2.2. Саноат. Унинг миллий иқтисодиёт ривожидаги роли ва ўрни
Саноат – моддий ишлаб чиқаришнинг энг йирик етакчи тармоғи бўлиб, унда меҳнат қуроллари (воситалари), меҳнат буюмлари ва халқ истеъмол товарларининг кўпчилик қисми яратилади. Унда машина ва механизмларнинг барча турлари, бино ва иншоотларнинг конструктив элементлари ишлаб чиқарилади, ер ости бойликларини қазиб олиш амалга оширилади, минерал, ўсимлик ва ҳайвон хомашёсига ишлов берилади ҳамда кенг истеъмол моллари тайёрланади.
Саноат иқтисодиётнинг барча тармоқларини ишлаб чиқариш воситалари, меҳнат қуроллари билан таъминлайди. Миллий иқтисодиёт, фан, маориф, маданият, соғлиқни сақлаш, спорт, туризм ва бошқа соҳалар ривожи саноатнинг тараққиёт даражасига боғлиқ.
Ишлаб чиқариш кучлари ва муносабатлари тараққиётида саноатнинг тарихий роли беқиёсдир. Шу сабабли унинг ривожи ва самарадорлиги қанчалик юқори бўлса, давлатнинг мавқеи шунчалик кучли бўлади ва аҳоли турмуш даражаси янада яхшиланиб боради.
Саноат жамиятнинг етакчи кучи бўлган ишчилар синфини ўзида бирлаштиради. Саноат ривожи туфайли унда банд бўлган ходимларнинг сони кўпаяди, уларнинг билим ва илми, маҳорати ортади, кадрлар салоҳияти юқори даражага кўтарилади.
Меҳнатни ижтимоий ташкил қилишнинг энг олий тури, концентрациянинг юқори даражаси ва шу асосда ижтимоий ишлаб чиқаришни уюштиришнинг илғор усуллари – ихтисослаштириш, кооперативлаштириш ва комбинатлаштириш, кўплаб ишлаб чиқариш ва узлуксиз поток системаси ёрдами билан ташкил этиш саноат соҳасида ҳукмронлик қилади.
Фақат йирик машина индустриясигина фан ва техниканинг барча ютуқларини ўзида тўплаб, мужассамлаштириб, меҳнатни техника билан қуроллантириши ва унинг унумдорлигини юқори даражага кўтариши мумкин.
Саноат ва айниқса унинг энг муҳим соҳаси бўлган оғир саноат мамлакатда кенгайтирилган такрор ишлаб чиқаришниниг асоси ҳисобланади. У моддий техника воситаларини ўзи ва бошқа тармоқлар учун такрор ишлаб чиқариш билан бир вақтда жамият аъзолари ўртасидаги ижтимоий ишлаб чиқариш муносабатларини такомиллаштириб боради.
Саноат қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини қайта қуришнинг негизи ҳисобланади. Уни янги техника билан таъминлаш орқали саноат деҳқон хўжалигини иқтисодий ва маданий жиҳатдан юқори даражага кўтаришга, шаҳар билан қишлоқ ўртасидаги муҳим тафовутни йўқотишга, деҳқон меҳнатини индустриал меҳнатга айлантиришга ёрдам беради.
Саноат мамлакат мудофаа қобилиятинининг моддий манбаи, дунёда тинчликни сақлашнинг муҳим омили, мамлакатлар мустақиллигини ва бирдамлигини таъминловчи муҳим соҳадир. Ўзбекистон давлатининг мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлашда саноатнинг роли муҳимдир.
Барча мамлакатларнинг сиёсий, иқтисодий ва ташкилий интилишлари, уларнинг хўжалик жиҳатдан ҳамкорлиги саноат соҳасида ҳам ўз ифодасини топади. Давлатларнинг табиий, меҳнат ресурсларидан, илм-фан ва техниканинг барча ютуқларидан фойдаланиш имкониятларининг кенгайишида саноатнинг аҳамияти салмоқлидир.
Саноат учун узлуксиз фан-техника тараққиёти ва ишлаб чиқариш илм-фан ютуқлари билан қуролланишининг ўсиши характерлидир. Унда электрлаштириш ва электронизациялаш, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва компьютерлаштириш ҳамда химиялаштириш соҳасидаги илғор ютуқлардан кенг фойдаланилади ва уларнинг ютуқларини тинчлик мақсадида қўлланилади.
Саноат, айниқса унинг устувор соҳалари бутун ишлаб чиқаришни глобаллаштириш муаммоларини ҳал этишнинг калитидир.
Саноат моддий ишлаб чиқаришниинг бош тармоғи, иқтисодиётнинг пойдеворидир. Миллий иқтисодиётнинг барча тармоқларини қайта қуришга қодир бўлган йирик машиналашган саноатгина мустақилликнинг бирдан бир моддий негизи бўлиши мумкин.
Мамлакат аҳолисининг иш билан бандлигини оширишда саноатнинг роли беқиёсдир. Буни қуйидаги жадвал маълумотларидан билиб олиш мумкин.
1 -жадвал
Do'stlaringiz bilan baham: |