4. ХХ-ХХI аср ўзбек фалсафаси. ХХ аср ўзбек фалсафаси кам ўрганилган зиддиятли даврни қамраб олади. Чунки ҳозирги давр танқидчиларида совет даврида фалсафа бўлмаган, у даврда интеллектуал ҳаёт ўлган ва узоқ муддатга қотиб қолган, фақат айрим ҳолларда баъзи мардларгина ўзларининг ғоя ва қарашларини айта олганлар деган фикр шаклланган. Бироқ бу нотўғри. Чунки айнан ХХ аср бошларида шаклланган жадидчилар ҳаракати “жамиятни маърифат орқали янгилаш” ғоясини илгари сурганлар, Беҳбудий, А.Авлоний, А.Фитрат кабилар бир гуруҳ ёшларни чет элга ўқишга юбориб, янги авлод зиёлиларини тарбиялашга ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшганлар.
Шу боис, 1917 йилда большевиклар партияси ғалаба қозониб, дунё харитасини катта Совет иттифоқи деган мамлакат эгаллаб, унда партиявийлик мафкураси мулоҳазаронлик қилсада, Ўзбекистонда фалсафий фикр ривожи тўхтаб қолган эмас.
Ўзбекистонда фалсафа фанининг ривожига 1957 йилда И.М.Мўминов ташаббуси билан ташкил қилинган Ўзбекистон Фанлар Академиясининг “Фалсафа ва ҳуқуқ” институтининг илмий ходимлари муносиб ҳисса қўшдилар2. Илмий тадқиқот институтида дастлаб “Табиатшунослик”, “Фалсафа тарихи” бўлимлари фаолият олиб борди. Кейинчалик институт таркиби янги ёш миллий кадрлар билан бойиб борди, ҳамда “Диалектика ва билиш назарияси”, “Ижтимоий фалсафа”, “Этика” каби бўлимлар ташкил қилинди. Институтнинг асосий фаолияти фалсафа, фан ва маданият тарихини объектив ўрганиш, маънавиятнинг янги миллий қирраларини излаш, халқ маънавиятини янги билимлар билан бойитиш, миллатнинг маърифий руҳини кўтаришга йўналган эди. Бу соҳада Иброҳим Мўминов, Музаффар Хайруллаев, Мўбин Баратов, Эркин Юсупов, Карим Содиқов, Мираҳмад Абдуллаев, Ҳайдар Алиқулов, Расул Носиров, Муҳаммаджон Болтаев, Анвар Шарипов, Гулчеҳра Наврўзова ва бошқаларнинг илмий тадқиқотлари эътиборга сазовордир.
Ижтимоий фалсафа, этика, эстетика, маданиятшунослик фалсафаси соҳасида Рустам ва Тельман Абдушукуровлар, Ҳайдар Пўлатов, Абдулхай Валиев, Ойсара Умрзоқова, Наим Ғойибов, Абдувосид Йўлдошев, Махмуд Абдуллаев, Саид Шермухамедов, Қўчқор Хоназаров, Хотима Шайхова, Абдулхафиз Жалолов ва бошқалар самарали ишладилар.
Онтология ва билиш назарияси, табиатшунослик фалсафаси, фан методологияси бўйича Жондор Туленов, Баҳром Исмоилов, Омонулла Файзуллаев ва бошқалар фаолият олиб бордилар.
И.М. Мўминов ўзбек файласуфларидан биринчи бўлиб, совет тузумининг миллатни маънавий қадриятлардан маҳрум этиш, миллий онгни бузиш ва ўз-ўзини англашга йўл қўймасликка интилиб, коммунистик мафкурани шакллантиришга жон-жаҳди билан ҳаракат қилаётган бир пайтда, тарихий ва маънавий меросни, ўзбек халқи ва Марказий Осиёнинг бошқа халқлари яратган бой маънавий қадриятларни ҳар томонлама ўрганди.
Олим турли манба ва илмий адабиётлардан фойдаланган ва уларни шарҳлаган ҳолда Амир Темурнинг шахси ва фаолиятини объектив таҳлил қилишга ва баҳолашга ҳаракат қилди. И.Мўминов ўша даврдаги илм аҳлини Амир Темурнинг миллий давлатчиликни шакллантиришдаги ролига тўғри баҳо беришга чақирди ва 1969 йилда ЮНЕСКО ҳомийлигида Самарқанд шаҳрининг 2500 йиллиги, Темур ва Темурийлар давридаги Ўрта Осиё санъатини ўрганишга бағишланган конференцияда “Амир Темурнинг Ўрта Осиёда тутган ўрни ва роли” мавзусида маъруза қилди, жиддий муҳокамалардан сўнг маъруза ўзбек ва рус тилларида нашр қилинди. У ”Бундай шахснинг юзага келиши даврнинг, замоннинг тақозоси, Чиғатой улусининг зулми, майда феодал бекларни ваҳшиёна эзиши, мўғул хонлари, Олтин Ўрда бекларининг Моварауннаҳрдаги тўхтовсиз босқинчилик юришлари, азобланган, хонавайрон бўлган, 150 йил давомида чет эл мулоҳазаронлигидан тинкаси қуриган мамлакатнинг, халқнинг мустақилликка эришиш талаби эди. Бу тарихий зарурият Темурда, унинг лашкарбошиларида равшан кўринди. Темур давлат арбоби сифатида маълум даражада бу эҳтиёжни, талабни, заруриятни ўзида акс эттирди, яъни Мованауннаҳрда мустақил марказий бирлашган давлат тузди, мамлакат эҳтиёжларига жавоб берди.
Do'stlaringiz bilan baham: |