2-мавзу. ИҚТИСОДИЙ ТАРАҚҚИЁТ ТЎҒРИСИДАГИ ТУРЛИ ХИЛ НАЗАРИЯ ВА ҚАРАШЛАР Қисқача методик кўрсатма 1. Иқтисодий тараққиёт тўғрисидаги назариялар (А.Смит, А.Маршалл, Ж.Кейнс қарашларининг моҳияти).
2. Ҳозирги замон монетаризми, институционализм ва либерализм оқимлари намоёндалари қарашлари.
3. Ўзбекистонда иқтисодий тараққиёт тўғрисидаги назарияларнинг шаклланиши.
4. Иқтисодий тараққиёт даражаси.
2.1. Иқтисодий тараққиёт тўғрисидаги назариялар (А.Смит, А.Маршалл, Ж.Кейнс қарашларининг моҳияти) Ижтимоий-иқтисодий тараққиёт тўғрисида тўлиқ тасаввурга эга бўлиш учун энг аввало ушбу тушунчага оид назария ва қарашларни чуқур ўрганиш мақсадга мувофиқдир.
А.Смит меркантилизм, илк классик мактаб ва физиократизм ғояларини мукаммал ўрганиб, шулар асосида янги иқтисодий мактабнинг шаклланишини ниҳоясига етказди. Аслини олганда у бозор иқтисодиёти асосини яратди.
Иқтисодий тараққиётнинг шахсий манфаат ва стихияли қонунларнинг ўзаро ниҳоятда самарали ҳаракати шароитларини А.Смит «табиий тартиб» деб атаган. А.Смит ва унинг издошлари бу тушунча бир томондан иқтисодий сиёсатнинг тамойили ва мақсади бўлса, иккинчи томондан бу иқтисодий ҳаракатни ўрганиш учун назарий конструкция ёки моделдир деб тушунишган. Демак, жамиятга наф келтирувчи фаолиятни бирор ҳаракат билан чекламаслик керак, деган хулоса чиқарилади. Бу тамойилга кўра қуйидагилар таклиф этилади:
– Ишчи кучининг эркин ҳаракати;
– Савдода (ер савдосида ҳам) тўла эркинлик;
– Саноат ва ички савдони хукумат томонидан регламентация қилишга қатъий қаршилик;
– Эркин ташқи савдо (протекционизмга қарши).
Олимнинг бу ғоялари кейинчалик тўла амалга ошди.
Смит иқтисодиётда давлат секторининг самарасизлигини кўрсатиб, «ҳукумат ҳар доим ва истизносиз буюк исрофгарчидир» дейди. Шу сабабли давлатнинг фақат уч функцияси тан олинади: 1) ҳуқуқ-тартибот; 2) мамлакат ҳавфсизлигини таъминлаш; 3) жамиятга зарур бўлган (аммо хусусий сектор томонидан тузилмаган) ижтимоий корхона ва муассасаларни таъминлаш.
А.Смитдан кейин А.Маршалл (1842-1924) иқтисодиётда неоклассик (янги классик) йўналишнинг етакчи вакили ва маржинализмнинг «Кембриж мактаби»лидери сифатида майдонга чиқди.
А.Маршалл инсонларнинг иқтисодий фаолиятини «соф» иқтисодий назария позициясида туриб, хўжаликнинг идеал (беназир) моделини тадқиқ этди. Аммо бирқанча иқтисодиётнинг мўтадиллиги (мувозанати) билан боғлиқ маржинал ғоялар орқали у бу фанни «хусусий» ҳол, яъни фирма, соҳа (микроиқтисодиёт) даражасида қарайди.
1929-1933 йиллардаги жаҳон иқтисодий инқирози саноат жиҳатидан ривожланган ва паст ривожланган мамлакатларга катта зарба берди. Аввалги (классик, неоклассик) таълимотлар тадқиқотида микроиқтисодий таҳлил (алоҳида корхона) асосий ўринни эгаллаган бўлса, инқироз катта ишсизлик шароитида бошқача, макроиқтисодий таҳлил (давлат, жаҳон) га зарурат туғилган эди. Фаннинг бу соҳасида ҳозирги даврнинг таниқли иқтисодчиси Ж.М.Кейнс муҳим кашфиётни яратди.
Жон Мейнард Кейнснинг бош асари - «Иш билан бандлик, фоиз ва пулнинг умумий назарияси» (1936) китобидир. Унинг барча асарларидаги бош масала капитализмни оқлаш, унинг инқирозларсиз ривожини таъминлашнинг абадийлигини исботлашга ўринишдир. Унинг яратган назарияси иқтисодиёт таълимотлари тарихида алоҳида ўрин эгаллайди ва бу ўзига хос инқилоб бўлиб, ҳозирги даврда ҳам аҳамиятлидир. Кейнс асосий асарининг бошидаёқ классик мактабга қарши эканлигини баён этди.
Кейнс таълимотининг асосий ва янги ғояси шуки, бозор иқтисодий муносабатлари тизими мукаммал ва ўз-ўзини автоматик равишда тартибга сола олмайди. Шу сабабли максимал даражада бандликни ва иқтисодий ўсишни фақат давлатнинг иқтисодиётга фаол аралашуви таъминлай олади. Бу иш давридаги амалий иқтисодиётдаги конкрет аҳвол билан чамбарчас боғлиқ эди.