Инновацавий назарияни асосий ривожланиш босқичлари.
Инновациявий назарияни асосий ривожланиш босқичи В.Зомбарт, В.Митчерлих, Й.Шумпетер ишларига тўғри келган. Инновациялар назариясини шаклланиши ва ривожланишига австриялик олим Й.Шумпетер катта ҳисса қўшган.
1930-йилларда Й.Шумпетер томонидан инновация тушунчаси киритилди ва у маҳсулот ишлаб чиқариш, сотиш, этказиш жараёнларида янги ёки такомиллаштирилган техник, технологик, ташкилий характердаги қарорларни қўллаш оқибатида мумкин бўлган ўзгаришларни ўз ичга олади деб таъкидлайди. Й.Шумпетер томонидан инновацияга берилган ушбу таърифда ишлаб чиқариш омилларининг янги комбинациялари тўғрисидаги концепцияси, инновациялар назариясига бўлган иккита энг тарқалган ёндашувдан бирининг асосини ташкил этади. Биринчи ёндашувда янги омиллардан фойдаланиш тўғрисидаги тушунчага, иккинчи ёндашувда эса янги яратилган маҳсулот ва янги яратилган технологияга асослангандир.
Й.Шумпетер “Иқтисодий ривожланиш назарияси” (Тҳеорй оф Экономик Девелопмент) номли машҳур асарида инновацион жараён натижасидаги ўзгаришларни беш йўналишга ажратиб кўрсатиб берган.
Бу йўналишлар қуйидагилардан иборатдир:
-янги техник ва технологик ўзгаришлар ёки ишлаб чиқариш жараёнини янги бозор талаблари асосида ташкил этиш;
-янги ўзига хос хусусиятларга эга бўлган маҳсулот турларини деверсификациялаш;
-ишлаб чиқариш жараёнларида янги хом-ашёлардан фойдаланиш;
-ишлаб чиқаришни ташкил этишда инновацион бошқарув усулларидан фойдаланиш;
-янги истеъмол бозорларини шакллантириш.1
“Инновация” тушунчасига бўлган иккинчи ёндашув ишлаб чиқаришда муайян турдаги техника, технология ва бошқа янги маҳсулотлардан фойдаланишга асосланади. Ушбу ёндашувга асосланиб айрим олимлар ишлаб чиқариш фаолиятини инновациявий ва илмий-техник жиҳатларидан бири деб биладилар. Бундан келиб чиққан ҳолда «инновация» тушунчаси жараён ҳамда натижа сифатида тушунилади.
Инновациялар иқтисодий самарадорлигини таъминлаш заруриятини ҳисобга олган ҳолда, бир қатор Россиялик иқтисодчилар (М.Ионов, А.Кулагин, В.Логинов) инновацияни «харажатлар тежалишини ёки бундай тежаш учун шароит яратилишини таъминловчи янги маҳсулот ёки хизмат, ишлаб чиқариш услуби, ташкилий, молиявий, илмий-тадқиқот ва бошқа соҳалардаги янгилик» сифатида кўришганлар.
Фикримизча, “инновация” янгича ғоя, ишлаб чиқаришга тадбиқ этилган янгича ёндашув, янги технология ва ишлаб чиқарилган янги маҳсулот, бошқарувдаги янгича усул, умуман, барча жабҳалардаги янги ислоҳотлардир. Бунда инновация нафақат сўнгги янгилик, балки ҳаётга тадбиқ этилган, жамият аъзоларига иқтисодий ва ижтимоий наф келтирувчи восита бўлиши лозим. Инновацион фаолиятнинг мақсади, вазифалари ва услубларининг тадқиқотини давом эттириш учун, инновациявий бошқарув объектини ифодалаш ва унинг асосий тавсифлари ва хусусиятларини аниқлаш керак. Бунинг асосий зарурияти шундаки, инновацион фаолият корхонанинг рақобат асосида ривожланиши стратегиясининг асосий элементларидан бири бўлиб, бошқарув инфратузилмасини яхшилаш ва фаолият мақсадларига янада самаралироқ эришиш имконини берувчи турли хил янгиликлардир.
Do'stlaringiz bilan baham: |