган, ҳуқуқий билимлар тизимини ташкил этган фиқҳ мактаблари ҳам бўлган. Таниқли ҳуқуқшунос олим З.Муқимов фиқҳ мактабида VIII-ХIII асрларда ўқиш жараёнини тўрт босқичга бўлади: 1) қуйи ёки бошланғич таълим олиш; 2) ўрта маълумот олиш; 3) Бухоро шаҳридаги алоҳида мадрасада таълим олиш; 4) ислом дунёсининг етук марказлари ва мадрасаларида (Бағдод, Қоҳира ва ҳ.қ) таълим олиш. Бу ўқув муассасаларини тугатганлар юқори диний ва давлат мансабларига тайинланганлар6.
Бу даврда мактаб ва мадрасаларда илмий-назарий билимлар билан бирга иш юритиш, ҳуқуқшуносликка, савдо-сотиқ ишларига оид, мерос ва тақсимот каби таълимий билимлар ҳам ўргатилган.
ХIV-ХVI асрларда Мовароуннаҳрда таълим-тарбия ва педагогик фикрлар анча юксак тараққиёт босқичига кўтарилди. Мирсаид Шариф Журжоний, Соҳибқирон Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби буюк алломалар, мутафаккиру уламолар маърифий таълим-тарбия асосларини яратиб бердилар. Масалан, буюк бобокалонимиз Амир Темур давлатни бошқариш ва уни идора қилиш, ҳақиқатгўйлик ва адолат ҳақида таълим берганлар. Бунга оид қоидалар “Темур тузуклари”да баён этилган7. Амир Темур фикрича, давлатни адолатли қонунлар асосида бошқариш, давлат ишларини адолатли бошқариш учун вазир сайлаш керак.
Ўзбекистон ҳудудидаги хонлик ва амирликлар даврида таълим-тарбия, жумладан, ҳуқуқий таълим ривожланган. Хусусан, Сўфи Оллоёр фиқҳга оид асарлар яратган. Унда ислом динининг асосий қоидалари ифода этилган. Ўзбек болалари ўқийдиган мактабларда талабаларнинг саводи чиқарилгандан сўнг Сўфи Оллоёр китоби ўқитилган.
Мусулмон мактабларида таълим тизими қуйидаги босқичларда амалга оширилган:
қуйи мактаб – бу мактабларда 4 йил савод ўрганишган;
ҳалимхона мактаби – (намоз) ёд олдириб ўргатилган;
қорихона – Қуръони Карим ёд олинган;
мактаб-интернат – ўрта мадраса бўлиб, ўрта маълумот берилган;
олий мактаб – олий мадраса ҳисобланган8.
Жумладан, умумбашарий тсивилизатсия ривожидаги ўрни ва аҳамияти жиҳатидан Уйғониш даврининг ёрқин намунаси сифатида тарихда зарҳал саҳифаларни ташкил этган Хоразм Маъмун академияси фаолияти ҳам ушбу даврга хосдир. Бу илмий масканда Шарқ ва Ғарб ўлкаларидан келган, турли миллат ва динга мансуб бўлган олимлар фаолият кўрсатган бўлса-да, унинг негизини Абу Наср ибн Ироқ, Абу Райҳон Беруний ва Ибн Сино, Маҳмуд Хўжандий, Аҳмад ибн Ҳамид Найсабурий каби бизнинг минтақамизда туғилиб, камол топган етук алломалар ташкил этгани ва фиқҳшунослик илмига ҳам катта ҳисса қўшгани барчамиз учун ифтихор бағишлайди9.
Ўрта Осиё Россия томонидан босиб олинганидан кейин мусулмон мактабларида ўзгаришлар рўй берган ва Туркистонда дастлабки рус-тузем мактаблари очилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |