2-мавзу: Касб-ҳунарга йўналтириш усул ва услублари. Касб-ҳунарга йўналтириш ишларида ҳамкорлик (ота-оналар, мактаб жамоаси, синф раҳбарлари, маҳалла, кузатув кенгаши). Касблар профессиограммаси
Мақсад: касб-ҳунарга йўналтириш ишларининг самарали усул ва услублари билан таништириш, ҳамкорлик ишларини ташкил этиш, касблар таснифи билан таништириш.
Вазифа: ўқувчиларининг ёш ва шахс хусусиятлари, индивидуал-психологик хусусиятларини инобатга олган ҳолда фаол ижтимоий ҳаётга тайёрлаш мақсадида илғор технологияларга асосланган касб-ҳунарга йўналтириш ишларини ташкил этиш.
Касб-ҳунарга йўналтириш кенг маънода инсонга унинг шахс хусусиятларини инобатга олган ҳолда бериладиган ёрдам, унинг бир томондан жамият учун керак бўлиши, иккинчи томондан ўзининг шахсий харакатларига эришиши, ҳаётий шароитларининг ўзгариши давомида таълим ва меҳнат соҳаларини мустақил ва онгли танлай олиш учун имкон яратишдир. Ўқувчи ёшларни касб-хунарга йўналтириш, бу уларнинг қизикишлари, мойилликлари, лаёқатлари ҳамда қобилиятларига мос ҳолда касб-ҳунар танлашларига кўмаклашишдан иборатдир. Бу жараёнда ўқувчи ёшлар халк хўжалигининг турли тармок ва соҳалари – саноат, транспорт, қишлоқ хўжалиги, маиший хизмат ва бошқа соҳаларга тегишли касблар ҳамда уларга бўлган эҳтиёж, шунингдек, меҳнат бозорининг кадрларга бўлган талаблари, касбларнинг шахсга қўйган талаблари тўгрисидаги маълумотлар билан таништирилади. Касб-ҳунарга йўналтириш таълим муассасаларида олиб бориладиган таълим-тарбия ишининг узвий бир қисми саналади.
Касб-ҳунарга йўналтириш йўналиши ўз ичига ўқувчиларга турли касблар, ихтисосликлар, мансаб лавозимлари, танланган касбни, ихтисосликни эгаллаш мумкин бўлган таълим муассасалари ҳамда касбнинг инсонга, унинг жисмоний, психологик ва шахсий сифатларига, саломатлигига қўядиган талаблари ҳақида маълумотлар бериш; ўқувчиларнинг билиш (ўқув предметларига, фанга) ва касбий (касбларга, мутахассисликларга) қизиқишларини, касб танлаш мотивлари ва касбий режаларини аниқлаш ҳамда баҳолаш; ўқувчиларга уларнинг индивидуал хусусиятлари ва меҳнат бозори талабларини, таълим олиш ҳамда келгусида ишга жойлашиш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда касб ва таълим муассасасини танлашга кўмаклашиш; ўқувчиларда меҳнат кўникмаларини, касбларга қизиқиш, меҳнатсеварлик, ишчанлик ва масъулиятни шакллантириш ҳамда ривожлантириш ишларини қамраб олади.
Ҳар қандай киши ўз ҳаётини яхшилаши учун, биринчидан, буни хоҳлаши, иккинчидан, бунга ўзи тайёр бўлиши ва яна, бунга эришиш учун ҳаракат қилиш керак.
Ўсмирлик ёши-ўзлигини англаш ва дунёқарашнинг шаклланиш даври. Ўсмирни “Мен кимман?”, “Қандай одамман?”, “Мен нимага интиляпман?” деган саволлар ўйлантириши табиий ҳол.
Ўзлигини англаш-бу ўз ички дунёсини кашф қилиш, у ҳақда яхлит бир тасаввурга эга бўлиш, ўз-ўзига эмоционал муносабат, ақлий, аҳлоқий ва идоравий сифатларини баҳолаш (ўз-ўзини бахолаш)дир.
Ўсмирлик ёшида ўзликни англашнинг жуда муҳим компоненти-ўз хатти-ҳаракати учун жавобгарлик ва унинг натижаси (яхшими, ёмонми!)га фақат ўзи сабабчи эканлигини ҳис қилиш хусусияти шаклланади. Яъни, ўсмир учун нафақат бошқа одамлар, балки ўз ҳис-туйғулари, кечинмалари ҳам кузатув объектига айланади. Унинг “Мен концепция”си ўз истиқболи учун фаол ҳаракатга ундовчи куч (установка) сифатида намоён бўлади.
Бу ёшда “Ким бўлсам экан?” саволи ўсмирнинг ўй-фикрини қамраб олади. Ўсмир ёшдаги ўқувчиларининг шахс хусусиятлари ва индивидуал-психологик хусусиятларини инобатга олган ҳолда фаол ижтимоий ҳаётга тайёрлаш мақсадида илғор технологияларга асосланган “Ўсмир ва замон” педагогик-психологик дастури асосида юқори синф ўқувчиларини касб-ҳунарга йўналтириш ишларининг самарали усулларини таклиф этамиз
Do'stlaringiz bilan baham: |