2-МАВЗУ: РИСК ТУШУНЧАСИ ВА УНИНГ ТУРЛАРИ
РЕЖА:
1. Риск тушунчаси ва унинг моҳияти;
2. Риск гуруҳлари, турлари ва хилма хиллиги;
3. Риск ҳусусиятлари ва уни юзага келтирувчи омиллар;
1. Риск тушунчаси ва унинг моҳияти.
Қадимги замонлардан риск фойдани шакллантириш омили ҳисобланади. Ж.Б.Сей ва Курсель Сенейлар фикрича риск фойданинг фақат бир қисмини шакллантириш омили ҳисобланади1. 19 асрларда одамларнинг риск қилишга тайёрлиги улар фойдасининг шаклланиши ва ўзлаштирилишига олиб келиши билан изоҳланарди. Ҳозирги кунда шаклланаётган фойданинг асосий қисми рискни самарали бошқаришдан вужудга келади.
“Риск” атамаси Европанинг кўп тилларида мавжуд. Мисол учун грекларда “ridsikon” сўзи мавжуд бўлиб, у қоя, чўққи маъносини билдиради. Италияликлар тилида “risiko” сўзи хатар, таҳдид маъносини, “risicare” сўзи қоядан моҳирона ўтиш маъносини билдиради. Французлардаги “risdoe” сўзи таҳдид, қояни айланиб ўтмоқ маъносини беради. Иқтисодий луғатларда риск – хавф-хатар, зарар ва йўқотиш эҳтимоли, хавф эҳтимоли ёки муваффақият умидида хавф томон бориш маъносида келиши кўрсатилган.
“Риск” сўзи испанча-португалча сўздан олинган бўлиб, “сув остидаги қоя”22 деган маънони билдиради. Таниқли луғатшунос С.И.Ожеговнинг рус тили изоҳли луғатида “риск - бу муваффақиятга интилиш, бахтли ҳодисага умид” деган маъно англатади дейилса, машҳур Вебстер луғатида рискка “хавф, зарар ва талафот эҳтимоли” деб қаралган. В.Т. Севрюк “риск - бу ҳол, бир ишлаб чиқарувчининг ситуатив ҳолати” деган таърифни берган бўлса, рус олими А.Ольшанский “риск - бу зарар кўриш ёки манфаатни қўлдан чиқариш билан боғлиқ эҳтимоллар ўлчамидир”2, деган таърифни келтиради.
Риск назариясини ўрганишда классик мактаб намоёндалари муҳим ҳисса қўшишган. А.Смит риск ва фойда ўртасидаги ўзаро пропорционаллик тушунчасини ойдинлаштиришга ҳаракат қилган. Унинг таъкидлашича, “рискли ҳолатлар юқори бўлган майдонда қонун бўйича даромад кичик бўлади, бу эса ўз навбатида кутилаётган даромад даражасини кўпайтириш учун усуллар салмоғи янада ортиб боради”3.
Таниқли луғатшунос С.Ожеговнинг рус тили луғатида “риск - бу муваффақиятга интилиш, бахтли ҳодисадан умид” маъноларини англатади дейилса, машҳур Вебстера луғатида “риск - бу хавф, зарар ёки талофат кўриш эҳтимоли”4, деб ифодаланган.
Профессор В.Усоскин “риск доимо ноаниқлик билан бирга келиб, охирги, ўз навбатида олдиндан кўра билиш қийин ёки мумкин бўлмаган воқеалар билан боғлиқ бўлади”, дея изоҳлайди. Е.Стоянова фикрича: “риск - бу режалаштирилган вариантга нисбатан даромад ола билмаслик ёки зарар кўриш эҳтимолидир”5.
Риск тўғрисидаги фикрларни умумлаштирилган ҳолда проф В.В. Ковалёв қуйидагича таъриф бериб ўтади:
Риск бу молиявий йўқотиш даражасини белгилаб:
А) қўйилган мақсадга етиб бормаслик;
Б) ноаниқлиқ ҳолатда натижани белгилаш;
В) субьектив ҳолатда белгтланган натижани баҳолаш.
Проф. Ш.Абдуллаева тадқиқотларида “риск - хато, иккиланиш, ноаниқлик, мавҳумлик ва ҳокозалар деб талқин қилиш халқаро амалиётга мос келмаслиги ва шу ҳолатга яқинлашган ҳолда “риск” “банк риски”, “кредит риски” деб юритилишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди6.
А.Ўлмасов, А.Ваҳобовларнинг “Иқтисодиёт назарияси” дарслигида “тадбиркорлик риски - бу фирманинг кўзлаган мақсадига эришиш йўлида у дуч келадиган иқтисодий хавф-хатардир”7, дея талқин этилган. Кичик бизнес фаолиятининг ҳар қандай тури билан шуғулланиш риск билан боғлиқдирки, шу боисдан рискнинг бу кўриниши тадбиркорлик риски деб ҳам аталади.
Иқтисодчи-олимлардан Т.Маликов, О.Олимжоновларнинг риск тўғрисидаги қарашлари диққатга сазоводир. “Риск” атамаси ўзбек тилидаги айрим манбаларда “таваккалчилик”, “хавф-хатар”, “таҳлика” ва “ғов” маъноларида таржима қилинаётган бўлсада, уларнинг ҳеч бири, муаллифлар фикрича, “риск” атамасининг асл маъносини билдирмайди. “Зарарларни вужудга келиши ёки даромадларнинг кўзда тутилган даражадан камроқ олиниши эҳтимолига риск дейилади”8.
Кичик бизнес рисклари ҳамда унинг иқтисодий жиҳатлари бўйича классик ва неоклассик назариясининг қиёсий таҳлили муҳим аҳамият касб этади. Тадбиркорлик фойдаси тадқиқида классик назария вакиллари Дж.Милль, И.У.Сениорлар тадбиркорлик даромади таркибида фоиз (қўйилган капиталга улуш)ни, тадбиркорнинг иш хақини ва риск учун тўлов (тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ рискни қоплаш)ни ажратиб кўрсатишган9.
Тадбиркорлик рискининг классик назариясида риск учун тўлов танланган бошқарув қарори натижасида рўй бериши мумкин бўлган йўқотишларнинг математик кутилиши сифатида талқин этилган. Риск бу ерда тегишли қарорни амалга оширишдан кўрилажак зарарни ифодалаган.
Риск моҳиятини бундай бир томонлама талқин этиш хорижий иқтисодчиларнинг кескин танқидига учради ва бу ҳолат тадбиркорлик рискини тушунишнинг янгича тизимига асос солди.
1930-йилларда иқтисодчилар А.Маршалл ва А.Пигу тадбиркорлик рисклари неоклассик назарияси асосларини ишлаб чиқдилар. Мазкур назариянинг асоси қуйидаги кўрсатмаларга таянади:10 мавҳумлик шароитида фаолият юритувчи ва олинажак фойдаси тасодифий ўзгарувчи бўлмиш тадбиркор ҳар қандай битим тузишда икки мезонга асосланади: кутилаётган фойда миқдори ва унинг мумкин бўлган ўзгаришлари (тебранишлари) кўлами.
Бизнинг фикримизча, “тадбиркорлик риски” иқтисодий муносабатларни аниқроқ, мукаммалроқ тавсифлайди. “Тадбиркорлик таваккалчилиги”, “тадбиркорлик риски”га нисбатан фалсафий нуқтаи-назаридан олганда сабабдир, яъни “риск” сезилиб қолганда, англаб қолинган шароитда кичик бизнес субъекти таваккал қилиб бирон-бир чора-тадбирни кўради. Демак, тадбиркорлик таваккалчилиги бўладиган рискга қарамай амалга ошириладиган ҳаракатдир, айни чоғда таваккалчилик рискни ҳам туғдириши мумкин. Бунда у қилинган таваккалчилик оқибати қандай бўлишини баъзан аниқ кўра олмаслиги мумкин.
Риск иқтисодий категория сифатида маълум функцияларини бажаради ва бу унинг мазмун-моҳиятини янада ойдинлаштиради.(1-расм)
Риск функциялари кўриб чиқилаётган пайтда шуни эсда сақлаш лозимки, риск ўз моҳиятига кўра, нафақат зарар келтириши мумкин, балки иқтисодиётни рағбатлантирувчи хусусиятга ҳам эгадир. Лекин, асоссиз юқори рискка бориш, худди рискдан бутанлай воз кечилиши каби зарардир. Юқоридагиларни мужассамлаштирадиган бўлсак, риск қилишдан олдин уни иложи борича ўрганиб, баҳолаш ва бошқаришга интилиш лозим. Уни бошқаришда эса албатта риск тамойилларини (ўз капитали имкониятларидан ортиқ рискка бормаслик, риск оқибатларини ҳар доим ҳисобга олиш зарур, кам миқдордаги фойда учун кўп миқдордаги маблағлар билан риск қилиш керак эмас) ҳисобга олиш керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |